1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Бошқаларнинг саодатли бўлиши сиз учун бахтсизлик эмас

13:46 / 24 ноябрь 1227 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга деди:

- Мен бир кишининг олдидан келяпман, у одамларга Қуръонни ёддан айтиб туриб ёздиряпти! Умар розияллоҳу анҳу ғазабга миндилар. У кишига дедилар:

- Ҳой, нима деяётганингни биласанми?

- Мен ҳақ гапни айтяпман!

- Ким экан ўша кимса?

- Абдуллоҳ ибн Масъуд!

Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу дедилар:

Бунга ундан кўра ҳақлироқ кишини билмайман. Бу ҳақда сенга айтиб бераман. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ишлари билан Абу Бакрнинг уйида тунаб қолдик. Сўнгра у ердан чиқдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр билан менинг ўртамизда эдилар. Масжидга етиб борганимизда бир киши Қуръон ўқиётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўхтаб унга қулоқ солиб турдилар. Мен у кишига: «Эй Аллоҳнинг Расули! Кеч бўлди, юрайлик», дедим. Аллоҳнинг Расули менга «жим бўл» дегандек ишора қилдилар. Қуръон ўқиётган киши рукуъ қилди, сажда қилди. Сўнг ўтириб дуо қилиб, истиғфор айта бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сўра, сенга берилади», деб турдилар. Кейин бизга айтдилар: «Ким Куръонни янги нозил бўлганидек ўқимоқчи бўлса, Ибн Умми Абднинг қироати каби ўқисин!». Мен ҳам, Абу Бакр ҳам ана шунда унинг Абдуллоҳ ибн Масъуд эканини билдик! Эртаси тонг отгач, Ибн Масъудга кечаги хушхабарни етказиш учун шошилдим. Унинг олдига бориб, бўлиб ўтган воқеани айтсам, у менга: «Сендан олдин Абу Бакр келиб, айтиб кетди», деди. Бирор-бир яхшиликда Абу Бакрдан ўза олмадим!

Бу хикоя саҳобалар бир-бирларига яхшиликни қанчалар исташганига далолат қилади. Улардан бири бирор соҳада барчадан ўзиб кетса шодланарди. Улар бир-бири билан рақобат қилишмас, аксинча, бир-бирларини тўлдиришар эди. Асло ҳасад, рашк қилишмасди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан бирини мақтасалар, бошқаларининг қалби сиқилмас эди. Яхшиликни ўзларига исташгани каби бошқаларга ҳам исташарди. Уларнинг кўкслари саломат, қалблари покиза эди. Шунинг учун ҳам Абу Бакр билан Умар розияллоҳу анҳумо Ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга яхши хабарни етказишда шошилишяпти!

Бошқаларнинг муваффақиятга эришиши сизнинг муваффақиятсизлигингиз эмас.

Бошқаларнинг бой бўлиши сизнинг фақирлигингиз эмас.

Бошқаларнинг саодатли бўлиши сиз учун бахтсизлик эмас.

Қалбингизни покланг. Уни яхшиликка, кишиларга муҳаббат қилишга ўргатинг. Кишиларнинг хурсандчилигидан шодланишга қалбингизни одатлантиринг. Уларнинг хафалигидан маҳзун бўлишга ҳам одатлантиринг. Жаннатга олиб борадиган энг қисқа йўл қалб саломатлигидир!

Яхшилик элчиси бўлинг. Сулаймон алайҳиссаломнинг Ҳудҳуди каби саҳиҳ хабарни етказувчи бўлинг. Нуҳ алайҳиссаломнинг кабутари каби тўфоннинг тугагани ҳақидаги хурсандчилик хабарини беринг!

Инсонлар орасида яхшилик билан юринг. Бир инсоннинг орқасидан айтилган хуш сўзларни бошқаларга етказинг. Ёмон гапларни эса яширинг. Инсонлар орасида чақимчилик қилманг. Акс ҳолда, иблиснинг элчиси бўлиб қоласиз.

Бир киши Ваҳб ибн Мунаббиҳ роҳимаҳуллоҳнинг ҳузурига келиб деди:

- Фалончи сизни сўкиб ҳақоратлади!

Ваҳб деди:

- Шайтон сендан бошқа элчи топмадими?!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Тавротда Муҳаммад ва Ийсо ибн Марям соллаллоҳу алайҳимо васалламларнинг сифатлари, давоми...

2134 10:44 / 27 февраль
Неъматга шукр қилиш мусулмон одам сифатланиши лозим бўлган энг улуғ ва гўзал ахлоқий сифатлардан биридир. Шукр эзгулик улашган кишига чиройли мақтов ва яхшилик давоми...

3548 11:00 / 04.05.2023
Ишларимизни режалаштирар эканмиз, режага киритилаётган ишлар фақат шу дунёнинг ўзи билангина чегараланиб қолмасин.Режани каттароқ ва кенгроқ олишимиз лозим. давоми...

2994 11:30 / 19.03.2022
Қуръон бу дунё ҳаётини кишиларнинг .имтиҳон жойи, деб таърифлайди. Бу дунё ҳаёти охират саодатига эришиш учун воситадир. Ҳаётнинг барча соҳаси, оилавий шароит, давоми...

5942 15:02 / 03.11.2018