1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Вожибга етиш учун керак бўладиган нарса ҳам вожибдир

09:00 / 13.08.2021 3028 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсоннинг қалби худди қўрғонга ўхшайди. Шайтон ўша қўрғонга кириб, уни эгаллаб олишга ҳаракат қилади. Мазкур қўрғонни душмандан ҳимоя қилиш учун унинг эшик, дераза ва тешикларини яхши билиш лозим. Уларни яхши билмагунча қўрғонни ҳимоя қилиб бўлмайди.

Қалбни шайтоннинг васвасасидан ҳимоя қилиш вожиб. Бу иш ҳар бир мукаллаф бандага фарзи айндир. «Вожибга етиш учун керак бўладиган нарса ҳам вожибдир», деган қоида бор. Шайтондан қалбни ҳимоя қилиш унинг кириш жойларини билиш керак бўлгани учун, мазкур кириш жойларини билиш иши ҳам вожиб бўлади.

Шайтоннинг қалбга кириш йўллари банданинг сифатлари бўлиб, улар кўпчиликни ташкил қилади. Биз мазкур эшикларнинг энг катталари ҳақида сўз юритамиз.

1. Ғазаб ва шаҳват.

Ғазаб ақлнинг кишанидир. Ақлнинг аскари заиф бўлса, шайтоннинг аскари кучли бўлади. Инсон қанча кўп ғазабланса, шайтон уни худди ёш бола тўпни ўйнагандек қилиб ўйнашга ўтади.

2. Ҳасад ва ҳирс.

Банданинг бирор нарсага ҳирс қўйиши қанчалик кучли бўлса, ўша ҳирси уни шунчалик кўр ва кар қилади.

Зотан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Нарсага бўлган муҳаббатинг кўр ва кар қилур», деганлар.

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Шайтоннинг кириш жойлари қалб кўзларининг нури ила кўрилади. Агар ўша кўзларни ҳирс ва ҳасад беркитиб қолса, кўриб бўлмай қолади. Ана ўшанда шайтон фурсатни ғанимат билиб, ҳасадчи ва ҳирсли одамга шаҳватга эриштирадиган ҳар бир нарсани чиройли кўрсатиш пайидан бўлади.

3. Таомдан ортиқча тўйиш.

Бунда таом ҳалол, пок бўлиши ҳам мумкин. Чунки таом шаҳватни кучайтиради. Шаҳватлар эса шайтоннинг қуролларидир. Кўп ейишда олти ёмон хислат борлиги таъкидланади.

1) Қалбдан Аллоҳнинг хавфи кетиши.

2) Қалбдан халойиққа нисбатан раҳмнинг кетиши. Чунки у ҳаммани тўқ деб ўйлайди.

3) Тоатни оғир кўриб қолиш.

4) Ҳикматли сўзни эшитганда, таъсирланмаслик.

5) Мавъиза ва ҳикматли сўзларни гапирса, одамларга таъсир қилмаслиги.

6) Турли хасталикларнинг келиб чиқиши.

4. Кийим-кечак, асбоб-анжом ва уй-жойда зебу зийнатга ружу қўйиш.

Қачон шайтон инсон қалбида мазкур ҳолларнинг урчиганини кўрса, дарҳол тухум қўйиб, болалайди. Мазкур одамни уй-жойини зийнатлашга чақиради: «Шифтни яхшила, деворларни чиройли қил, хоналарни кенгайтир», дейди.

Шунингдек, «Кийимларингни қойилмақом қил, уловнинг ҳеч кимда йўғини топ», дейди. Қарабсизки, умрини шундай ишлар билан ўтказиб турибди. Бу ҳол давом этаверса, оқибатда банда куфрга бориши ҳам мумкин.

5. Одамлардан тамагир бўлиш.

Чунки қалбга тамагирлик ғолиб бўлса, шайтон унга тинимсиз равишда кимдан тама қилаётган бўлса, ўшанинг олдида турли риё ва ҳийла-найранглар билан жилваланишни чиройли кўрсатади.

Энг камида у ўзи тамагирлик қилаётган одамини ўринсиз мақташга ўтади. Унинг розилигини топиш учун ҳар қандай гуноҳни қилишга тайёр бўлади.

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Минг афсуслар бўлсинким, аҳли илмнинг ичида ҳам ноқобиллари учраб туради. Одам боласи турлитуман бўлиши ҳақиқатдир. Табиати бузуқ инсонлар ичида ҳам баъзи бир давоми...

4766 15:55 / 28.10.2019
Дунёвий ишларда қобилиятнинг ўрни катта. Агар қобилият билан бирга воситалар ҳам берилган бўлса, нур устига нур. Лекин Аллоҳ таолонинг наздида иш аксичадир. Аллоҳ давоми...

979 14:15 / 07 январь
1. Аллоҳ Маликдир.Аллоҳ таолонинг Малик экани очиқойдин далиллар билан собитдир. Малик бўлганнинг бериш ва бермасликга ҳаққи бор. Шундай экан, эътироз қилишга давоми...

3826 10:00 / 15.11.2021
Зикр қилувчи учун ўзига яраша одоблар мавжуд. Ўша одобларга риоя қилган ҳолда адо этилган зикр қабул ва ижобат бўлиши умидлидир.1. Аллоҳ таолодан зикр учун ёрдам давоми...

7249 11:03 / 21.03.2020