1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Ўн тўрт ёшида ҳофизи Қуръон бўлган мулла Исмоил қори

14:30 / 05.05.2022 2283 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мулла Исмоил қори 1904 йил, Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, (ҳозирги Тўрақўрғон кўчаси)да истиқомат қилувчи Мулла Олим (вафоти тахминан 1925 йиллар) мулла Саримсоқ домла ўғиллари хонадонида дунёга келди.

Отаси мулла Олим халифа замонасининг аҳли илм ва аҳли тариқат кишиларидан бўлган. У Қодирия тариқатининг раҳнамоларидан бири бўлиб, тариқатдаги устози, пири комили шайх Муҳаммад Муҳйиддин (Алавий) Муҳаммад Содиқ Бухорий (Варзоний) ўғлидан иршод ижозасини олган халифадир[1].

 

Бобоси мулла Саримсоқ домла ҳам ўқимишли ва зиёли кишилардан бўлган. Ҳазрат Исмоил қорининг волидаи муҳтарамаси Ачабиби ойим мулла Қорасоч эшон қизи (вафотлари тахминан1945 йиллар) бўлиб, илмли ва тақводор аёл бўлган. Қолаверса, маҳалладаги аёллар орасида ўзининг ҳурмати ва ўрнига эга ёши улуғ дуогўйлардан бўлган.

Мавлоно Исмоил ёшлигидан илмга серғайрат ва одоб-ахлоқли бола бўлиб камол топди. Дастлабки диний таълимни отаси мулла Олим халифадан олди. Ноёб истеъдод соҳиби Исмоил 6 ёшида арабий-туркий хат-саводни ўзлаштиради. Ундаги бу қобилиятни пайқаган отаси уни ўша даврнинг машҳур мударриси ва ҳофизи Қуръони Аҳмадхон тўрага шогирд қилиб беради. У устозидан Қуръони Каримдан сабоқ олиб, 14 ёшида ҳофизи Қуръон бўлиб етишади ва хонақоҳда хатми Қуръонга имомликка ўта бошлайди.

Кейинчалик, Исмоил қори устози Аҳмадхон тўранинг тавсиялари билан таҳсилни Кароматхон (1894-1984) эшон ва Боқихон (1903-1991) тўра домлаларда давом эттиради. У устозларидан тафсир, фиқҳ, ақоид ва ҳадис каби илмларни ўрганади. Шу тариқа мулла Исмоил қори 22 ёшида ўша даврнинг етук мулласи ва ҳофизи Қуръони бўлиб етишади.

Исмоил қорининг яшаган йиллари шўролар даврига тўғри келади. Шу боисдан, ҳазрат қори домла оиласи билан ипак қурти боқиб, пилла топширар ва катта ер олиб деҳқончилик қилган эканлар. 1941 йилда иккинчи жаҳон уруши бошланади. Шўролар Исмоил қорини Россиянинг Чельябинск ўлкасига меҳнат фронтига сафарбар қилади. 1945 йили Исмоил қори она юрти Наманганга қайтиб келади ва диққат-эътиборини онасининг хизматини қилиб, дуоларини олишга қаратади.

Исмоил қори араб, форс-тожик тилларни яхши биларди. Шу сабабли тиббиётга доир ёзилган «Дастур ул-илож», «Тиббун-набавий», «Хазинатул-асрор», «Тиббур-роҳма», «Маҳзан-ул-адвия», «Қарободин кабир» каби нодир адабиётлардан фойдаланиб, бир қанча инсонларга шифобахш гиёҳлардан дорилар тайёрлаб даволай бошлайди.

Яҳёхон ака қайноталари Исмоил қори домлани шундай хотирлайдилар: «Бир куни яқин дўстим билан учрашиб қолдим. Анча вақт дилдан суҳбатлашдик. Шу орада у 4 ёшлик қизининг қўли оқариб қолганидан ташвишга тушиб, нима қилишга боши қотиб юргани ҳақида менга айтиб қолди. Шунда мен қайнотам Исмоил қори домла яхши табиб эканликларини айтдим. Шунда дўстим ундай бўлса бизни бошлаб боринг, деди. Мен уларни бошлаб тўғри домламиз ҳузурларига олиб бордим. Ҳазрат Исмоил қори домла касалга диққат билан қараб, шундай дедилар: «Авваламбор ҳар бир дардга шифо бергувчи Аллоҳ, биз бир сабабчи холос», дедилар ва бир идишчада тоза сирка бериб, шу билан даволанишни айтдилар. Аллоҳнинг раҳмати ва инояти сабаб, ҳалиги қизча шифо топиб соғайиб кетди. Дўстим қизининг соғайиб кетишига сабабчи бўлган Исмоил қорининг ҳақларига доимо дуо қиларди. Ҳозирда дўстимнинг ўша қизи бир неча фарзандлик бўлиб, бир бахтли оиланинг уй бекасидир».

Бундан ташқари Исмоил қори домланинг Қуръон ўқиб, руқия солишда нафаслари ўткир бўлганини эътироф этиб, кўплаб инсонлар у зот сабабидан шифо топганини айтишади.

Маҳалладош қўшнилари бўлган Маҳмудхон (1953-2021) ака шундай эслайди: «Бир куни мени чаён чақиб олди. Дарров қори домламиз ҳузурларига дам солдиргани ошиқдим. Қори домламиз Қуръондан ўқиб дам сола бошладилар. Бироздан кейин танамдаги оғриқ тўхтаб, ухлаб қолдим».

Исмоил қори урушдан кейин турли корхоналарда намунали ишлаб, нафақага чиқдилар. Нафақа даврида маҳалладаги ёшларимизни панду насиҳатлари билан таълим-тарбияга чақирардилар. Мулла Исмоил қори домла 1991 йил ўғиллари Абдулваҳҳоб ҳамроҳлигида ҳаж ибодатини адо этиб қайтдилар. Ёшларимизга эса мустақилликнинг қадрига етиб, уни бардавом бўлишида баҳамжиҳат бўлишга чақирардилар.

Мулла Исмоил қори домланинг суҳбатларидан баҳраманд бўлиб, у зотдан таълим олишга муяссар бўлган шогирдлари жуда кўпчиликни ташкил қилади. Қуйида улардан баъзиларини келтириб ўтамиз:

Лутфуллохон домла, Жамолиддин қори, Зокирхон қори, Сирожиддин қори ва Маҳмудхон қори ва бошқалар.

Мулла Исмоил қори домла 1993 йили Рамазон ойининг еттинчи кунида бу фоний дунёдан боқий дунёга сафар қилдилар. Жанозаларига узоқ-яқиндан келган барча шогирдлари, хусусан, Ғуломжон ака, Ғайбуллохон ака, Ҳабибуллохон ака, Муҳаммадхон ака, Иҳёуддин ака ва бошқалар устоз Исмоил қори домланинг жасадларини ўзлари ювиб, кафанлашди. Шундай қилиб Наманган халқи яна бир ёши улуғ олим, фозили ва қорию мураттабидан айрилди. У киши шаҳарнинг катта қабристони «Мангулик» мозорига дафн қилинди. Аллоҳ ўтганларимизни раҳматига олсин, омин!

Исмоил қори домланинг оилалари ва фарзандлар тўғрисида қисқача тўхталиб ўтамиз. Ҳазрат Исмоил қори домла умрлари давомида 2 аёл билан турмуш қурганлар. Аввалги турмуш ўртоқлари Марҳаматхон ойим бўлиб, улардан фарзанд кўрмаганлар. Марҳаматхон ойимнинг умрлари қисқа экан, Исмоил қори билан 5 йил яшагандан сўнг оламдан ўтадилар. Исмоил қори домла 1947 йили кейинги аёли Раҳимахон (1926-2007) ойим  Охунмирза (сиркор уста) қори қизи билан турмуш қурадилар. Бу оила 2 нафар ўғил, 2 нафар қиз фарзанд кўради.

 

Фарзандлари Олимжон (1955-2005) ва Абдулваҳоб (1959) лар[2]. 

 

Ҳозирги кунда Исмоил қори домланинг фарзандлари, набира ва абиралари илм аҳли, Қуръон аҳли бўлиб, халқимизнинг хизматида бўлиб келмоқдалар.

Мустақил тадқиқотчи, Акрам Шарипов

 
 
 

[1] Ушбу иршод ҳозирда мулла Олим халифа авлодлари хонадонида сақлаб келинмоқда.

 

  

[2] Ушбу маълумотлар мулла Исмоил қори авлодларининг шахсий архивидан олинди.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳофиз улкабир Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдуссамад Тамимий Самарқандий адДоримий 182 ҳижрий санада Самарқанд шаҳрида дунёга давоми...

2966 21:58 / 27.04.2017
XIX аср охири ва XX асрнинг иккинчи ярмида яшаб ўтган машҳур мударрис, Қуръон ҳофизи Абдураҳмон қори 1894 йил Наманган шаҳри .Сардоба, даҳаси ҳозирги .Тўрақўрғон, давоми...

1162 17:39 / 09.12.2022
Мулла Абдулбоқи тўра Мавлонхон тўра ўғли 1903 йил Наманган шаҳри, Чуқур кўча даҳаси ҳозирги Хожам қабри маҳалласида зиёлилар оиласида дунёга келди. Насаби бир давоми...

2200 19:00 / 21.12.2021
У кишининг тўлиқ исмлари Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Абул Барокат Ҳофизиддин ан Насафийдир. У киши замонасининг етук олимларидан бўлиб, фиқҳ, усулул фиқҳ, давоми...

4536 22:20 / 27.04.2017
Аудиолар

120890 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7064 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42459 14:35 / 11.08.2021