1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Инсонни тириклигида қадрлаш

13:14 / 18 сентябрь 1038 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кўпчилик жамиятлар қатори бизда ҳам улуғ инсонни вафот этганидан кейингина иззат-ҳурматлаш, кўтар-кўтар қилиб, табарруклаш одат бўлиб қолганга ўхшайди. Жуда кўп олимларимиз, яхши инсонларимизнинг жанозаларида иштирок этар эканмиз, у ердаги ва ҳаётнинг бошқа ўринларидаги ҳолатларни кузатганимизда айнан шу фикр хаёлда айланаверади. Аслида биз яхшиларимизни аввало тириклигида қадрлашимиз керак. Нега биз фақат вафот этганларни ҳурмат қиладиган, тирикларга эса бепарво бўлиб қолганмиз. Бу ҳолатни қадим тарихимизга нисбатан ҳам, яқин ўтмиш ва бугунимизда ҳам кўришимиз мумкин.

Ҳар гал бир улуғ олим ёки қори вафот этса, тобутини майдалагудек бўлиб талашиб кетамиз, дафн этишда жонбозлик кўрсатамиз. Тўғри, Исломда вафот этган мўминга ҳурмат кўрсатиш, унинг жаноза ва дафнида қатнашиш буюрилган, бу – улуғ савобли амал, мусулмонлик ҳаққи. Бунга ҳам эътибор бериш керак. Бироқ биз фақатгина вафот этган инсонни кўмишни қойиллатиб, тирикларни ташлаб қўядиган бўлмаслигимиз керак. Зотан, тирик мўминнинг ҳаққи ва ҳурмати вафот этган кишиникидан кам эмас.

Тўғри-да, биз инсонни кўпроқ тириклигида қадрлашимиз керак эмасмиди? Олимларнинг тобутларини кўтаришга ошиқишдан олдин уларни ҳаётлик чоғларида эъзозлаб, суҳбатларидан, илмларидан баҳра олиб, хизматларини қилишга интилишимиз керак эмасми? Инсоф билан ўзимизга савол берайлик, ўша ўтган марҳум олим ёки қоримизни тириклигида қанчалар эъзозлаганмиз, қачон ҳолидан хабар олганмиз? Бугун жонсиз жасадини кўзларга тўтиё қилмоқдамиз, аммо шу жасад руҳи билан баркамол эканида биз уни шунчалар ҳурмат қилганмидик, эҳтиётлаганмидик? Бугун улуғлардан айрилганимиздан беҳад маҳзун бўлиб, дод солиб йиғлар эканмиз, кеча улар тириклигида улар билан қанчалар мамнун бўлган эдик ёки уларни қачон хурсанд қилган эдик, буни ҳам бир ўйлаб кўриш керак. Касал бўлганларида ҳол сўрадикми, қийналганларида имкон топиб кўмаклашдикми? Олимнинг ҳурмати у қолдирган илмни қадрлаш, ўрганиш билан бўлади. Бугун уларнинг тобутини талашаётганда китобларига қанчалар иштиёқманд эканимизга ҳам назар ташлаб қўяйлик. Улар билан ҳамсуҳбат бўлганимиздан фахрланиб, мақтаниб, ўрни келса, уларни оғиз тўлдириб мадҳ этмоқдамиз, бироқ тирикликларида уларга душманлик қилиб, уларни ёмонлаб юрган ҳам ўзимиз эмасми?

Очиғини айтганда, кўпинча яқинлар, жигар-бағир, дўсту ёр, ҳатто ота-оналаримизни ҳам вафот этганидан кейин қадрлашга тушамиз. Айримлар бор, ота-онаси тириклигида олдига тўртта нон кўтариб келмаган, турли баҳоналарни қилиб, хизматидан қочиб юрган, аммо улар вафот этиши билан бел боғлаб «вафодорлик» кўрсатади, «Дийдорига тўймай қолдим» деб афғон қилади, дод-вой солиб йиғлашни дўндиради, ортидан элга ош беришни қойиллатади... Ота-оналар ҳаётлигида икки оғиз ширин сўзингизга ҳам кўнгиллари осмон қадар кўтарилиб, чексиз хурсанд бўлишар эди. Лекин тириклигида даволатишга ҳам пулни қизғаниб, ўтганларидан кейин миллионларни сарфлаб эҳсон қилиш нимаси?

Дўстларимизни тириклигида изламаймиз ҳам, излаб келса, қабул қилгимиз ҳам келмайди, ҳолларидан хабар олмаймиз, аммо вафотларини эшитган заҳоти жанозаларини ўқиб, дафн қилишга шошамиз. Ҳа, биз одамни кўмишни қойиллатамиз, аммо уни асрашга келганда четга ўтиб оламиз.

Кўпдан бери олимлар, улуғ кишиларнинг жанозаларида қатнашиб келаман. Яқин йилларда жуда кўп инсонларимиздан айрилдик. Устоз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари, шайх Алоуддин Мансур жаноблари, Хайруллоҳ домла, Муҳаммад Алий домла, Олимхон тўрам, Довудхон тўрам, Зайниддин қори ака ва бошқа мўътабар инсонларнинг жанозаларида одамларимизнинг вафот этган кишиларга эҳтиром ва ихлосини кўрганда улардаги бу ихлосдан бағоят хурсанд бўлиш баробарида дилимдан бир хаёл ўтаверди: қани энди шу шавқу завқ, шу эҳтиром улар тириклигида ҳам бўлганида... Қани энди уларнинг тобутларига ўзимизни урганимиздек, тирикликларида уларнинг зиёратларига ҳам ошиқсак...

Ҳаётда эса кўпинча аксини кўрамиз: тирик пайтларида вақти келса, кўриб кўрмаганга, таниб танимаганга олиб юрамиз, вафот этишлари билан эса жасадлари турган тобутга қўл теккизишни катта муваффақият деб билиб қоламиз. Қани энди вафот топган кишиларга бўлаётган эҳтиромга ўхшаш муносабатни уларнинг издошларига, ҳаётда қолган олиму фозилларга ҳам қила олсак... Ўтганлар ўтди, уларни ортга қайтариб бўлмайди, энди уларга қила олмаган қадру иззатни ҳаётда қолган аҳли фазл, аҳли донишлар, аҳли илм, аҳли Қуръонларга кўрсатсак эди... Бизнинг ҳурмату икромимизга сазовор бўлиш учун улар олдин вафот этиши керакми? Солиҳларимиз вафотидан ғам чеккандек, уларнинг норасида зурриётлари учун ҳам қайғуришимиз керак эмасми? Ёки биз фақат ўтганларни ҳурмат қиладиган, тирикларни эса хўрлайдиган, бепарво ташлаб қўядиган халқ бўлиб қолганмизми?

Қодирийни тириклигида яқинларига кўшиб отиб, бугун кўтар-кўтар қилар эканмиз, бугуннинг қодирийларига қандай муносабатда бўлмоқдамиз, шунга ҳам бир қараб кўйишимиз керак. Беҳбудийларнинг номини абадийлаштириш учун қарорлар қабул қилар эканмиз, бугуннинг беҳбудийлари учун нима қиляпмиз, бир сарҳисоб қилиб кўрайлик. Бухорийлар, Термизийларни улуғлаб, улар ҳақида фильмлар ишлаб, бинолар қуриб, анжуманлар ўтказар эканмиз, бугун Бухорий ва Термизийнинг издошлари бўлиб турган аҳли илмларга қандай муомалада бўлмоқдамиз, буни ҳам ўйлаб қўйиш керак. Ғиждувонийлар, Нақшбандийларнинг мақбараларига миллионлаб сарфлаб, зиёратларидан файз истар эканмиз, уларнинг бугунги ворисларини қанчалар қадрлай олмоқдамиз, бу ҳақда ҳам мулоҳаза юритишимиз даркор.

Уйғоқлар аввало уйғоқларни қадрлайди, уйқудагилар эса уйғоқларни кўра олмайди.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2025 йил 22 июлдаги 03-07/4389-сонли рухсати асосида тақдим қилинди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бундан олти йил аввал, 2015 йил, 10 март куни етук аллома, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ бу фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилганлар.Шу давоми...

2959 22:26 / 09.03.2021
Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ бир кишидан сўрадиЁшингиз нечадаУ .Олтмишда, деб жавоб берди.Фузайл .Сиз олтмиш йилдан бери Роббингиз томон юриб, Унга етишингизга оз давоми...

8896 19:00 / 23.10.2022
Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг буйруғи билан завжаси Ҳожар ва гўдаги Исмоилни ҳеч нарса ўсмайдиган ва кимсасиз Маккага ташлаб кетди. Сўнгра ўша машҳур .Замзам, давоми...

3124 12:30 / 27 октябрь
. , . ,. . . Убайдуллоҳ ибн Қибтийя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Ҳорис ибн Абу Робийъа ва Абдуллоҳ ибн Сафвон давоми...

2185 15:20 / 21.10.2024