1445 йил 10 зулқаъда | 2024 йил 18 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Жамал воқеаси

10:40 / 29 апрель 2925 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазрати Алий билан Оиша онамиз бошлиқ икки мусулмон тараф ярашиб бўлган бўлса-да, фитначилар иғво қилиб, кечаси ўртада яна уруш чиқаришди. Одамлар орасида уруш чиқиб кетгач, Басранинг қозиси Каъб ибн Сур Оиша онамизнинг олдиларига бориб, «Одамлар урушиб кетишди. Сиз орага тушсангиз, тўхтасалар ажаб эмас», деди. Оиша онамизнинг ҳавдажларига ўқ ўтмайдиган қилиб тўсиқ ясалди. Оиша онамиз одамларни тинчлантириш ниятида йўлга чиқдилар. Икки бошлиғи жанг майдонини ташлаб кетганидан кейин енгилган басраликлар қайтиб кетаётиб, Оиша онамизга дуч келишди, сўнг у кишини ҳимоя қилиш учун атрофларини ўраб олишди. Уруш тўхташидан қўрққан фитначилар эса Оиша онамизни кўриб, қулай фурсат келганини билиб, бузуқ ниятларини амалга оширишга киришиб кетишди.

Фитначилар Оиша онамизга ҳужум бошлашди. Кўрганлар уларни Алийнинг одамлари деб ўйлар эди. Нариги тараф Оиша онамиз ҳавдажда ўтирган туяни ўзларига нишон қилиб олган эди. Жанг асосан ўша туянинг атрофида борар эди. Араблар туяни жамал дейишади. Шунинг учун бу воқеа Жамал воқеаси, Жамал уруши деб аталади. Китобимизда бу уруш ҳақида ҳам иккита ривоят келтирилган бўлиб, уларни қўлдан келганича шарҳлашга ўтамиз.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ زِيَادٍ الْأَسَدِيِّ قَالَ: لَمَّا سَارَ طَلْحَةُ وَالزُّبَيْرُ وَعَائِشَةُ إِلَى الْبَصْرَةِ بَعَثَ عَلِيٌّ عَمَّارَ بْنَ يَاسِرٍ وَحَسَنَ بْنَ عَلِيٍّ إِلَي الْكُوفَةِ يَسْتَنْفِرَانِ النَّاسَ فَصَعِدَا الْحَسَنُ فَوْقَ الْمِنْبَرِ فِي أَعْلَاهُ وَقَامَ عَمَّارٌ أَسْفَلَ مِنَ الْحَسَنِ فَاجْتَمَعْنَا فَسَمِعْتُ عَمَّارًا يَقُولُ: إِنَّ عَائِشَةَ قَدْ سَارَتْ إِلَى الْبَصْرَةِ وَوَاللهِ إِنَّهَا لَزَوْجَةُ نَبِيِّكُمْ فِي الدُّنْيَا وَاْلآخِرَةِ وَلَكِنَّ اللهَ ابْتَلَاكُمْ بِهَا لِيَعْلَمَ إِيَّاهُ تُطِيعُونَ أَمْ هِيَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абдуллоҳ ибн Зиёд ал-Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Толҳа, Зубайр ва Оиша Басра томон юрганларида Алий розияллоҳу анҳу Аммор ибн Ёсир билан Ҳасан ибн Алийни одамлардан сафарбар бўлишни илтимос қилиш учун Кўфага юборди. Ҳасан минбарнинг устига, энг юқорисига чиқди. Аммор Ҳасандан пастроқда турди. Икковлари жам бўлдилар. Мен Амморнинг «Оиша Басра томон юрди. Аллоҳга қасамки, у – дунё ва охиратда Набиййингизнинг жуфти ҳалолидир. Лекин Аллоҳ у туфайли сизларни У Зотга итоат қиласизларми ёки унгами, шуни синамоқда», деганини эшитдим».

Бухорий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Фитначилар ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуни ўлдиргач, кўпчилик мусулмонлар халифа сифатида ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга байъат қилдилар. Аммо Бану Умайя бошчилигидаги ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг тарафдорлари «У зотни ўлдирганлар жазоланмагунча ҳеч кимга байъат қилмаймиз», дейишди. Орада ихтилоф чиқди. Одамлар иккига бўлиниб қолди. Катта саҳобийлардан Толҳа ибн Убайдуллоҳ билан Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳумолар ҳам ҳазрати Алийга қарши тарафга ўтдилар. Кейинчалик Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳам уларга қўшилдилар.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Шомга бориб, тушунмовчиликни ўз ўрнида ҳал қилишга тайёргарлик кўриб турганларида кутилмаган бошқа хабар келиб қолди. Унда айтилишича, Зубайр ибн Аввом, Толҳа ибн Убайдуллоҳ ва Оиша онамиз розияллоҳу анҳумолар бошлиқ кўпчилик маккаликлар Басрага қараб келаётган эдилар.

Бу хабар ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни аввалгисидан ҳам қаттиқроқ ташвишга солди. У киши Шомни қўйиб, бу гуруҳга ҳақиқатни тушунтириш лозимлигини англаб, улар томон юришга қарор қилдилар.

Аслини олганда Зубайр ибн Аввом ва Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳумолар ва улар каби яна бир қанча саҳобалар «Усмон розияллоҳу анҳунинг қотилларидан тезроқ ўч олиш керак. Бўлмаса иш жиддийлашиб, фитна кучайиб кетади», деган фикрда эдилар. Бу фикрларини ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга айтиб, ўз хизматларини – Кўфа ва Басрадан лашкар олиб келишлари мумкинлигини таклиф қилганларида у киши шошилмаслик кераклигини, бу ишни пухта тайёргарликдан кейин амалга ошириш зарурлигини айтган эдилар.

Шунга қарамай, икки тараф ҳам: шошилиш тарафдорлари ҳам, шошилмаслик тарафдорлари ҳам масалани ўзларича ҳал қилишга киришиб кетдилар. Икки томон ҳам ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг қасосини олишда ўзлари тутган йўлни тўғри деб билар эди. Ана шу қасос олишни тезлатиш тарафдорлари Басра аҳлига масалани англатиб, қотилларни жазолашда улардан ёрдам сўраш учун йўлга чиққан эдилар.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу шу билан бирга қўшимча чоралар кўриб, ўғиллари Имом Ҳасан ва буюк саҳобий Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳумоларни ўша пайтдаги катта марказлардан бири бўлган Кўфа шаҳрига юбориб, одамларни ўзларига қўшилишга чақиришни топширган эдилар. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг вакиллари Оиша онамизнинг ҳурматларини жойига қўйган ҳолда у киши қилаётган иш тўғри эмаслигини одамларга тушунтирдилар.

Ушбу икки ривоятда ишораси келаётган ҳодисаларнинг тафсилоти «Ҳадис ва Ҳаёт» туркумининг ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга бағишланган йигирма иккинчи жузида ҳамда «Нубувват хонадони хонимлари» номли йигирма бешинчи жузнинг Оиша онамиз розияллоҳу анҳога бағишланган қисмида баён қилинган.

«Фитналар ва Қиёмат аломатлари» китобидан

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Эй Одам фарзандиҚўлингни кўкрагинг устига қўй. Ниманики ўзинг учун яхши кўрсанг, ўзингдан бошқаси учун ҳам уни яхши кўр.Эй Одам фарзандиТанинг заиф, тилинг енгил, давоми...

2556 09:05 / 31.03.2022
Исломда мусулмон кишининг ўзи тўғри йўлдан юриб, зарарли нарсалардан четда туриб, фақат ўзиниўзи тузатиш билан овора бўлиб қолишига .яхшилик, деб қаралмайди. давоми...

3064 16:00 / 09.06.2021
Суратдаги мисрлик болакайнинг исми Зиёд Муҳаммад. У ҳозирда ўн уч ёшда. Зиёд қўлсиз ва оёқсиз ҳолда туғилган. Чақалоқлигида отаонаси унинг аъзолари кейинчалик давоми...

2248 12:17 / 19.12.2022
Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Қуръонни ўқиб, сўнг уни унутиб юборса, қиёмат куни Аллоҳ таолога қўли кесик давоми...

1472 11:00 / 19.08.2023