1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Абу Наср Али ибн Ҳибатуллоҳ (иккинчи мақола)

11:00 / 27.09.2020 2208 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абул Қосим ибн Асокир айтадилар: «У кишининг оталари Ҳибатуллоҳ мўминлар амири Қоимбиллоҳга вазир, амакилари Ҳусайн Бағдодда бош қози эдилар. Ибн Мокуло 421 йил шаъбон ойида туғилганлар».

Ҳумайдий айтадилар: «Хатиб Бағдодийга ҳар сафар савол билан мурожаат қилганимда, китобга ишора қилардилар. Китобдан ўша масала ҳақида ўқиб олар эдим. Ибн Макулога қачон бир савол билан мурожаат қилсам, ёддан, худди китобдан ўқиб бераётгандек, дарҳол жавоб берардилар».

Абул Ҳасан Муҳаммад ибн Марзуқ айтадилар: «Хатиб Бағдодийнинг «Ал-Мўтаниф» китобларига Ибн Макуло салбий муносабат билдириб, уни тузатган ҳолда бир китоб ёзганликлари хабари келди. Ибн Макуло ҳузурларига келганларида, Хатиб Бағдодий бу тўғрида у кишидан сўрадилар. Ибн Макуло инкор этиб, бунга иқрор бўлмадилар ва: «Бу нарса хаёлимга ҳам келгани йўқ», – дедилар. Лекин ёзган китоблари енглари ичида эди. Хатиб Бағдодийнинг ҳурматлари юзасидан вафотларидан кейингина ушбу китобни ошкор қилдилар. У «Мустамирул авҳом» китобидир».

Муҳаммад ибн Тоҳир Мақдисий айтадилар: «Абу Исҳоқ Ҳабболнинг Абу Наср ибн Макулони мақтаб: «Ибн Макуло Мисрга хизматчи кийимида келганларида, биз у кишига эътибор бермадик. Кейин билсак, бу киши ҳадис илмининг алломаларидан эканлар», – деганларини эшитдим».

Абу Саъд Самъоний айтадилар: «Ибн Макуло оқил, олим, ориф, ҳофиз эдилар. Зеҳнлари ўткирлигидан, ҳатто у кишини «Иккинчи Хатиб» дейишарди. Наҳв олими, мужаввид, кўзга кўринган шоир эдилар. Шеърлари кўп, иборалари фасоҳатли, нақллари саҳиҳ бўлган бу кишига ўз замоналарида бағдодликлардан ўхшаши йўқ эди. Юрт кезганлар, Бағдодда истиқомат қилганлар».

Ибн Нажжор айтадилар: «Ёшликларидан илмни яхши кўрдилар. Ҳадис талабида бўлдилар. Устозларининг уйларига бориб, ҳадис эшитардилар. Илм истаб юрт кездилар, ҳадис соҳасида пешқадам бўлдилар. Адабиётда нозик дидли эдилар. У кишининг назм ва насрда асарлари бор. Халифа Муқтадийбиллаҳ у кишини Самарқанд ва Бухорога ҳукмдор Тамғонхондан байъат олиб келиш учун элчи қилиб жўнатдилар».

Ҳибатуллоҳ ибн Муборак ибн Давотий айтадилар: «Амир ибн Макуло билан бўлганимда менга: «Икки жилд ҳадис китобини олгин. Бирининг санадларини иккинчисининг матнларига, унисининг матнларини бунисининг санадларига аралаштириб юборгин. Мен уларнинг ҳаммасини ажратиб, асл ҳолига келтираман”, – дедилар».

Абу Тоҳир Силафий айтадилар: «Абул Ғаноим Нарсийдан Хатиб тўғриларида сўрадим. Шунда Абул Ғаноим: «У киши мисли тоғ. Бундайлар ҳақларида сўралмайди. Бу кишидек инсонни кўрмадик. Нима тўғрисида савол берсам, дарҳол жавоб берар ёки китобларни очиб, ундан аниқлаб берар эдилар», – дедилар».

Айтиб ўтилганидек, амир саволларга ўша заҳотиёқ жавоб қайтарганлар. Бу у кишининг хотиралари кучлилигидан дарак беради. Хатибнинг бу ишлари парҳезкор ва пухталикларига далолат қилади.

Бизга Ҳасан ибн Али, у кишига Жаъфар Ҳамадоний, у кишига Абу Тоҳир Силафий хабар бердилар: «Шужоъ Зуҳлийдан Ибн Макуло тўғриларида сўрадим. У киши: «Ибн Макуло ҳофиз, мукаммал фаҳм эгаси, сиқа, ҳадисшуносликда китоблар ёзган олим эдилар», – деб жавоб бердилар».

Ҳофиз Муътаман Сожий айтадилар: «Ибн Макуло аҳли илмнинг йўлини маҳкам тутмадилар. Шунинг учун ўзларидан ўзлари манфаат ола билмадилар».

Бу билан Ибн Макулонинг амирлар ҳайъатида юрганлари ва улар каби фаровон ҳаёт кечирганларига ишора қилганлар.

Ҳофиз Ибн Асокир айтадилар: «Исмоил ибн Самарқандийнинг: «Ибн Макулонинг бир неча ёш турк йигитлари бор эди. Ўшалар у кишини 470 йилдан ўтиброқ Журжонда ўлдиришди», – деганларини эшитдим».

Ҳофиз ибн Носир айтадилар: «475 йилда ҳофиз Ибн Макуло турклардан бўлган қуллари билан Кирмонга бораётганларида қуллари у кишини ўлдириб, молларини олиб қочишди». Ибн Нажжор ҳам шундай нақл қилганлар.

Ҳофиз Абу Саъд Самъоний айтадилар: «Ибн Носирнинг: «Ибн Макуло 486 ёки 487 йилда Аҳвозда ўлдирилдилар», – деганларини эшитдим».

Самъоний айтадилар: «Бағдоддан Хузистон томонга кетаётганларида ўша ерда 480 йилдан кейин ўлдирилганлар».

Ҳофиз Абул Фараж «Ал-Мунтазам» номли китобларида: «475 йилда ўлдирилганлар», – деганлар.

Бошқа бир ривоятда: «486 йилда ўлдирилганлар», – дейилган.

Бошқа бир тарихчи 479 йилда ўлдирилганларини айтган. Баъзилар 487 йилда Хузистонда ўлдирилганларини айтишган. Ҳар иккала хабарни қози Шамсиддин ибн Халикон ҳикоя қилиб: «У кишини қуллари ўлдириб, молларини олиб қочишди. Аллоҳ Ибн Макулони раҳмат айласин», – деганлар.

Бизга Муаммал ибн Муҳаммад ва Мусаллим ибн Аллон ёзган ҳолатда хабар бердилар. Уларга Зайд ибн Ҳасан, у кишига Абдурраҳмон ибн Муҳаммад, у кишига ҳофиз Аҳмад ибн Али хабар берганлар. У кишига Абу Наср Али ибн Ҳибатуллоҳ, у кишига Абу Иброҳим Аҳмад ибн Қосим Алавий, у кишига Абул Фатҳ Иброҳим ибн Али, у кишига Мусо ибн Наср ибн Жарир айтиб берган эканлар. У кишига Исҳоқ Ҳанзалий хабар берганлар. У кишига Абдураззоқ, у кишига Баккор ибн Абдуллоҳ айтиб берганлар. У киши Ибн Абу Мулайкадан, у киши Оишадан эшитган эканлар: «Ҳузуримда бир аёл менга эшиттириб гапираётган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар. Шунда ҳам аёл гапида давом этаверди. Сўнгра Умар кирдилар. Аёл қалтираб қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулиб юбордилар. Умар: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизни нима кулдирди?!» – деб сўрадилар. У зот бўлган воқеани айтдилар. Шунда Умар: «Аллоҳга қасамки, сиз эшитган нарсани эшитмагунимча, чиқиб кетмайман», – дедилар. Аёл у киши ҳам эшитадиган даражада гапларини давом эттираверди».

Хатиб айтадилар: «Санаддаги Абул Фатҳнинг ривояти қабул қилинмайди. Мусо ибн Насрнинг эса исми бошқа бўлса керак».

(Тамом)

Биринчи мақола

«Машҳур даҳолар сийрати» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
БисмиллаҳирРоҳманирРоҳиймПорлайпорлай тафти билан қалбларни иситган Қуёшим, қанисиз Наҳот ботган бўлсангизТўлишгандан тўлишиб камолга етган Тўлин Ойим, давоми...

5618 22:22 / 27.04.2017
Машҳур фақиҳ, усулий аллома шайх Муҳаммад Аднон ибн Ёсин Дарвиш 1970 йил 17 ноябрда Суриянинг Дамашқ шаҳрида таваллуд топган. Илмий шаҳодатлари ва фаолиятлари bull давоми...

4087 19:18 / 26.12.2019
Муҳаддис, илм талабида юрт кезган, садуқ Абул Ҳусайн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Моҳиён Журжоний.Найсобурда Дабарий, қози Исмоил, Тамтом, Али ибн давоми...

1852 10:00 / 01.11.2020
Оиша розияллоҳу анҳо айтади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Одамларнинг қай бири яхши, деб сўрашди. Шунда у зот .Менинг замондошларим. Сўнг кейингилар, сўнг давоми...

3061 10:01 / 23.02.2022
Аудиолар

211079 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

10430 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130338 14:35 / 11.08.2021