1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишнинг ўнта фазилати

17:00 / 28.06.2022 1663 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биз мўмин мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиммамиздаги ҳақларини танишимиз ва у орқали келадиган яхшиликлардан бохабар бўлашимиз У кишига эргашиш ва итоат қилиш энг муҳим ишлардан ҳамда зарур вожиблардан эканини англашимиз лозим. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишнинг қуйидаги фазилатларини келтириб ўтамиз.

1. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш Аллоҳ таолога итоат қилишдир. Бунга далил:

«Қайси бир расулни юборган бўлсак, Аллоҳнинг изни ила фақат итоат қилиниши учун юборганмиз. Агар улар ўзларига зулм қилган чоғларида ҳузурингга келиб, Аллоҳдан мағфират сўраганларида ва Расул ҳам улар учун мағфират сўраганида эди, албатта, Аллоҳнинг тавбани кўплаб қабул қилувчи, ўта меҳрибон эканини топар эдилар». (Нисо сураси, 64-оят)

«Ким Расулга итоат қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга итоат қилибди. Ким юз ўгирса, сени уларга қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ». (Нисо сураси, 80-оят)

2. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш, иймон рукнларидандир. Бунга далил:

«Йўқ, Роббингга қасамки, ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга сени ҳакам қилмагунларича, кейин чиқарган ҳукмингга нафсларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар!» (Нисо сураси, 65-оят)

3. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш, ҳидоят топишга сабабдир. Бунга далил:

«Сен: «Аллоҳга итоат қилинг ва Расулга итоат қилинг! Бас, агар юз ўгириб кетсангиз, унинг зиммасида ўзига юклатилган нарса, сизнинг зиммангизда ўзингизга юклатилган нарса. Агар унга итоат қилсангиз, ҳидоят топурсиз. Расулнинг зиммасида очиқ-ойдин етказишдан бошқа нарса йўқ», – деб айт». (Нур сураси, 54-оят).

4. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш, Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлишга сабаб бўлади. Бунга далил:

«Аллоҳга ва Расулига итоат этинг. Шоядки, раҳм қилинсангиз» (Оли Имрон сураси, 132-оят).

5. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш, итоат қилувчининг Набийлар, Сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга бўлишига сабаб бўлади. Бунга далил:

«Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъматлантирган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва улар қандай ҳам яхши рафиқлардир!»

«Бу Аллоҳдан бўлган фазлдир ва ўта билувчиликда Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур» (Нисо сураси, 69-70 оятлар).

6. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш, банданинг дунё ва охиратда муваффақиятга эришишига ва жаннатга киришига сабаб бўлади. Бунга далил:

«Ана ўшалар Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этса, У Зот уни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатга мангу қолувчи бўлган ҳолида киритадир. Ана ўша буюк ютуқдир» (Нисо сураси, 13-оят)

«Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этса ҳамда Аллоҳдан қўрқиб, Унга тақво қилса, бас, ана ўшалар – ўзлари ютуққа эришувчилардир» (Нур сураси, 52-оят).

7. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, банданинг Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлишига ва Аллоҳ ўша бандасини яхши кўришига сабаб бўлади. Бунга далил:

«Агар Аллоҳни севсангиз, бас, менга эргашинг, Аллоҳ сизни севадир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир», – деб айт» (Оли Имрон сураси, 31-оят).

8. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, банданинг гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўлади. Бунга далил:

«Агар Аллоҳни севсангиз, бас, менга эргашинг, Аллоҳ сизни севадир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир», – деб айт» (Оли Имрон сураси, 31-оят).

9. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, банданинг ҳидоятга эришишига сабаб бўлади. Бунга далил:

«Сен: «Эй одамлар! Албатта, мен сизларнинг барчангизга осмонлару ернинг подшоҳлиги Уники бўлган Аллоҳнинг Расулидирман. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У тирилтиради ва ўлдиради. Бас, Аллоҳга ҳамда Унинг Расули – Аллоҳга ва Унинг калималарига иймон келтирадиган уммий Набийга иймон келтиринг. Ва унга эргашинг, шоядки, ҳидоят топсангиз», – деб айт» (Аъроф сураси, 158-оят).

10. Қуръон ва суннатни маҳкам ушлашнинг зарурлиги, лозимлиги ҳақида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Ҳатто уламолар ўз асарларида ушбу мавзуда алоҳида китоблар таълиф қилганлар. Мазкур ҳадислар итоатнинг вожиблигини баён қилиш билан бирга итоат қилмаган кимсаларнинг афсус надомат қилиши ва ҳалок бўлишини ҳам баён қилади. Бу мавзуда ворид бўлган ҳадисларидан баъзиларини келтириб ўтамиз:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бош тортганлардан ташқари умматимнинг ҳаммаси жаннатга киради?», дедилар. Шунда саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, бош тортганлар кимлар?» деб сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга итоат қилса, жаннатга киради. Ким менга осий бўлса, бош тортган бўлади», дедилар.

(Имом Бухорий ривояти).

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, менинг ва Аллоҳ мени унга юборган нарсанинг мисоли, ўз қавмига келиб: «Эй қавмим, мен келаётган аскарни икки кўзим билан кўрдим. Албатта, мен яланғоч огоҳлантирувчиман. Бас, нажот изланглар», деган одамга ўхшайди. Бас, қавмидан бир тоифаси унга итоат қилдилар. Тезда юриб, ўз муҳлатларида жўнаб қолдилар. Улардан бир тоифаси эса, ишонмадилар. Ўз жойларида қолдилар. Бас, аскар уларни тонг чоғида босиб, ҳалок қилди, таг-туглари билан қириб юборди. Ана ўша менга итоат қилган ва мен келтирган нарсага эргашган кимса билан, менга осий бўлиб, мен келтирган ҳақни ёлғонга чиқарган кимсанинг мисолидир», дедилар».

(Имом Бухорий ривояти).

Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга менинг суннатимни ва ҳидоятга солинган рошид халифалар суннатини тутиш лозимдир, унга тиш-тирноқлар билан ёпишинглар», дедилар».

Абу Довуд, Доримий, Термизий, Ибн Можа ва Ибн Ҳанбал ривоят қилишган.

Юқоридаги оят-ҳадислардан кўрини турибдики, иймоним комил бўлсин, тўғри йўлда юрай, гуноҳларим кечирилсин, Аллоҳнинг муҳаббатига эришай, дунё ва охиратда нажот топай, аҳли жаннатлардан бўлай деган ҳар бир мусулмон Аллоҳга ва Унинг Расулига ихлосу муҳаббат билан итоат қилмоғи лозим ва лобуддир.

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Муҳаррир Хуршид Маъруф

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким вазифасидан ёки унинг баъзисидан ухлаб қолсаю, уни Бомдод давоми...

623 14:14 / 02 январь
. .Абу Ҳумайд ёки Абу Усайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Қачон бирортангиз масжидга кирса, Набий давоми...

2172 15:00 / 02.05.2021
. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз масжидидаги намозни битирса, уйи учун ҳам ўз намозидан давоми...

414 11:50 / 24.12.2023
. ,. . ,. . . Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Биз мўъжизаларни барака деб ҳисоблар эдик. Сизлар уларни қўрқитиш давоми...

1185 14:00 / 30.11.2023