1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Фузайлнинг тавбаси

17:01 / 04.11.2021 3516 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ аввалда қароқчи, йўлтўсар эди. Битта, иккита мусофирни кўриб қолса уларни уриб, қўрқитиб молини олар эди.

Унинг тавбасининг сабаби қуйидагичадир:

У бир жорияни севиб қолади. У билан учрашиш учун унинг уйига боради. Девордан ошиб ўтаётганда қуйидаги оятни эшитиб қолади. Ичкаридан кимдир тиловат қилаётган эди:

«Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш, айни чоқда, олдин китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан қалблари қотиб қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими?!».

Бу оят Фузайлнинг қалбини забт этади. У: «Эй Роббим! Келди!», дея ўша лаҳзада қайтади. У бир харобага боради. У ерда кишилар сафарга чиқмоқчи бўлиб туришган экан. Улар ўзаро гаплашиб туришган эди. Уларнинг баъзиси «ҳозир йўлга чиқамиз», деса, бошқаси «эрталаб чиқамиз», ҳозир чиқсак Фузайл молимизни тортиб олади», дер эди. Шунда Фузайл ўзига деди:

«Ҳолингга вой эй Фузайл! Кечалари гуноҳ қиласан, мусулмонларни қўрқитасан!».

Сўнгра Фузайл уларни тинчлантириш учун олдиларига борди, томоғига йиғиси тиқилган ҳолда: «Батаҳқиқ, Аллоҳ йўлни Фузайлдан тозалади. Мана, у сизнинг қаршингизда тавба қилган ҳолида турибди! Умид қиламанки, бугундан бошлаб мени фақат Аллоҳга қочган ҳолимда, У Зотнинг Байтул Ҳароми олдида кўрасизлар!», деди.

Фузайл Маккага борди. Бутун вақтини ибодатга, илмга бағишлади. Натижада ислом тарихидаги тобеинларнинг энг буюкларидан бирига айланди.

Фузайл ибн Иёз ҳақида имом Заҳабий шундай дейди:

«Фузайл имом, етакчи, ишончли киши ва шайхул исломдир».

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади:

«Фузайл ишончли киши, обид ва имомдир».

Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳ айтади:

«Менинг наздимда ер юзида Фузайл ибн Иёздан афзал киши қолмади».

Имом Насоий роҳимаҳуллоҳ айтади:

«Фузайл ишончли ва солиҳ кишидир».

Буларнинг баридан шундай хулоса ясаш мумкин.

Ҳеч кимнинг ҳидоят топишидан умид узманг. Ширкдан кейинги энг катта гуноҳ одам ўлдиришдир. Ҳатто юзта одам ўлдирган шахс, яшаб турган жойидан чиқиб бошқа жойга кетаётганида унга ажали етиб ўлгани ва оқибатда уни раҳмат фаришталари олиб кетишгани ҳақида барчангиз биласиз.

Мусо алайҳиссалом билан баҳс қилгани келган сеҳргарлар мусулмон бўлишди. Улар эрталаб кофир эдилар, кечқурун мусулмон ҳолда Фиръавн томонидан дорга тортилиб шаҳид бўлишди. Дор уларнинг динидан қайтара олмади.

Умар розияллоҳу анҳу мушриклик даврларида мусулмонларга жуда қаттиққўл ва шафқатсиз эдилар. У киши ҳақида одамлар: «Умарнинг эшаги мусулмон бўлиши мумкин, аммо унинг ўзи мусулмон бўлмайди», дейишар эди. Сўнгра у зот мусулмон бўлдилар. У кишининг мусулмон бўлиши фатҳ, ҳижрати ғалаба ва халифалиги эса раҳмат бўлди!

Масаланинг иккинчи томонидан ҳам эҳтиёт бўлишимиз лозим. Мусо алайҳиссалом билан Мисрдан мўъмин ҳолда чиққан, Мусо алайҳиссалом уларга Аллоҳнинг изни билан денгиздан асолари билан йўл очган Бани Исроил қавми (яҳудийлар) денгиздан ўтиб олгач бузоққа ибодат қилиб қўйишди.

Бу қалбимиз Аллоҳнинг қўлида. Уни қандай истаса шундай қилади. Аллоҳдан сабот сўрайлик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам доимо: «Эй қалбларни ўзгартирувчи Зот! Қалбимни динингда собит қил!»- деб дуо қилар эдилар.

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф Қурайший розияллоҳу анҳумо саҳобалардан, у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

3230 13:59 / 25.07.2021
Имом Абу Довуд ва Насаийлар Амр Ибн Шуъайб розияллоҳу анҳудан, у ўз отасидан, у бобоси розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

1813 06:16 / 21.08.2024
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан бомдод намозини ўқидилар, сўнг .Фалончи келдими, давоми...

3074 11:00 / 06.01.2022
.Эй Аллоҳ, уни мол ва фарзанд билан ризқлантир ва унга барака бер, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларидан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга онаси давоми...

3551 11:00 / 22.05.2023