1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Имом Жазулий роҳимаҳуллоҳ ким эдилар?

16:39 / 24 ноябрь 635 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баъзи ориф зотлар айтадилар: «Имом Жазулий бир неча жиҳатдан бошқалардан ажралиб, пешқадамликни қўлга киритган. Хусусан, у зотнинг «Далоилул хойрот» китоби ҳамма жойда ўқилади, у барча тилларда тарқалган ва ҳамма пайт топилади. Бу ҳолат ҳамма китобларда ҳам кузатилавермайди. Чунки биз Ислом оламида у қадар кенг машҳур бўлган бошқа китобни билмаймиз.

Жумҳур уламолар олти юз йил мобайнида унга меҳр қўйиб боғланиб қолишди. Шу билан бирга унинг муаллифи омма мусулмонлар кўз ўнгида унутилган эди. Аллоҳ таоло «Далоилул хойрот» китоби ва унинг муаллифи Жазулийга уни башарият саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратнинг тўққизинчи асрида таълиф қилган вақтларидан то ҳозиргача мусулмонлар қалбида барҳаёт бўлишини такдир қилди. У кишининг кенг тарқатган ишларидан бири шуки, кўпчилик унинг вирдларини ўқишни одат қилдилар. Булар Ислом оламининг турли ерларидаги зикр мажлислари ва масжидларда ҳамда уйларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга атаб айтиладиган салавотларнинг кўп турларини ўз ичига олади.

Имом Жазулий аслида ким?

Исмлари: Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Абу Бакр Жазулий Сумлолий Марокущий. Марокашнинг Сус минтақасида жойлашган Барбар қабилаларидан бири Жазула қабиласига нисбат берилган. Ҳожи Халифа «Кашфуз зунун» китобида у кишини Ҳасаний шариф саййидларидан мавлоно Идрис ибн Абдуллоҳ Комил ибн Ҳасан Мусанно ибн Ҳасан Сабт ибн саййида Фотиматуз Захро бинти саййидина ва ҳабибунал аъзам соллаллоҳу алайҳи васаллам зурриётларидан деб таърифлайди.

Туғилган ва вафот этган саналари:

У киши ҳижрий 807 санада туғилганлар. Вафотлари эса ҳижрий 870 санага тўғри келади. Қайси йилда вафот этганлари борасида ихтилофлар бор.

Ҳаётлари ва илм талабидаги йўллари

Имом Жазулий бошланғич илмларни киндик қони тўкилган шаҳарда ҳаётларининг навқирон пайтидаги қисқа фурсатларда ўргандилар. Бу эса оталарининг вафотидан кейин акалари билан Фас шаҳрига кўчиб ўтишларидан олдинги вақтга тўғри келади.

Фас шаҳрида «Соффорин» мадрасасига ўқишга кирдилар. Айтишларича, у киши яшаган хона бир неча аср давомида сақланиб қолган. У кишининг илм талабидаги сафарлари Фас шаҳридан ташқари мағрибдаги кўплаб юртларни ўз ичига олади. Буларга Марокаш, Талмасон ва Тунисни мисол қилиш мумкин.

Сўнгра фиқҳ, араб тили ва ҳисоб-китобни Марокашдаги Абу Аббос Ҳалфоний ва у кишининг укаси Абдулазиз қози ҳамда ўша асрнинг кўплаб шайхлари ҳузурида ўргандилар. Шунингдек, уламолардан кўплаб ҳадисларни эшитдилар. Ҳаётлари давомида Макка ва Мадинада дарс ўтиш ва фатво бериш учун бу илмларнинг барчасини эгалладилар.

У киши шаҳарларни кезиб, сафар қилгандан сўнг бир муддат узлат ва зуҳд йўлини танладилар. Эҳтимол, ўша узлат мобайнида «Далоилул хойрот» китобини таълиф этдилар. Сўнгра Осифий шаҳрига юзландилар. У ерда одамлар у кишига шогирд тушиб, атрофларига тўпланишди. Шу билан «Жазулийя» номли сўфийлик тариқатига асос солдилар.

Вақт ўтиши билан у кишининг атрофида тўпланиб, ноёб кароматларига кўп марта гувоҳ бўладиган эргашувчилари ва маҳлиё муридлари кўпайиб борди. Мана шу вақтда шаҳар ҳокими имомнинг таъсирлари кучайишидан қўрқиб, кўплаб ёрдамчилари билан шаҳардан чиқиб кетишни талаб қилади. Айтилишича, у зот ўзини шаҳардан чиқариб юборганларни дуоибад қилганлар. Кўп ўтмай шаҳар Португалия давлати босқинига учраб, мустамлака остида қирқ йил қолиб кетган.

Вирд ва вазифалари:

Саййид Муҳаммад Мозий Абул Азоим раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Салавотларни лозим тутиш ила яхшиликларга етишиш» китобида шундай деган:

«Имом Жазулийнинг кундузги вирдларидан бири «Бисмиллаҳ»ни ўн тўрт минг марта айтиш ва «Далоилул хойрот» китобини икки марта хатм қилиш эди. Тунги вирдлари эса «Далоилул хойрот»ни беш марта хатм қилиш ҳамда Қуръоннинг тўртдан бир қисмини ўқиш бўлган”.

«Далоилул хойрот» китоби ҳақида

У зот «Далоилул хойрот» муқаддимасида шундай дейдилар: «Бу китобни таълиф қилишдан мақсад, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ва унинг фазилатларини эслатиш бўлиб, ўқувчига уни ёдлаб олиш осон бўлиши учун санадларини зикр қилмасдан келтирамиз. Бу эса оламларнинг Раббисига яқин бўлишни истаганлар учун ўта аҳамиятли ишлардандир».

Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишнинг фазилати ҳақидаги оятлар, ҳадислар, саҳоба ва тобеъинлар ривоятлари ҳамда амал қилувчи уламо, мужтаҳид, солиҳ ва орифларнинг сўзлари келтирилади.

Китобда Аллоҳнинг гўзал исмлари, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмлари, дуо ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишлаб айтилган салавотларнинг кўплаб кўринишлари келтирилади. Уни ҳафта давомида ўқиб юриш учун ҳизб ва вирдларга ажратганлар.

Бу ҳақда айтилган шеърлар:

Нафсинг ҳукмин ўтказиб,

Шаҳват сари етаклаб борса,

Сен уни «Далоилул хойрот»га буриб,

Салавот сари йўлла.

«Далоилул хойрот»ни сен маҳкам ушла,

Қироатини лозим тут, етарсан муродга,

Нурлар ёғдуси келур у билан бирга,

Уни тарк этиш сенга асло ярашмас.

«Далоилул хойрот» китобининг таълиф қилиниш сабаби

Имом Набиҳоний «Жамиъу кароматил авлиё»да бу китобнинг таълиф қилиниш сабабини шундай келтирадилар:

«Намоз вақти бўлиб қолди. Ҳазрати Жазулий таҳорат олиш учун турдилар, лекин қудуқдан сув чиқариб олиш учун бирор нарса топа олмай қолдилар. У зот шундай турганларида кичик бир қизалоқ баланд жойдан қараб: «Сиз кимсиз?» деб сўради. Ҳазрат ўзларини таништиргандилар, қизалоқ: «Сиз ўша ҳамма мақтайдиган киши бўлатуриб битта қудуқдан сувни қандай чиқаришни билмай турибсизми?», деди. Сўнг қудуққа тупурган эди, унинг суви ер юзасига тошиб чиқди. Шайх таҳорат олиб бўлгач: «Худо ҳаққи! Бу мартабага қандай етишганингни айт», деб сўрадилар. Қизалоқ: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтиш орқали», деб жавоб берди. Шунда ҳазрат Жазулий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишланган салавотдан иборат бир китоб ёзишга қасам ичдилар».

Ҳазрат Жазулийнинг ихлослари, китобларининг машҳур бўлиши ва бошқаларидан ажралиб туришининг асосий сабаби

Ажиб ҳолат шуки, кўплаб муаллифлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш борасида китоб ёзганлар. Бу ҳол ҳозирги замонимизга қадар давом этиб келмокда. Шу билан бирга бу китоблардан бирортаси «Далоилул хойрот» каби машҳур ва инсонлар қалбидан жой олиш насиб қилмади. Бу ҳақда Забидий «Иҳёу улумиддин» китобига ёзган «Итҳафу саадатил муттақийн» номли шарҳларида шундай деганлар: «Ҳатто форслардан бири китоб ёзиб, уни имом Жазулий китобларига ёндашган ҳолда «Далоилул хойрот» деб номласа ҳам, унга кенг тарқалиш ва қабул бўлиш насиб этмади. Бу эса у зотнинг Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган ихлослари, боғланишлари, ҳурматлари ва улуғлашларининг барокотидандир.

«Кашфуз зунун» соҳиби Ҳожи Халифа: «Одамлар у китобни ўқишга машриқу мағрибда давомли бўлмоқдалар. Хусусан, Рум диёри бўлган Туркияда ҳам», деб айтган. Бу эса ҳозирги кунда кўзимиз билан кўриб, тасдиқлашимиз мумкин бўлган ҳақиқатдир.

Шунга қарамай, баъзи фирқалар бу китобга қарши курашиб келмоқдалар. Баъзи шайхлар ва ўзини аҳли илм деб даъво қилувчилар «бу китобни ўқиш макруҳ» деб фатво берадилар. Баъзилари эса уни жўр бўлиб ўқиш ҳаром деб айтадилар. Унга қарши бир нечта сабабларни келтирадиларки, улардан бири бу китобда заиф ёки тўқима ҳадислар танлангани, бошқа сабаб эса, ўзларининг тасаввурларидаги соф исломий ақидасига мос келмайдиган ишларни ўз ичига олгани деб билишларидир.

Бу гапларнинг барчаси «Далоилул хойрот» китобига шарҳ ёзган уламолар баён қилганларидек рад қилинади. Рад қилганларнинг аввалида имомларнинг саййиди Муҳаммад Маҳдий Фасий бўлиб, у киши «Матолиул мусиррот бижилаи Далоилул хойрот» китобида тўхталиб ўтганлар.

Аллома, доктор Ҳасан Шофеъий «Ҳаятий фий ҳикаятий» номли китобларининг 245 саҳифасида қуйидагиларни келтирадилар: «Мен «Далоилул хойрот» китобини ўқиганимда, тахминан китобнинг учдан икки қисми суннатда ва шаръий манбаларда ворид бўлган дуолар эканига гувоҳ бўлдим. Мисрда тасаввуфдан ташқарида бўлганлар оммасининг фикри бунга зиддир».

Шаҳид бўлишлари: Ҳақ таборак ва таоло имом Жазулийнинг ҳаётлари пайғамбарлар ва сиддиқлардан кейинги энг олий мақомда хотима топишини хоҳлади. У зот солиҳ шаҳидлар қаторидан жой олдилар. Бомдод намозида иккинчи ракатнинг биринчи саждасини адо қилиб турганларида у зотга суиқасд қилинди. Бу вокеа «Африғол» номи билан машҳур бўлган жойда саккиз юз етмишинчи ҳижрий йил, ўн олтинчи рабиул аввал ойида содир бўлди. У киши пешин намозидан сўнг ўша жойга дафн қилиндилар.

У зотнинг кароматлари

Шаҳид бўлганларидан етмиш етти йил ўтиб, у зотнинг жасадлари Сус шаҳридаги қабрларидан Марокашга кўчирилди. Узоқ вақт ўтишига қарамай, муборак жасадлари чиримаган, соч-соқоллари ўсган, худди дафн қилинган кунларидагидек эди. У зотдан мушки анбар ҳиди таралиб турарди. Буни у жойда ҳозир бўлиб турган ҳамма ҳис қилган. Буларнинг барчаси фақатгина у зотнинг ихлослари ва пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган салавотларининг баракотидандир.

Sуйидаги мисра муаллифи айни ҳақиқатни ёритган: «Аҳмад соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли жасад, Аллоҳга қасам, албатта, ер уни асло чиритмайди».

Аллоҳ имом Жазулийнинг «Далоилул хойрот» китоби эвазига яхшилик билан мукофотласин. Бу китобни таълиф қилиш ортида саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган холис муҳаббат ётади. Шунга кўра, у зот мусулмонларнинг нигоҳини Аллоҳ таолонинг «Албатта, Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам Пайғамбарга дуо-ю салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга салавот ва салом айтинглар!» , оятига эргашган ҳолда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш фазилатига қаратдилар.

«Далоилул хойрот» китоби асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2025 йил 13 февралдаги 03-07/1003-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шамсиддин қори Абдураҳим Саркор ўғли 1894 йил собиқ Наманган тумани Ғирвон қишлоғида дунёга келди. Бобоси мулла Холмат, калон бобоси эса мулла Маърайимдир. Бу икки давоми...

2484 11:39 / 28.02.2024
Буюк ватандошимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини нафақат Марказий Осиё давлатлари мусулмонлари, айни пайтда бутун Ислом олами юксак эҳтиром давоми...

3255 13:32 / 18.04.2022
Аҳмад ҳожи Муҳаммад Турсун Турсунов Аҳмад Мамажонович 1949 йили Наманган шаҳрида туғилган. 1979 йили Наманган давлат университетини тамомлаган.1967 йилдан буён давоми...

2943 12:07 / 19.05.2021
Аввалроқ шайх Ёрқинжон домла раҳимаҳуллоҳ ҳақларида мақолалар чиқарган эдик. Орада бир муддат узилиш бўлиб қолди. Ўзимиздаги маълумотларни тартиблаб яна давом давоми...

5626 11:04 / 17.09.2024
Аудиолар

210982 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

10429 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130241 14:35 / 11.08.2021