1447 йил 18 жумадис сони | 2025 йил 09 декабрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Сени соғиндик...

18:30 / 01.04.2022 2966 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сенинг ташрифинг олдидан барчамиз сени кутиб олишга ўзгача тайёргарлик кўрардик.

Келишингга оз кунлар қолганда юрагимизни ажиб ҳислар қамраб оларди.

Келганингни илк кунлариданоқ барчамиз масжидларга шошардик.

Сен келгач, тонгларимиз ўзгача отадиган, Қуёш ўзгача нур сочадиган бўларди.

Сен келгач, масжидлармиз намозхонларга тўлиб кетарди.

Сен келганингдан сўнг таҳажжуд ўқиладиган пайтда барчамиз уйғоқ бўлардик.

Сен келгач, барча намозларга, хусусан, бомдодга жуда кўп кишилар чиқадиган бўлишди.

Сен келганингда, ҳамма бир-бирини эъзозлар, яхшиликларни тинимсиз қиларди.

Сен борлигингда, уйимизда, ризқимизда, пулларимизда, вақтларимизда барака бор эди.

Сен келганингда, овқатланадиган пайтимиз ажиб хурсандчиликда ўтарди.

Сен борлигингда, масжидга боришни ўйлаб, тезроқ овқатланишга ҳаракат қилардик.

Сен борлигингда, ҳар куни масжидга борардик.

Сен борлигингда, ҳар куни Қуръон ўқирдик ва тинглардик.

Сен борлигингда ҳар куни мавъиза эшитардик.

Сен шу ердалигингда, уйимизга келадиган меҳмонлар ўзгача кайфиятда бўлишарди.

Сен борлигингда, ҳамма диндошларимизнинг юзларидан ажиб нурлар тараларди.

Сен борлигингда, барчамизнинг ибодатга бўлган рағбатимиз ортиб, гуноҳлардан узоқ юришга уринардик.

Сен борлигингда, фақирлар, етимлар, бева-бечораларнинг қозонлари ҳам гўшт билан қайнаб, уйларида тўкин-сочинлик, юзларида миннатдорлик ва шукроналик табассуми бор эди.

Сени ҳурмат қилиб, бир-биримиз билан урушмасдик, талашмасдик.

Сен кетишга шунақа тез шошилардингки, ҳатто кетиш пайтинг келиб қолганини сезмай ҳам қолардик.

Сенинг кетишингни истамай, ич-ичимиздан сиқилардик.

Қанийди кетмасанг, ёнимизда доим бўлсанг деган фикрлар, хаёллар оғушида бўлардик.

Кетадиган кунинг ичимиздан йиғи келиб, юракларимиз ўртаниб, эзилардик.

Кетаётганингда барчамиз маҳзун бўлиб, «Яна келишингни кўрармикинман?!» деган хавотирли савол хаёлимизни банд этарди.

Сен кетдинг-у, уйимиздаги, ризқимиздаги файзу барака камайгандек.

Сен кетдинг-у, масжидларимизда одамлар камайиб қолди.

Сен кетдинг-у, таҳажжуд пайтида саноқли кишиларгина уйғонадиган бўлиб қолди.

Сен кетдинг-у, масжидларга бомдод ва бошқа намозлар учун жуда оз одам борадиган бўлиб қолди.

Сен кетдинг-у, ейиш-ичишларимизда тартиб йўқолди.

Сен кетдинг-у, бир-биримизни алдаш, ҳақорат қилишлар аввалгидек давом эта бошлади.

Сен кетдинг-у, фақирлар, етимлар, бева-бечораларнинг аҳволи яна оғирлашиб, юзида маъюслик кўрина бошлади.

Қанийди сен келсанг-у, масжидларимизда яна одамлар кўп бўлса, барча намозлар қаторида бомдод ва хуфтонларга жамоат кўпроқ чиқса, тунлари кўпчилик уйғоқ бўлиб ибодат қилса, Қуръон доим ўқилса, қариндошлар холидан кўп-кўп хабар олинса, бир-биримизга мурувватларимизни аямай қилсак.

Сени соғинганмиз, барчамиз соғинганмиз, интизор бўлиб кутяпмиз, тезроқ келақол... Рамазон!

Нозимжон Ҳошимжон

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Олти йилдан бери кўнгил кундалигимга ёзиб келинаётган, лекин қоғозга туширишга журъатим етмаган, ҳаётимда аниқ ва тиниқ содир бўлган ушбу воқеаларни бугун ёзишни давоми...

3958 17:00 / 22.04.2022
Инсонда фаришталарга хос, шайтоний ва ваҳшийликхусусиятлар бўлади. Фаришталарга хос хусусияти ndash иймон, раҳм, тоатибодат, хушуъ ва нафсий юксалиш.Шайтоний давоми...

1907 18:00 / 12.04.2023
Рамазон ойида Қуръони Каримни хатм қилиб чиқишни мақсад қилинг Агар сиз аввал хатм қилмаган бўлсангиз, интернетда жуда кўп қориларнинг Қуръони Каримни ўқиган давоми...

6211 12:00 / 10.03.2024
Қуръон Аллоҳнинг каломи, ожиз қолдирувчи китоби ва Қиёматга қадар бандалар устидаги етук ҳужжатидир. Қуръон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рост давоми...

2468 17:01 / 20.04.2022
Видеолар

348 14:42 / 08 декабрь
Аудиолар

212010 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

131241 14:35 / 11.08.2021