1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Аллоҳ ва Расули учун насиҳат қилган зот

09:23 / 31.12.2023 1593 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳижратдан бир йил олдинги давр эди. Маккага ўн икки кишидан иборат бир гуруҳ келди. Уларнинг олтитаси бир йил олдин Ислом билан шарафланган ва келгуси йил Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашишга келишиб олишганди. Аммо бу учрашувдан ҳеч кимнинг хабари бўлмаслиги керак эди. Улар Пайғамбар алайҳиссалом билан Макка яқинидаги Ақаба деган тор ва кичик бир водийда учрашишди. Аллоҳга ширк келтирмаслик, ўғрилик ва зино қилмаслик, болаларини ўлдирмаслик, ҳеч кимга туҳмат қилмаслик ва ҳар қандай вазиятда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларидан чиқмасликка байъат беришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уларга: «Иймон келтириб, яхши амалларни қилганларни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритурмиз. Унда абадий – бардавом қолурлар. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир», (Нисо сураси, 122-оят) деган хушхабарни етказдилар. Шундан кейин қолган олти киши ҳам иймон келтиришди.


Ушбу битим Ислом тарихида Биринчи Ақаба байъати деб битилди. Бу ўн икки кишидан бири Саъд ибн Робиъ розияллоҳу анҳу бўлиб, у Мадинанинг кўзга кўринган бой кишиларидан эди. Ҳазрат Саъд ҳижратдан сал олдин амалга оширилган иккинчи Ақаба байъатида Ҳазро қабиласининг номидан вакил бўлиб келган тўққиз кишининг ичида ҳам бор эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда яширинча амалга оширилган ушбу байъатнинг қатнашувчиларига абадий саодат хушхабарини етказдилар.


Ҳазрат Саъд ибн Робиъ жоҳилият давридаги хат-саводи бор кам сонли кишилардан бири эди. Қабиланинг обрўли бошлиғи бўлгани сабабли унинг сўзи ҳаммага ўтарди. 


Ҳижратдан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожир ва ансорлар ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатганларида Макканинг бойларидан ва жаннат башорати берилганлардан бири бўлган Абдураҳмон ибн Авфни Саъд ибн Робиъ билан биродар деб эълон қилдилар. Ҳазрат Саъд биродарини уйига олиб кетди. Овқатдан кейин ҳазрат Саъд туғишган ака-укалар ҳам қилмайдиган яқинлик ва фидокорликни кўрсатди:
«Мен мол-дунё жиҳатидан ансорларнинг энг бой одамиман. Молимнинг ярмини сенга бағишладим. Қара, хотининг ҳам йўқ экан. Менинг иккита хотиним бор. Қай бирини истасанг, сен учун талоғини бераман, иддаси тугаши билан унга уйланасан».


Ҳазрат Абдураҳмон уй-жойи ва мол-мулкини Маккада қолдириб келганди. Гарчи ҳозирги ҳолатида Саъд ибн Робиъ таклиф қилган нарсаларга муҳтож бўлса-да, кўнгли тўқ инсон эди.


Абдураҳмон ибн Авф ҳазрат Саъднинг сўзларида самимият ва муҳаббатнинг энг юқори завқини ҳис этди. Миннатдорчилик ва шукронасини билдиргач, «Биродар, Аллоҳ сенинг оиланг ва мол-давлатингга барака берсин. Буларга менинг ҳожатим йўқ. Савдо-сотиқ қилинадиган бозорингиз бўлса, менга ўшани кўрсат», деди (Бухорий ривояти).


Ҳазрат Саъд унга Қайнуқо қабиласининг бозорини кўрсатди. Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу қисқа вақт ичида пул ишлаб, савдо-сотиқни йўлга қўйди ва катта бойлик орттирди. Бу ҳақда унинг ўзи бундай деган эди: «Аллоҳга шукр, қўлимга қумни олсам ҳам олтинга айланарди».


Ҳазрат Саъд ўзининг фидокорлиги билан Қуръоннинг саносига эришган, ҳазрат Абдураҳмон эса қаноатининг барокати билан борлиғига етишган эди. Ушбу воқеа Асри саодатдаги «ийсор» хислатининг, дин йўлидаги биродарликни ҳар қандай вазиятда ҳам ўзининг нафсидан афзал кўришнинг яққол намунаси эди.


Бадр ғазотида қатнашган ҳазрат Саъднинг буюк жасорати Уҳудда намоён бўлди. У фақат олдинги сафларда жанг қиларди. Атрофидагиларни ҳам тинмай руҳлантириб турарди. Қўшин орасида парокандалик бошланганда ҳам ҳазрат Саъд ўзини йўқотиб қўймади. Умидсизликка тушиб қолганларга эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларини тарк қилмасликлари учун Ақаба байъатида берган ваъдаларини эслатарди. Аммо жанг давомида бир гуруҳ мушриклар унга ҳужум қилиб, оғир ярадор қилишди. Жароҳати шу даража оғир эдики, танаси таниб бўлмайдиган ҳолга келганди. Ўн иккита тиши синган, етмишта жойида қилич, найза ва камон ўқларининг изи қолган эди.


Жанг тугагач, мушриклар орқага чекинишди. Шундан кейин жанг майдонидан шаҳид ва ярадорлар олиб чиқила бошланди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Саъдга алоҳида эҳтиром кўрсатар эдилар. У зот алайҳиссалом Саъдни йўқладилар. Сўнг саҳобаларга: «Саъд ибн Робиъга нима бўлди, тирикми ёки шаҳидлар орасидами? Ким буни билиб, менга унинг хабарини келтиради?» дедилар ва муборак қўллари билан ишорат қилиб, «Жанг пайтида уни шу ерда кўрган эдим», дея қўшиб қўйдилар.


Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу воқеани бундай айтиб беради:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатган томонларига қараб юрдим. Уҳуд водийсида ётган шаҳидлар орасида Саъдни таний олармиканман деб бир неча марта уни чақирдим. Лекин чақириғимга жавоб қайтмас эди. Бир маҳал бўғиқ овоз эшитилди ва мен ўша овоз келган томонга юрдим. Саъд ерда ётар, охирги нафасини олаётган эди.


Мен: «Эй Саъд, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сенинг омон қолганлар орасидами ёки шаҳидлар ичидами эканингни билиб келишимни буюрдилар», дедим.


Саъднинг овози жуда паст ва шивирлаб чиқаётган эди: «Мен энди ўликлар қаторидаман», дея ўлими яқинлашаётганини тушунтирмоқчи бўлди. Унинг базўр айтаётган сўзлардан қуйидагиларни тушуниш мумкин эди: «Мендан Расулуллоҳга саломимни етказ ва у кишига «Умматларига тўғри йўлни кўрсатган пайғамбарлар сазовор бўладиган мукофотларнинг энг хайрлиси ва юксаги билан Аллоҳ бизнинг сабабимиздан сизни мукофотласин», дегин. Қавмим ансорларга ҳам саломимни етказ, уларга эса: «Аллоҳ, Аллоҳ! Ақаба кечасида Расулуллоҳни ҳимоя қилиш ҳақида байъат қилмаганмидингиз? Аллоҳга қасамки, сиз кўзларингиз очиқлигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни душманларидан ҳимоя қилмай, у зотга бирор зарар етадиган бўлса, Аллоҳ наздида ҳеч қандай узрингиз қолмайди», деб айт».


Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг ривоятига кўра, ҳазрат Саъд яна бундай деган: «Расулуллоҳга салом бўлсин, сенга ҳам салом бўлсин. У зотга айт: «Ё Расулуллоҳ, мен аллақачон жаннат ҳидини ҳис қиляпман ва унга тобора яқинлаша бошладим».


«Саъд шу гапларни айтганидан кейин шаҳидлик шаробини ичди. Келиб унинг аҳволини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга маълум қилдим. Расулуллоҳ қиблага юзланиб, қўлларини очдилар ва: «Аллоҳим, Саъд ибн Робиъни қабул қилиб ол, ундан рози бўл. Аллоҳим, уни раҳматингга ол. У тириклигида ҳам, жони узилаётганда ҳам Аллоҳ ва Унинг Расули учун насиҳат қилар эди», дедилар.


Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд шаҳидларининг баъзиларини иккитадан, баъзиларини эса учтадан қилиб дафн қилдирдилар. Саъд ибн Робиъ эса Хориса ибн Зайд розияллоҳу анҳу билан битта қабрга дафн қилинди.


Ҳазрат Саъд шаҳид бўлганида қизи Умму Саъд етим қолди. У ҳали кичкина эди. Ҳазрат Абу Бакр уни ўз қарамоғига олди ва отасининг ўрнини билдирмасликка ҳаракат қилди. Бир куни ҳазрат Умар ҳазрат Абу Бакрнинг зиёратига келганда унинг ёнида кичкина бир қизга кўзи тушди. Ҳазрат Абу Бакр унинг устига ўзининг ҳирқасини ёпиб, ёнига ўтқизиб қўйган эди. Ҳазрат Умар: «Бу ким?» деб сўради. Ҳазрат Абу Бакр: «Бу мендан ва сендан кўра яхшироқ одамнинг қизи», деб жавоб берди. Ҳазрат Умар ажабланиб яна савол берди: «Мендан ва сендан ҳам яхшироқ кимса ким?». Ҳазрат Абу Бакр «У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннат башоратини берганларидан бири, аҳд устида ўлим топди, сен билан мен эса ҳали тирикмиз», деди. Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу гапи билан жуда юксак камтарликни намоён этиш билан бир қаторда мўминнинг қўрқув ва умидда қандай бўлиш кераклигини ўргатаётган эди. Гарчи ўзига ҳам жаннат башорати берилган бўлса-да, ҳазрат Саъдга ҳаваси келаётган эди.
Аллоҳ ҳазрат Саъд ибн Робиъдан рози бўлсин.

Мустафо Маҳмуд тайёрлади.
«Ҳилол» журналининг 8 (53) сонидан олинди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саъд ибн Абу Ваққос Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча жангларида ихлос билан қатнашдилар. Бадр жангида у киши махсус топшириқ бажарувчилар ичида давоми...

1125 16:29 / 23 январь
иккинчи мақола Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Макnotкадан Мадинага қилган машаққатли ҳижратларида ҳам Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг зикрлари давоми...

1681 09:00 / 10.06.2023
Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳдан Ислом динини истеҳзо қилувчилардан бирининг мактубини ўқиган ёки ўқимаганлари ҳақида сўрашганда, шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ давоми...

2501 11:00 / 03.07.2022
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганига ўн йил тўлганда у зотнинг амакиларидан бири Аббос ибн Абдулмуттолиб Лубоба бинти Ҳорис исмли давоми...

8359 19:46 / 21.04.2017