Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 шаъбон | 2025 йил 18 февраль, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (169-дарс). Пайғамбар ҳам оддий инсон

16:50 / 07.02.2022 3672 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбар башардан бўлиши таъкидланди. Энди пайғамбар башар бўлганда ҳам, оддий башар эканини таъкидлаш лозим бўлади. Чунки баъзи тушунмаганлар пайғамбар башар бўлса ҳам, ғайри оддий башар бўлиши лозим, деган фикрга боришлари мумкин. Зотан, авваллари шундай бўлган ҳам. Аллоҳ таоло бу масалани Фурқон сурасида қуйидагича муолажа қилади:

«Бу не расулки, таом еб, бозорда юрадир?! Унга бир фаришта туширилса эди, у билан бирга огоҳлантирувчи бўлар эди. Ёки унга хазина ташланса ёхуд унинг боғи бўлса-ю, ундан еса», дейишди. Золимлар: «Сизлар фақат сеҳрланган кишига эргашяпсизлар, холос», дедилар» (7-8-оятлар).

Қадимдан одамларга ўзларига ўхшаган оддий инсоннинг пайғамбар бўлиши ғалати туюлиб келган. Уларнинг тасаввурларида, пайғамбар қандайдир бошқача ғайри оддий хусусиятларга эга бўлиши керак.

«Бу не расулки, таом еб, бозорда юрадир?!»

Пайғамбарлар оддий одамдирлар. Улар ҳам таом ейдилар, бозорга бориб, савдо-сотиқ қиладилар ва бошқа тирикчилик ишларини бажарадилар. Мушриклар бу ишларни ўзларича, камчилик, пайғамбарга тўғри келмайдиган иш, деб баҳолардилар. Уларнинг фикрича, пайғамбар ов-қат емаслиги, бозорда юрмаслиги ва инсонга оид бошқа ишларни қилмаслиги керак.

«Унга бир фаришта туширилса эди, у билан бирга огоҳлантирувчи бўлар эди».

Чунки кофирларнинг фикрича, Пайғамбар бўлишга одамдан кўра фаришта лойиқроқдир.

Лекин улар Аллоҳ таоло Одамни яратибоқ фаришталарни унга сажда қилишга буюрганини унутадилар. Яъни Аллоҳ ҳузурида одам фаришталардан устун эканини эсдан чиқарадилар.

Одамларга йўлбошчи бўлиш учун, уларга ўрнак бўлиш учун ўзларига ўхшаш одамдан пайғамбар бўлиши улкан ҳикматга молик эканини улар қаердан билсинлар?

Аллоҳ таоло юқоридаги даъволарга жавобан Фурқон сурасининг давомида қуйидагиларни айтади:

 

«Сендан олдин юборган расулларимиз ҳам, албатта, таом ер ва бозорларда юрар эдилар. Баъзиларингизни баъзиларингизга синов қилдик. Сабр қилармикансизлар?! Роббинг кўриб турувчидир» (20-оят).

Эй ҳабибим Муҳаммад, сен мушрикларнинг қилаётган бўҳтонларидан хафа бўлма. Уларнинг гаплари эътиборсиз. Жумладан, «Бу қандай пайғамбарки, таом ер ва бозорларда юрар», деган гаплари ҳам беҳуда.

«Сендан олдин юборган расулларимиз ҳам, албатта, таом ер ва бозорларда юрар эдилар».

Сенга ўхшаган таом еб, бозорларда юрадиган оддий башарни пайғамбар қилишимиз янгилик ёки ажабланадиган иш эмас. Қадимдан жорий қилинган иш. Бу ишга қарши чиққанлар сенга эмас, Аллоҳнинг жорий одатига қарши чиққан бўладилар. Биз шундай қилиб,

«Баъзиларингизни баъзиларингизга синов қилдик».

Оддий башардан пайғамбар юбориб, одамларни синовга учратдик, баъзилари синовдан ўта олмай, «Оддий башар ҳам пайғамбар бўладими?» деб йўлдан адашди. Уларнинг бу тасарруфлари эса иймонлилар учун синов бўлди. Қани,

«Сабр қилармикансизлар?!»

Мушрикларнинг инкорига чидаб, илоҳий даъват оддий башар воситаси ила тарқалишига сабр қила олармикансизлар?

«Роббинг кўриб турувчидир».

Роббинг ҳар бир нарсанинг зоҳиринигина эмас, ҳақиқатини ҳам кўрувчи Зотдир. Шунинг учун Ўзи билиб ҳикмат ила тасарруф қиладир. Бандаларнинг иши Аллоҳнинг тасарруфини муҳокама қилиш эмас, балки амрларини бажо келтиришдир.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Модомики ақл ҳис қилиш доирасидаги илм билан чегараланар экан, ўша доирадан ташқари олам ndash ғайбий оламнинг маълумотлари ҳақидаги илмни қандай қилиб оламиз, давоми...

6901 10:07 / 16.11.2018
Имом Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳи иймоннинг таърифида .Иймон ndash иқрор ва тасдиқдир,, дейдилар. Яъни иймон қалб билан тасдиқлаш ва тил билан иқрор бўлиб, нутқ давоми...

4817 15:30 / 30.07.2019
Савол Худо мавжуд бўлса, нега дунёда бегуноҳ инсонларга шунча зулм бўлмоқда Африка қитъаси давлатларида норасида гўдаклар нега очликдан ўлмоқдаЖавоб 1. Аллоҳ давоми...

3589 17:01 / 06.11.2018
Даъво ва фаразлар турлича бўлади. Уларни турига қараб, ҳар хил услублар ила текширилади. Агар даъво моддий нарсаларнинг хусусиятига оид бўлса, уни тажриба ўтказиш давоми...

4264 13:01 / 16.11.2020