1445 йил 13 зулқаъда | 2024 йил 21 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Мени ўзгартирган уч китоб

17:01 / 05.05.2022 3767 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Барча китоблар ҳам инсоннинг маънавий камолотига хизмат қилавермайди. Одамга бадҳазм таом, заҳарли егулик каби ножўя таъсир этувчи қораламалар ҳам талайгина. Мутафаккир Лев Толстой уқтирганидек, «Ҳамма битикларни ўқийвериш ярамайди, дилда туғилган саволларга жавоб бера оладиган китобларнигина мутолаа қилмоқ лозим».

Шахсий кузатувларга кўра қуйидаги китобларни «Мени ўзгартирган китоблар» деб атагим келди. Ҳар бири маънавий хазина бўлмиш бу асарлар қалбни мумдек эритибгина қолмай, дунёқарашни ҳам ўзгартиради, тафаккурда янгиланиш ясайди. Зинадан поғонама-поғона чиқилгани каби бу китобларни ҳам силсилавий тарзда ўқишни тавсия этаман.

1. Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг «Руҳий тарбия» тўплами инсон ҳаёт тарзи, маънавий дунёсини буткул ўзгартира оладиган китоблар сирасига киради. У мўмин учун ҳаёт-мамот аҳамиятига эга «Тазкиятун-нафс» – нафс, қалб ва руҳни поклаш масалаларига бағишланган.

Китоб уч жуздан иборат. Биринчи жуз – «Покланиш»да нафс поклиги ва ахлоқ софлиги учун сув билан ҳаводек зарур бўлган илм, ибодат ва амаллар ҳақида сўз юритилади. Айни чоғда, бандани йўлдан тойдирувчи энг хатарли маънавий иллатларни муолажа этиш йўллари кўрсатилади.

Иккинчи жуз – «Тикланиш»да покланган нафсни юқори мақомотларга кўтариш борасида қимматли маълумот ва тавсиялар берилади.

Учинчи жуз – «Хулқланиш»да эса асосан Аллоҳ таолонинг хулқлари билан хулқланиш ва Расулуллоҳ алайҳиссаломга эргашиш шартлари, мазкур амалларнинг самараси мўмин бандада қай тарзда намоён бўлиши ҳақида сўз боради.

2. «Хислатли ҳикматлар шарҳи» – англаш ва ҳазм қилиш бирмунча қийин бўлган китоблардан. Менимча, кунига битта ҳикмат ва унинг шарҳини ўқиб, уқиб олиш кифоя қилади. Дарвоқе, мазкур китоб мутолаасидан аввал уч жилдли «Руҳий тарбия»ни ўқиган маъқул.

«Хислатли ҳикматли шарҳи» – мисрлик машҳур аллома ибн Атоуллоҳ ас-Сакандарий қаламига мансуб «Ҳикам ул-Атоийя» китобининг ўзбекча шарҳидир. Ушбу китоб муаллифнинг Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ҳамда бошқа исломий илмлардан олган хулосаларининг мухтасар ифодасидир. Ҳикматлар услуб ва маъно, шакл ва мазмун нуқтаи назаридан араб тилининг юқори «парда»ларида битилган. Асар ўз муаллифининг араб тили балоғати ва фасоҳатини пухта эгаллаган адиб эканига шоҳидлик беради.

Атоуллоҳ Сакандарий асари таржимасини ўқиган оддий китобхон ҳикматларнинг теран маъно қатламларини тўлиқ тушунмаслиги мумкин. Шу боис «Ҳикам ул-Атоийя» китобига бир қанча уламолар шарҳлар битганлар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ҳазратлари ҳам ҳикматларни замон ва макон ила боғлаб, мулоҳазага ундайдиган мисоллар билан бойитган.

3. «Мажолиси Ҳакимул-умма» («Уммат ҳакимининг мажлислари») – Ислом оламининг машҳур олими, «Баёнул Қуръон» соҳиби, 1500 га яқин китоб ёзган ҳазрат Ашраф Али Таҳонавий (1862-1943) раҳимаҳуллоҳ суҳбатлари жамланган ҳикматли китоб. Уни аллома, Покистон муфтийси Муҳаммад Шафеъ Усмоний (1897-1976) раҳимаҳуллоҳ жамлаган.

Китобдан илк парчаларни 20 йиллар аввал устоз Ёрқинжон қори Фозилов (1978-2021) раҳимаҳуллоҳ маърузаларида эшитиб жуда таъсирлангандим. Китоб илк бор ўзбек тилида 2021 йили Ёрқинжон қори Фозилов таржимасида чоп этилди.

Китоб муаллифи аллома Таҳонавийнинг мажлисларидан олган ўгиту сабоқлари қаймоғини таъсирчан тарзда баён қилган. Ҳикматга бой ажойиб ҳаётий ҳикоялар ва қиссадан ҳиссалар сизни ўйлашга, тафаккур қилишга ундайди. Мана ўша ибратли нақллардан бири!

Ҳазрат Ашраф Али Таҳонавий айтади: «Бир инсонга доимий яшаш учун ҳовли ҳадя қилинди. Унинг ижарада турадиган бошқа уйи ҳам бор. Ижарадаги уйи яқин, ўзига мулк қилиб берилган ҳовли эса узоқда экан. Икки уй ҳам хароб аҳволда. Ҳалиги одамнинг пули эса битта уйни обод этишга етади, холос. Шунда ўша одам: «Узоқдаги ўз уйимни таъмир қилгандан яқиндаги ижара уйни обод қилганим яхши», дебди. Буни эшитган ҳамма уни аҳмоқликда айблабди. Бизнинг ҳам мисолимиз шунга ўхшайди. Бизга ҳам бу дунё – ижарадаги ҳовли. Биз охиратдаги ўзимиз учун доимий манзил бўладиган уй қолиб, 70-80 йилга берилган ижара уйни обод қиляпмиз».

Давронбек Тожиалиев

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир бадавлат савдогар ёши бир жойга борганида ортида қолаётган молдавлатидан ташвишга туша бошлабди. Чунки унинг биргина ўғли бўлиб, у ҳам эрка ва тантиқ экан. давоми...

3143 09:00 / 04.01.2022
Фарзанд туғилибдики, тарбияга муҳтож бўлади. Отаона эса бу борада энг биринчи тарбиячи ҳисобланади. Бугунги кунда фарзандини ўқибўрганиши учун ҳаракат қилаётган, давоми...

2130 09:03 / 18.12.2023
Муборакфурий роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Сийратул имамил Бухорий, номли китобида келтиради.Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ бир кемага миндилар. Ёнларида минг динор пул бор давоми...

2110 11:00 / 21.10.2021
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, тожирлар қиёмат куни фожирлар ҳолида тирилтирилурлар. Аллоҳга тақво қилган, яхшилик ва ростгўйлик қилган бундан давоми...

2174 12:30 / 20.01.2022
Аудиолар

121707 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43150 14:35 / 11.08.2021