1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ҳаёт йўллари

16:00 / 01.08.2023 985 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(олтинчи мақола)

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْد ِاللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: نَدَبَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ النَّاسَ يَوْمَ الْخَنْدَقِ، فَانْتَدَبَ الزُّبَيْرُ ثُمَّ نَدَبَهُمْ، فَانْتَدَبَ الزُّبَيْرُ ثُمَّ نَدَبَهُمْ، فَانْتَدَبَ الزُّبَيْرُ فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لِكُلِّ نَبِيٍّ حَوَارِيٌّ وَحَوَارِيَّ الزُّبَيْرُ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хандақ куни одамларни кўнгилли бўлиб, вазифа бажаришга чақирдилар. Бас, Зубайр отилиб чиқди. Сўнгра у зот яна одамларни кўнгилли бўлиб, вазифа бажаришга чақирдилар. Бас, Зубайр отилиб чиқди. Сўнгра у зот яна одамларни кўнгилли бўлиб, вазифа бажаришга чақирдилар. Бас, Зубайр отилиб чиқди. Ана шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар набийнинг ҳаворийси бор. Менинг ҳаворийим Зубайрдир», дедилар».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.


Уруш пайтида баъзи бир ўта оғир вазифаларни бажариш учун лашкар ичидан ўлимга рози бўлиб, ўша ишни бажаришга борадиган одамлар одатда, шундай танлаб олинади. Албатта, бундай ишларга бошқалардан кўра ўз рағбати билан отилиб чиқиб борганлар лойиқ бўладилар. Албатта, буйруқ бажариш учун борган билан, ўз рағбати ила савоб умидида борганнинг орасидаги фарқ катта бўлади.


Хандақ уруши мусулмонлар катта сонли душманнинг қамалида турганиларида ва ичкаридан ҳам Бани Қурайза яҳудийларидан хиёнат содир бўлган ўта оғир бир шароитда кечгани учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ана шундай алоҳида махсус топшириқларни бажарадиган кишиларга ҳожатлари кўп тушган. Ана шундай пайт¬ларда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ҳаммадан кўра кўпроқ жонбозлик кўрсатганлар. У кишининг бу фидокорликлари Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан муносиб тақдирланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг Ислом ва мусулмонлар учун, дину диёнат ва ватан ҳимояси учун кўрсатган қаҳрамонликларини ҳисобга олиб, у кишини «Ҳар набийнинг ҳаворийси бор. Менинг ҳаворийим Зубайрдир» деган олий даражали нишон билан тақдирлаганлар. Бу мукофотнинг қадрини яна ҳам ошириш учун уни ягона нусхада таъсис этиб, фақат Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳугагина топширганлар, бошқа бирор кишига бермаганлар. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу умр бўйи бу нишонни ёлғиз ўзлари тақиб юрганлар. Ҳамма у кишини «Набийнинг ҳаворийси» деб атар эди. Ҳозир ҳам у киши шундай аталадилар.


«Ҳаворий» сўзи «ихлосли», «мусаффо», «энг яқин дўст» ва «ёрдамчи» деган маъноларни англатади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Ийсо алайҳиссаломга ихлос қилган, у зотга нисбатан кўнгиллари энг мусаффо бўлган ҳамда энг яқин дўст ва ёрдамчи бўлган фидокорларни «ҳаворий» деб атаган. Уларга ўхшаш саодатли кишилар ҳар бир набийнинг уммати ичида бўлган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари ичида ана шундай олий унвонга Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу сазовор бўлганлар.


«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .Мўминлар ичида Аллоҳга берган аҳдларига содиқ қолган эранлар бор. Бас, уларнинг аҳдига вафо давоми...

3164 17:00 / 18.01.2021
еттинчи мақола Хандақ урушидаги энг оғир вазиятда Бани Қурайза яҳудийлари Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тузган аҳдларини бузиб, душман томонга давоми...

1480 14:00 / 11.08.2023
Фазилатли хонадон қизиБу аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суҳбатларидан баҳраманд бўлиш шарафига эришган, икки дунё саодатини қўлга киритган, Аллоҳга давоми...

2876 19:29 / 21.04.2017
Анас ибн Молик Ибн Назр алАнсорий, алХазражий, анНажжорийнинг кунялари Абу Ҳамза, оналари машҳур саҳобия Умму Сулайм бинти Милҳон розияллоҳу анҳо.Анас ибн Молик давоми...

6707 19:50 / 21.04.2017