1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Барчаси Рамазоннинг шарофати

11:45 / 14.04.2022 2259 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамазонда тунги нафл намозлар масжидларда жамоат билан ўқилади. Фиқҳий китобларимизда нафл намозларни жамоат бўлиб ўқишга доир турли фатволар бор. Хусусан, масжидда нафл намозларни жамоат бўлиб ўқишдан қайтарилади. Фақат Рамазон ойида таровеҳ намозларини, уларга қўшиб витр намозини жамоат бўлиб ўқиш суннатлигини жумҳур уламолар таъкидлаган. Шунга кўра, бутун Ислом оламида Рамазон ойида масжидларда мўмин-мусулмонлар таровеҳ намозларини жамоат бўлиб адо этишади, хатми Қуръонлар ўқишади. Буларнинг барчаси ушбу ойнинг фазилатларидандир.

Рамазон болаларни ибодатга қизиқтириш ва чиниқтириш фурсатидир. Саҳобаи киромлар болаларни рўза билан ибодатга ўргатар ва бунинг учун уларга одатдагидан ташқари эътибор беришар, турли ўйинчоқлар билан уларни ўйнатишар эди.

Рубaййиъ бинти Муъaввиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Биз ёш бoлaлaримизгa рўзa туттирaрдик ва улaргa жундaн ўйинчoқ қилиб бeрaр эдик, бирoртaси oвқaт деб йиғласa, тo ифтoр вақти бўлгунчa унга ўшани бeриб қўяр эдик».

Имом Бухорий ривояти.

Рўзадорнинг оғзидаги ҳид Аллоҳнинг наздида мушкдан кўра хушбўйроқдир. Аслида оғиздан ҳеч қачон хушбўй ҳид чиқмайди. Аммо рўзанинг шарофатидан ўша ёқимсиз ҳид Аллоҳ таолонинг наздида дунёдаги энг хушбўй нарса, хушбўйлик ҳақида гап кетганда зарбулмасал қилинадиган мушкдан кўра ёқимлик, хушбўйроқ саналар экан. Ана шундай фазилатга Рамазон шарофати билан эришилади.

Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир», деганлар».

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Шунинг учун ҳам, уламоларимиз куннинг иккинчи ярмида тишни мисвок қилмаган яхши, чунки мисвок Аллоҳнинг наздида мушкдан хушбўй саналган мазкур ҳидни кетказиб юбориши мумкин, дейдилар.

Рамазонда унутишнинг ҳам фазилати бор. Ибодатларда унутишга йўл қўйиш аслида яхши саналмайди. Аммо рўзадорнинг унутиши ҳам унга Аллоҳ таолонинг икроми, инояти ва фазлу марҳаматининг нишонаси бўлади.

Деярли барча саҳиҳ тўпламларда Aбу Ҳурaйрa розияллоҳу анҳудaн ривoят қилинган ҳадисда Нaбий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар эсда йўқ еб-ичиб қўйсa, рўзaсини тугал қилсин. Чунки уни Aллoҳ тaoмлaнтирибди ва суғорибди», дeганлaр.

Рамазонда яхши амалларнинг ажру савоби бир неча барорбарга кўпайтириб берилади. Рамазон ҳақида Салмон Форсийдан ривоят қилинган узун ҳадисда жумладан: «Ким унда ихтиёрий равишда бир яхши иш қилса, худди бир фарзни адо этгандек бўлади. Ким унда бир фарзни адо этса, худди етмишта фарзни бажаргандек бўлади», дейилган.

Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Рўзанинг шундоқ ҳам бошқа амалларга нисбатан ажри бир неча баробар кўп бўлгач, Рамазоннинг рўзаси ҳам бошқа рўзаларга нисбатан бир неча баробар устун бўлади. Бу унинг вақтини шарофати ва у Аллоҳ фарз қилган рўза бўланлиги ҳамда У Зот бу рўзани Ислом барпо қилинган аркон – устунларнинг бири қилгани эътиборидандир».

Рамазонда яхши амал қилган киши табиий равишда уни рўзадор ҳолда бажаради. Бир амални ибодат ичида қилиш уни бошқа пайт қилишдан кўра фазилатли ва савобли бўлади.

Фойдаланилган манба:

Islom.uz сайти

Хуршид Маъруф тайёрлади

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муборак Рамазон ойи якун топди, энди шу вақт оралиғида нималарни якка ва умумий тартибда ўрганганимиз ҳақида ўйлаш вақти келди ndash ҳар биримиз Абадий, Энг Олий, давоми...

5361 11:00 / 21.04.2023
Баъзилар .Рўзадорни тўйдирган одам рўза тутганнинг савобини олади,, деган гапни хато талқин этади, ифторлик маросими уюштириб, кўп одамларни чақиради, кейин ўзи давоми...

1827 16:09 / 28.03.2023
Маълумки, Қадр сураси Қуръоннинг нозил бўлиши, Қадр кечаси ҳақидадир. Барча сураларда бўлганидек, ушбу сурада ҳам эъжоз ақлни лол қилиб, ожиз қолдирувчи нарса давоми...

4319 17:00 / 08.05.2021
Бугун эрта тонгдан юртимизнинг барча масжидлари қатори .Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, жоме масжидида ҳам Рамазон ҳайити муносабати билан байрам намози давоми...

4073 06:39 / 13.05.2021