1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат

Таомланиш ҳақида набавий тавсия

15:17 / 13.06.2025 1333 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عُمَرَ بْنِ أَبِي سَلَمَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنْتُ غُلَامًا فِي حَجْرِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، وَكَانَتْ يَدِي تَطِيشُ فِي الصَّحْفَةِ، فَقَالَ لِي النَّبِيُّ r: يَا غُلَامُ، سَمِّ اللهَ، وَكُلْ بِيَمِينِكَ، وَكُلْ مِمَّا يَلِيكَ، فَمَا زَالَتْ تِلْكَ طِعْمَتِي بَعْدُ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғидаги бола эдим. Қўлим товоқда бориб-келар эди. Бас, у зот менга:

«Эй ғулом! «Бисмиллаҳ» дегин, ўнг қўлинг билан егин, ўз олдингдан егин!» дедилар. Шундан сўнг ейишим шундай бўлди».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийси Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўгай ўғиллари бўлган. У Умму Салама онамизнинг аввалги эрлари – Абу Саламанинг ўғиллари бўлганлар. У кишининг оталари вафот этгач, оналари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиққанларидан кейин у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоқларида ўсганлар. Бу ҳақда у кишининг ўзлари:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғидаги бола эдим», демоқдалар.

Албатта, улар турмуш тақозоси билан бир уйда яшаганларидан кейин бир дастурхонда овқатланганлар ҳам. Ўшанда ёш бола бўлган Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳунинг қўллари таомнинг яхшисини, кўпроғини излаб, идишнинг ҳамма томонига бориб-келган экан.

«Қўлим товоқда бориб-келар эди».

Бу ҳолни кўрган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга таом тановул қилиш ҳақида таълим бердилар:

«Эй ғулом! «Бисмиллаҳ» дегин, ўнг қўлинг билан егин, ўз олдингдан егин!» дедилар».

Демак, исломий одоб бўйича таом ейишни бошлаганда «Бисмиллаҳ»ни айтиш ва таомни ўнг қўл билан ейиш керак. Ҳар ким ўз олдидан емоғи лозим.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапларини Умар ибн Абу Салама жон деб қабул қилдилар ва унга умр бўйи оғишмай, амал қилдилар. Бу ҳақда ўзлари:

«Шундан сўнг ейишим шундай бўлди», дейдилар.

Худди шу набавий тавсия барча мусулмонларга ҳам таълим бўлди. Ҳамма мусулмонлар таомни худди шундай ейдиган бўлдилар.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Катталар ёш болаларга таом тановул қилиш ва шунга ўхшаш ишларда исломий одобларни ўргатиб боришлари зарурлиги.

2. Таом тановул қилишни «Бисмиллаҳ»ни айтиб бошлаш зарурлиги.

3. Таомни ўнг қўл билан ейиш кераклиги.

Чунки чап қўл тозаланишга ишлатилади. Афсуски, кўпчилик, ҳатто кап-катта одамлар ҳам бу нарсани билмайдилар. Баъзида жуда ноқулай ҳолатларга тушиб қолинади.

4. Таомни ҳар ким ўз олдидан ейиши кераклиги.

5. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан етган ҳар бир ҳукмни мусулмон одам ўзи учун қонун-қоида қилиб олиши лозимлиги.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 16-жуз

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 17 июндаги 03-07/3903- рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Таомнинг баракаси ундан олдин икки қўлни ювишдир ва ундан кейин икки давоми...

6375 10:31 / 27.11.2018
Биз мўмин мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиммамиздаги ҳақларини танишимиз ва у орқали келадиган яхшиликлардан бохабар бўлашимиз У давоми...

2695 17:00 / 28.06.2022
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бир одам йўлда юриб кетаётиб, тиканли шохни кўриб қолибди ва уни йўлдан олиб давоми...

2722 19:00 / 19.12.2021
. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Таомнинг энг ёмони келган одам ман қилиниб, бош тортган одам давоми...

1440 17:06 / 25.01.2025