1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Мусулмон мусулмоннинг мусибатидан хурсанд бўлмайди

12:44 / 29.01.2024 2572 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмон мусулмоннинг мусибатидан хурсанд бўлмайди, гарчи, у душмани ёки хасми бўлса ҳам. Бу исломий ухувватга зид келадиган иш. Тарихда энг ёмон фитналар мавжланган вақтларда тақдир тақозоси ва фитна таъсирида айрим саҳобалар бир-бирига қарама-қарши тарафда бўлиб қоладилар. Икки буюк саҳобий Зубайр ибн Аввом билан Али розияллоҳу анҳумо ўрталарида ана шундай ҳолат юз беради. Жамал жангидан аввал Али розияллоҳу анҳу, Зубайр ибн Аввом ва Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳумо билан тўқнаш келиб, уларни бу жангда қатнашишдан қайтарадилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадисларини эслатадилар.

Шундан сўнг, мазкур икки саҳобий ўз мавқифларини ўзгартириб, жангдан четга чиқадилар. Бироқ, фитна оловининг янада кучлироқ ёнишидан манфаатдор бўлган аъробийлардан бири Зубайр ибн Аввомни хиёнаткорона ўлдириб, у кишидан «салаб», яъни ўлжа сифатида олган қилични уялмай Али розияллоҳу анҳу ҳузурига олиб келади, гўёки, у зотдан бирор илтифотга эришиш илинжида. Али розияллоҳу анҳу уни ўз ҳузурларига киритмай қувиб юборадилар ва «Ибни Сафийя (яъни, Зубайр ибн Аввом)нинг қотилига дўзах «хушхабарини» бер!», дея уни лаънатлайдилар. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ўлимига қаттиқ маҳзун бўладилар ва у зотнинг эҳтиромини жойига қўйиб, дафн қиладилар. Биз ҳозир, бу воқеаларни ҳа, фитна бўлган-да, деб қўя қоламиз.

Осон ҳазм қилиб юборамиз. Жамал ва Сиффийн воқеаларини бир тасаввур қилинг, Усмон розияллоҳу анҳу ўлимидан сўнг мусулмонлар иккига бўлиниб, бир-бири билан қилич кўтариб жанг қилган. Сизга қарши биров қилич кўтариб эмас, мушт билан ёки тил билан жанг қилса, катта эҳтимол билан, уни қаттиқ ёмон кўриб қоласиз. Нафратланасиз. Ҳазрат Али нима қилдилар? Ўзларига қарши жанг қилаётган тарафда бўлган инсонлардан нафратланмадилар. Уларга насиҳат қилдилар. Ва улардан бирини ўзларига ёқиш учун қатл қилган малъунга дўзах «хушхабарини» бериб, ҳузурларига киритмадилар.

Бу аслида, осон иш эмасди. Олийжаноб инсонлардангина содир бўладиган улуғ иш эди. Оиша онамизни розияллоҳу анҳо ҳам ҳурмат-эҳтиром билан омонлик жойига кузатиб қўйдилар. Ҳимоя қилдилар ва у киши ҳақларида ёмон сўзларни гапирганларни дарралаб, жазоладилар. Инсон ўта ожиз махлуқ. Билмаймиз, қиёматда аҳволимиз нима бўлишини. Ўзимиз ёмон кўрган, нафратланадиган ва сўкиб-ҳақоратлайдиган, ёмон одам деб ўйлайдиганимиз кишилар умрининг охирида Аллоҳнинг раҳматига эришиб, яхши хотима топиб, нажот топиши ҳам мумкин. Аммо, нафратимиз, ҳақоратимиз ва маънавий зулмларимиз биз учун гуноҳлигича қолади, токи, тавба қилмас эканмиз. Аллоҳ ҳолимизни ислоҳ қилсин. Энг яхши ҳолатга ўзгартирсин. Мўминлар орасини ислоҳ қилсин.


Алишер Султонходжаев

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 25 январь 03-07/400-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир мўминмусулмон банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан яна бири фосиқликдир..Фисқ, сўзи луғатда қобиқни тешиб чиқиш маъносини давоми...

4074 11:15 / 22.01.2019
Дунёда отаонасини мусулмонларчалик ҳурмат қиладиган миллат бўлмаганНемис шарҳловчиси Қатарда ўтаётган ЖЧ2022 да марокашлик футболчилар ўйиндан сўнг ўз оналарини давоми...

2448 15:14 / 13.12.2022
Амалларимизнинг энг афзали вақтимизни қадрига етиб, уни асрашимиздир.Айни дамда биз яшаб турган вақтимиз бизнинг умримиз ҳисобланади. Инсон ким бўлишидан қатъи давоми...

2589 17:00 / 03.06.2022
Кўпчиликнинг ҳаётида кузатиладиган ҳодиса кўчада кетаётганингизда нотаниш инсон сизга илиқ салом берса, унга тараддудланиб алик қайтарасизда, кейин .қизиқ уни давоми...

4614 11:00 / 29.06.2021