1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Қиёматда ўзини «Унайс» деб танитишни орзу қилган ансорий

11:00 / 22.05.2023 2643 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Эй Аллоҳ, уни мол ва фарзанд билан ризқлантир ва унга барака бер!» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларидан


Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга онаси шаҳодат калимаси ўргатган кезда у ҳали ёшгина бола эди. Ёшгина Анас Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳали кўрмасданоқ, у зот ҳақида эшитиб, қулоғи билан у зотга ошиқ бўлиб қолганди. У ўзи Маккага Набий алайҳиссаломни кўришга боришни ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келса-ю, у зотни кўриб бахтиёр бўлишни қанчалар орзу қилар эди. Кўп вақт ўтмай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижрат қилиб келаётгани хабари тарқалди. Бир куни тонг пайти Мадинада кишилар «Муҳаммад ва унинг соҳиби Мадинага яқин қолибди», деб жар солишди. Буни эшитган одамлар каттаю-кичик, жамоат-жамоат бўлиб, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам келаётган томонга қараб шошиб боришар эди. Ана шу бахтиёр инсонларнинг ичида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар томонга келиб, эркаклар орасидан юрдилар. Аёллар ва ёш болалар эса уйларнинг томларига чиқиб, у зот алайҳиссаломни кузатишар ва бир бирларига: «У зот қайси бири?! У зот қайси бири?!», дейишар эди. Ана ўша кун Анас ибн Молик учун эсдалик куни бўлиб қолди, ҳатто ёшлари юздан ошганда ҳам ўша кунни эслаб юрар эди.


У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганига ҳали кўп бўлмай, Анаснинг онаси Ғумайсо бинту Милҳон уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бориб, салом берди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, ансорлар ичида сизга совға бермаган бирорта эркак ва аёл қолмади. Мен эса сизга совға қилишга ушбу ўғлимдан бошқа нарсани топмадим, шуни олинг, сиз хоҳлаганингизча хизматингизда бўлсин», деди.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу болани кўриб хурсанд бўлдилар ва муборак қўллари билан унинг бошини силаб қўйдилар.


Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларини қилишга мушарраф бўлган вақтда ўн ёшда эди. Ана шу вақтдан бошлаб то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этгунларича тўлиқ ўн йил у зотнинг хизматларида бўлди. Шу ўн йил мобайнида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ҳолатлари ва шамоилларидан бохабар бўлиб, у зотнинг ҳидоят булоғидан баҳраманд бўлди. 


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳида уни «Эй Унайс» деб, гоҳида эса «Эй болам» деб эркалаб чақирар эди.


Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг қалби, ақли ҳамда зеҳн-заковатлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насиҳат чашмаларидан суғорилган эди. Қуйидагилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг унга қилган насиҳатлари жумласидандир:
 - Эй болам, агар қалбингда бирор кимсага нисбатан ҳасад бўлмаган ҳолда кунни ўтказа олсанг, шундай қилгин.
- Эй болам, чунки бу нарса менинг суннатимдир. Ким менинг суннатимни тирилтирса, мени яхши кўрган бўлади. Ким мени яхши кўрса, жаннатда мен билан бирга бўлади.
- Эй болам, уйингга кирганингда аҳлингга салом бер. Бу нарса сен учун ва аҳлинг учун барака бўлади».
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин ҳам саксон йилдан зиёд узоқ умр кўрдилар. Шу йиллар мобайнида қанчадан-қанча қалбларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олган илм ва фиқҳга тўлдириб юбордилар.


Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу мана шу узоқ умрлари давомида мусулмонлар мурожаат қиладиган манба бўлдилар. Мусулмонлар ўзлари учун мушкул бўлган масалаларда унга таянишар, суянишар эди.


Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу умр бўйи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни зикр қилиб (ёд олиб) ўтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашган кунлари учун қаттиқ хурсанд бўлар, ажрашган кунлари учун эса кўп ёш тўкар ва у зотнинг сўзларини такрор-такрор айтар эдилар.


Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ва феълларига эргашишга ҳарис эдилар. 


Умридаги энг кўп ёдга оладиган кунлари икки кун эди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашган кунлари ҳамда у зотдан ажралган кунлари эди. Қачон у зот билан учрашган биринчи кунини эсласа, худди хушбўй ҳидни ҳидлагандек, ўзини бахтиёр ҳис қиларди. Қачон у зотдан ажралган кунни эсласа, йиғларди ва атрофидагиларни ҳам йиғлатар эди.


 Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ўн йил хизмат қилиб, у зотнинг кўплаб дуоларини олган. Жумладан, қуйидаги дуоларини:  
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг молига барака сўраб дуо қилганлар. Анас розияллоҳу анҳу ансорлар ичида мол-мулки энг кўп саҳобалардан эди. Унинг боғлари бўлиб, ҳар йили икки марта ҳосил берарди.


Фарзандларига барака сўраб дуо қилганлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу саҳобалар ичида фарзандлари энг кўп саҳобалардан бўлиб, фарзандлари ва набираларининг адади юздан ошган эди.


Умрига барака сўраб дуо қилганлар. Ёшлари юз йилдан ошди, яъни бир асрдан ошиқ умр кўрдилар.
Гуноҳларига мағфират сўраб дуо қилганлар. Анас розияллоҳу анҳу: «Мен тўртинчисини (мағфиратни) умид қиламан», дердилар.


Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларини қаттиқ умид қилиб, кўпинча шундай дер эдилар: «Мен Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашиб, у зотга: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу киши сизнинг хизматчингиз Унайс», дейишни орзу қиламан».


Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу касал бўлганларида, вафотлари олдидан ўз аҳлларига: «Менга: «Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур-Расулуллоҳ»ни талқин қилинглар», дедилар ва то вафот этгунларича шу калима айтишда давом этганлар.


У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кичкина ҳассаларини ўзи билан бирга қамиси (кўйлаги) ва ёнбоши орасига қўйиб дафн қилишларини васият қилганлар.


Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳадис ривоят қилишда Абу Ҳурайра ва Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумолардан кейин учинчи ўринда турадилар. 


Аллоҳ таоло Анас ибн Молик ва у зотнинг оналари Ғумайсо розияллоҳу анҳумоларнинг Ислом ва мусулмонлар учун қилган хизматлари сабабли улуғ мукофотлар билан тақдирласин!

Қудратуллоҳ Сидиқметов
Тошкент ислом институти ўқитувчиси.

Ушбу мақола (видео материал) Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Қудратуллоҳ Сидиқметов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саид ибн Омир розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолат уммонларидан файз олиб ўсган ва ўша тенги йўқ зотнинг ҳидоят нурларидан давоми...

1260 14:02 / 29.10.2023
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаларига энг яқин ёрдамчилардан бўлдилар. Абу Бакр Сиддиқ вақтларида шуро давоми...

984 14:17 / 21.05.2023
Ҳижратдан бир йил олдинги давр эди. Маккага ўн икки кишидан иборат бир гуруҳ келди. Уларнинг олтитаси бир йил олдин Ислом билан шарафланган ва келгуси йил давоми...

1546 09:23 / 31.12.2023
Улуғ саҳобий Саъад ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу форс қўшини ҳақида маълумот олиб келиш учун етти нафар аскарни душман қўшини томонга юбордилар ва имкон давоми...

1658 11:00 / 03.04.2022
Аудиолар

118782 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40732 14:35 / 11.08.2021