1446 йил 10 рабиъус сони | 2024 йил 13 октябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон

Рамазонни қаршилаб

16:09 / 28.03.2023 1109 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баъзилар «Рўзадорни тўйдирган одам рўза тутганнинг савобини олади», деган гапни хато талқин этади, ифторлик маросими уюштириб, кўп одамларни чақиради, кейин ўзи рўза тутмай юраверади. Бу одат мутлақо янглиш тушунча окибатидир.


Аввало, бу гапдан ўзи рўза тутмаса бўлаверади деган хулоса чиқмайди. Қолаверса, ҳеч бир савоб иш фарз ибодатни тарк қилишга сабаб бўла олмайди.


Ифторлик қилиш деганда, албатта дастурхон ёзиб, тўп-тўп одам айтишни тушунмаслик керак. Камбағал, муҳтож кишиларга таом ёки керакли маблағни бериш энг яхши ифторликдир. Чунки шуниси риёдан холи бўлади.


Баьзи ифторликларда дабдабага берилиб кетиш, ношаръий ишларни аралаштириб юбориш ҳоллари ҳам учраб туради.


Бунга ўхшаш ҳолатларни тугатиш зарур.
Мискинга таом бериш рўза тутишнинг ўрнига ўтиши эса, фидя бериш дейилади. Бунга Қуръони Каримда рухсат берилган. Бироқ фидяга ўта қариликлари, дармонсизликлари сабабли рўза тута олмай қолган отахон ва онахонлар ҳақлилар, холос. Уламоларимиз бу тоифага тузалишидан умид йўқ, сурункали касалга чалинган кишиларни ҳам қўшганлар. Фақат ана шу тоифадаги кишиларгина рўза ўрнига фидя беришлари мумкин. Қолганларга бу рухсатнинг дахли йўқ. Бошқа кишилар дунёдаги барча мискинларни тўйғазсалар-да, фарз рўзанинг бир соати ҳам улардан соқит бўлмайди. Мўмин-мусулмонман деган одам балоғатга етганидан бошлаб Аллоҳ таолонинг амрларини бажариши зарурдир. Ана шу даврдан бошлаб ҳар бир қилган иш номаи аъмолига ёзила боради ва Қиёмат куни ҳисоб-китоб қилинади. Ёшликда қилинган ибодатнинг эса фазилати ўзгача.


Шу билан бирга, баъзи узрли кишиларга рўзани қазо қилишга, яъни Рамазон ойида узрли сабаб билан тута олмаган ҳар бир кун ўрнига бир кундан рўза тутиб беришга рухсат этилган. Бу тоифага сафардаги кишилар, оғир касаллар, ҳайз ёки нифосли, ҳомиладор ҳамда ўзларига ёки болаларига зарар етишидан қўрққан эмизикли аёллар кирадилар.


Рамазон ойида сафарга чиққан одамга йўл қийинчиликлари сабаб кейин қазосини тутиб беришга рухсат этилган.


Қийналмаса, рўзани сафарда тутса ҳам бўлаверади. Рамазон шарофати ила солиҳ амалларнинг савоби кўпайиши билан бир қаторда, қилинган гуноҳларнинг даражаси кучайишини ҳам билиб қўйиш керак. Рўзадор киши бефойда, ёлғон, туҳмат, бўхтон гап-сўзларга мутлақо яқин йўламаслиги, бошқа биров уриш-жанжал бошласа, мен рўзадорман, деб четланиши керак. Ана шундагина рўзаси баркамол бўлиб, кўзлаган мақсадига эришади. Рўза тутган одам Аллоҳни кўпроқ зикр қилса, Қуръон ўқиса, нур устига нурдир.


Фитр садақаси эса инсон ўзини поклаши, рўзада йўл қўйилган баъзи камчиликлар ўрнини тўлдириши, камбағал ва муҳтожларга ёрдам бўлиши учун жорий қилинган молиявий ибодатдир. Бу молиявий ибодатни ҳар бир мусулмон, киши бошига кўра, адо этади. Камбағал мусулмонлар эса ундан фойдаланади.


Абу Ҳомид Ғаззолий рўзадор одам оддий вақтлардаги нонуштасини саҳарлик, кечки овқатини ифторлик қилгани маъқул, дейди. Зотан рўзанинг ҳикмати ҳам шунда. Яъни, оддий вақтдан кўра оз таом истеъмол қилишдадир.


Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарликни охирги вақтгача чўзиб боришни, ифторликни вақти кирган заҳотиёқ бошлашни қайта-қайта таъкидлаганлар. Шунингдек, у зоти шариф улаб тутишдан, яъни атай ифторлик ва саҳарлик қилмай рўза тутишдан қайтарганлар.


Ифтор вақтида астойдил дуо қилиш ҳамда ҳўл ва ширин нарсалар билан оғизни очиш ҳақида ҳам кўплаб ҳадислар келган. Рамазон тунларини ҳам иложи борича ибодат билан ўтказишга уриниш зарур.
Аллоҳ таоло ҳаммамизни Рамазонга қайта-қайта етказсин. Рамазон рўзасини тўла-тўкис адо этишни насиб айлаган бўлсин!


Ирфон тақвимидан олинди


Ушбу тақвим Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2014 йил 15 майдаги 1605-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсонда фаришталарга хос, шайтоний ва ваҳшийликхусусиятлар бўлади. Фаришталарга хос хусусияти ndash иймон, раҳм, тоатибодат, хушуъ ва нафсий юксалиш.Шайтоний давоми...

1285 18:00 / 12.04.2023
11. Солиҳлардан бирлари айтадилар .Банда гуноҳ билан неъмат орасида бўлади. Гуноҳга ҳам, неъматга ҳам муносиб амал истиғфор ва ҳамддир. Шундай экан, ҳамдни давоми...

2070 11:00 / 26.04.2022
Таровеҳ намозини Рамазон ойида Хуфтон намозидан сўнг Бомдод намозигача ўқиш баъзилар мустаҳаб деган бўлсада, аслида, суннати муаккададир. Уни эркаклар ҳам, давоми...

3918 13:30 / 12.04.2021
Рўзадор ўзини фақатгина Аллоҳнинг зикри учун бағишлаши керак, телевизор кўриш учун эмас. Рўзадор намоз учун, қиёмул лайл таровеҳ, Қуръон тиловати ва унинг оятлари давоми...

2996 09:30 / 06.04.2022
Аудиолар

131623 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

52099 14:35 / 11.08.2021