1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Мулла Абдулқодир Охунд

19:48 / 12.12.2022 1805 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Наманган шаҳрининг Ғунча мавзесида мўъжазгина бир масжид бор. Ушбу масжид фиқҳ илмининг билимдони Мулла Абдулқодир охунд шарафларига бунёд этилган. У зоти шариф 1887 йил шу мавзенинг «Заргарон» маҳалласида таваллуд топдилар. Қиблагоҳлари Абдусаттор охунд, боболари эса мулла Мир Ҳодий бўлиб, замонасининг илмли, фазилатли ва тақводор кишиларидан бўлишган.

Абдулқодир охунд ёшлигидан зукко ва илм-маърифатга ташна бўлиб улғайди. Ундаги ноёб салоҳият ва илмга бўлган муҳаббатни пайқаган ота-онаси унинг таълим-тарбиясига жиддий эътибор қаратди. Натижада, у отасидан араб, форс-тожик тилларининг сарфу наҳвини шунингдек, Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ ва ақоид каби илмларни пухта ўзлаштириб, етук мулла бўлиб етишди.

Мулла Абдулқодир ота-онасига бўлган ҳурмати, юксак билим, гўзал хулқ ва тақволари билан халқ орасида ҳурмат қозонди. Ҳалол ризқ талабида бўлган отаси Абдусаттор охунд деҳқончилик қилиб, рўзғор тебратган. Ўша вақтлари ерни омоч билан ҳайдаган Охунд домла оталарига терс ўгирилмай омочни тортар, қиблагоҳлари эса уни бошқарар эканлар. Орада қиблагоҳлари Абдулқодирга: «Ўғлим омочни менга қарамай, олд томонга қараб тортаверинг» — десалар, Охунд домла: «Отажон, сизга беадаблик қилиб, орқа қилолмайман», дея жавоб берибдилар. «Ундай бўлса, ҳўкизга бироз дам берайлик» — дея ҳазиллашар экан оталари. Фурсат бўлди, дегунча ота-бола бир-бирлари билан масала сўраб, савол-жавоб қилишар экан.

Маълумотларга кўра, Абдулқодир охунд домла ота-оналари ўлтирган уйнинг томига асло чиқмаган эканлар. Қолаверса берган ваъдаларга содиқ бўлиб, омонатга хиёнат қилмаганлар. Ҳазрат охунд домла узоқ йиллар «Ҳазрати Мавлавий» қабристонида гўрков бўлиб, халқ хизматда бўлдилар.

У зотнинг шогирдлари Носиржон ҳожи ота ҳикоя қилади:  «Дарҳақиқат, мулла Абдулқодир охунд ҳазратлари қабристондаги фаолиятлари давомида гўристоннинг бир четидан катта боғ барпо қилдилар. Ёзнинг жазирама кунлари пастда оқиб ўтувчи каналдан юқорига челаклаб сув ташиб, дарахтларни суғорардилар. Кунларнинг бирида охунд домланинг қийналиб сув ташиётганларини кўрган ўша даврнинг ҳокими Қодир Мамаросулов қабристонга сув торттириб бериб, Охунд домлага: «Энди қийналмай бемалол кечқурун дарахтларингизни суғоришингиз мумкин» - дебди. Охунд домла ҳокимнинг ҳақларига дуойи хайрлар қилибдилар. Нимадир бўлибди-ю шу тарафга йўли тушган ҳоким яна охунд домлани сув олиб чиқиб кетаётганларини кўриб қолибди. Дарров, тўхтаб, домла бувага: «Тақсир қийналманг деб, сув тушириб берсак ҳам яна сув ташиб юрибсизми? Ёки сув оқмай қолдими» - дебди Мамарасулов.

Ҳазрат Абдулқодир домла: «Йўқ ҳоким бува, сув жуда яхши оқяпти, бироқ, сувни дарахтларни суғоришга чиқазиб бергансиз. Бу ташияпганим ичгани ва таҳоратимга» дебдилар. Мамарасулов ҳазратнинг хулқ ва тақволарига қойил қолиб, «Бемалол таҳоратга ва кундалик юмушларингизда фойдаланаверинг домла», дебди. Шундан сўнг охунд домла сувдан фойдаланган эканлар».

Мулла Абдулқодир охунд домла Косонсойлик мулла Жўра (1886-1985) охунд ҳазратлари билан ҳамзамон ва яқин биродар бўлишган экан. Бир куни мулла Жўра охунд ҳазратлари ҳузурларига шаҳардан икки киши шаръий масалага ечим сўраб келишибди. Жўра охунд ҳазратлари келганларга масаланинг ечимини айтибдилар ва «Наманганлик биродарим мулла Абдулқодирдан ҳам яна бир сўраб оласизлар. У зот пешқадам олимлардан» деб, жўнатиб юборибдилар.

Аҳмаджон (1912-2004) ота ўғиллари Абдуғани ака қиблагоҳларидан эшитганларини шундай хотирлайдилар: «Устозимиз мулла Абдулқодир охунд домла ҳалим, тўғрисўз, ибодатгўй ва омонатдор эдилар. Ҳазрат охунд домламиз шаҳримизнинг жуда кўплаб машҳур уламоларининг дафнларида иштирок этиб, у зоти шарифларнинг муборак қабрларини кавлаш бахтига муяссар бўлганлар. Қолаверса, маҳалламиздаги жуда кўпчиликка таълим бериб илм ўргатганлар. Бир куни маҳалламиздаги хонадонлардан бирида ҳазрат охунд домламиз имомликка ўтиб турган пайтлари тўсатдан НКВД ходимлари келиб, ҳазрат охунд домламизни ушлаб кетишди. Сўроққа туган терговчи: «Хўш, тақсир хонадонларда имомликка ўтиб, болаларга сабоқ беряпган эмишсиз», дебди. Охунд домла бундан кейин имомликка ўтмайман деб аранг қутилиб чиқибдилар. Ҳақиқатдан ҳам охунд домламиз то вафотларига қадар, қайтиб имомликка ўтмадилар.

Ҳазрат охунд домланинг набиралари Маҳмудхон: «Бобом раҳматли Қуръон ва суннатни маҳкам тутган, камтар, самимий ва парҳезкор киши бўлганлар. Доимо бошларида дўппи, эгниларида яхтак ва чакмон, оёқларида эса маҳси-калиш бўларди», дея эслайди.

Хуллас, ҳазрат мулла Абдулқодир домла Абдусаттор охунд ўғиллари 1989 йил 102 ёшга етиб, боқий дунёга кўчдилар. Уларни ҳам «Ҳазрати Мавлавий» қабристонига дафн қилинди. Ҳозирги кунда бу зотнинг номларидаги маҳаллий масжид катта жомега айлантирилиб, қайта қуриш ишлари олиб борилмоқда. Аллоҳ у зотни Ўз ҳузурида яқин бандалари қаторида қилсин.

Ҳазрат Абдулқодир охунд домланинг оилалари ва фарзандлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак. Охунд домла Салтанатхон (1901-1995) ойим Тиллабой қизлари билан оила қуриб, бир ўғил, уч қизнинг қиблагоҳи бўлганлар. Фарзандлари Музаффархон (1944-2014), Маҳмудахон (1927-2009), Ҳуснияхон (1947), Асилахон (1951) аялардир.

Музаффархон тақсир Абдулахад қизлари Маъсудахон (1951-1997) ая билан турмуш қурганлар. Улардан олти ўғил, икки қизлари бор. Фарзандлари Муҳаммадхон (1971-1999), Маҳмудхон (1973), Маъруфхон (1976), Толибхон (1978), Мирзоҳид (1979) ва Абдулвоҳид (1982) лардир. Албатта, бундай бир қисқа рисолада улуғ инсон ҳаёти тавсифини мукаммал ёритиб кўрсатиш имконияти йўқ. Шундай бўлса-да ул зоти барокотнинг ҳаёт йўллари биз авлодларга ўрнак бўлса ажаб эмас.[1]

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов



[1] Ушбу маълумотлар мулла Абдулқодир охунд авлодлари ва шогирдлари билан суҳбат чоғида ёзиб олинди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зиёрат рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида Дўстмуҳаммад Насриддинов домланинг ибратли ҳаёт йўллари билан танишиб чиқамиз.Дўстмуҳаммад давоми...

6038 16:20 / 21.02.2018
МАВЗУШайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг 2014 йил 10 дeкабрда Москвадаги .XXI аср таҳдидлари ва жадаллашув даврида мусулмонларнинг вазифалари, мавзусидаги Х давоми...

5019 21:58 / 18.03.2020
У кишининг тўлиқ исмлари Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Абул Барокат Ҳофизиддин ан Насафийдир. У киши замонасининг етук олимларидан бўлиб, фиқҳ, усулул фиқҳ, давоми...

4532 22:20 / 27.04.2017
Мавлоно Абдулваҳҳоб қори 1907 йил, Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, Оғлуқ маҳалласи ҳозирги Қўқон кўчасида Баҳодир қори хонадонларида таваллуд топди.Отаси давоми...

2254 17:00 / 28.03.2022
Аудиолар

120785 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7060 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42351 14:35 / 11.08.2021