
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қарзини сўраб келди. Ҳатто Оламлар сарварига қўпол гапирди: «Агар қарзимни бермасанг, сени машаққатга соламан!», деб пўписа ҳам қилди.
Саҳобалар унга танбеҳ беришди:
- Ҳолингга вой бўлсин! Кимга гапираётганингни биласанми?!
- Мен ҳаққимни талаб қиляпман!
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга дедилар:
- Сизлар ҳақдор билан бирга бўлмайсизларми?! Сўнгра Хавла бинт Қайсникига одам юбориб, ундан қарз сўрадилар:
- Агар сенда хурмо бўлса, бизнинг хурмомиз келгунича қарз бериб турсанг. Биз сенга кейин тўлаймиз!
Хавла бинт Қайс:
- Ота-онам сизга фидо бўлсин! Албатта, бераман! - деди.
Хавла бинт Қайс кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хурмо қарз берди. Набий алайҳиссалом хурмони аъробийга тутқаздилар ва меҳмон сифатида унга таом ҳам бердилар. Шунда аъробий деди:
- Вафо қилдингиз (қарзингни тўладингиз), Аллоҳ ҳам сизга вафо қилсин!
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Улар (яъни, инсонларга ҳақларини берадиганлар) инсонларнинг яхшисидирлар! Заифлари (кучлиларидан) ҳаққини бемалол ололмайдиган халқ юксалмайди!
Дунё бир хил турмас экан. У ҳеч кимга вафо қилмаган. Бир куни қийинчилик, бир куни енгиллик. Бир куни соғлик, бир куни носоғлик. Бир куни саодат, бир кун машаққат.
Дунё Аллоҳнинг изни ила бизга тўсатдан ҳужум қилиб туришини тўхтатмайди. Инсон бир нарсани ўйлайди, Аллоҳ эса бошқасини ирода қилади! Гоҳида инсон мажбурликдан қарз олади. Бошқага муҳтож бўлиб қолади. Ким мусулмоннинг дунёдаги бир ғамини кетказса, Аллоҳ унинг охиратдаги бир ғамини кетказади. Қарздор ҳам қарз берганга яхшилик билан муомалада бўлиши лозим. Унга ёрдам қўлини чўзганининг ўзи катта гап эди. Қарзни тўлаш вақти келганида уни чўзмаслиги керак. Агар тўлашга имкони бўлмаса, ўзини билмасликка солмасдан қарз берганга бунинг хабарини бериши, ундан яна муҳлат сўраши керак бўлади!
Набий алайҳиссаломнинг ваъдага хилоф қилиш эҳтимоллари йўқ эди. Аъробий бошига тушган ҳожат сабабли тўлаш вақтидан илгари қарзини сўраб келди. Келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қўпол гапирди. Дағаллик билан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга гапириб бўлмайдиган одобсиз оҳангда гапирди. Аммо саҳобалар аъробийни қўполлиги учун койишганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қайтардилар. Чунки муомаланинг ёмонлиги унинг ҳақ эгаси эканини бекор қилмайди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига ҳақдор билан туришлари лозимлигини уқтирдилар!
Биз шуни яхши англашимиз лозимки, ҳақдор гоҳида ўз ҳаққини қўполлик билан ҳам талаб қилиши мумкин. Гоҳида қарз берган киши қаттиқ гапириши мумкин. Гоҳида мазлума аёл шикоятини янада кўпайтириши мумкин. Ҳаққи ейилган ишчи бошлиғини бадном қилиши ҳам мумкин. Бу услублар уларнинг ҳаққини бекор қилиб қўймайди. Қўлидан келадиганлар уларга ҳаққини олиб беришлари керак. Ана шундан кейин унга ҳаққини чиройли йўл билан талаб қилишни ўргатиб, насиҳат қилсак бўлади. Аммо ҳақдор инсонга ҳаққини олишида ёрдам бермасдан туриб, унга маданий тарбия ҳақида гапирсак, бу иш ортиқча идеалликдир!
Бир кишининг ҳаққини талаб қилишдаги ёмон услуби учун ҳаққини еб кетиш мумкин эмас, бу нарсанинг исломга алоқаси йўқ!
Биз олганимизни беришдан сўраламиз, ҳақдорларни тарбия қилмаганимиз ҳақида эмас!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.