1445 йил 10 зулқаъда | 2024 йил 18 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Салафи солиҳларимизнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатлари (тўртинчи мақола)

11:00 / 02.11.2020 1224 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Тобарий ва Ибн Касирлар заиф санад билан ривоят қилганлар: «Абу Суфён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига, Мадинага келганда қизи, мўминларнинг онаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфту ҳалоллари Умму Ҳабийба розияллоҳу анҳонинг олдига кирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўшакларига ўтириш учун бораётганида онамиз кўрпачани дарҳол тортиб олдилар. Абу Суфён ҳайрон бўлиб, «Ҳа, қизгинам, нима бўлди? Бу кўрпачани менга раво кўрмаяпсанми ёки мени кўрпачага раво кўрмаяпсанми?» деб сўради. Умму Ҳабийба розияллоҳу анҳо «Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрпачалари. Сен мушриксан, нажассан! Сенинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрпачаларига ўтиришингни истамадим» дедилар. У «Аллоҳга қасамки, сенга мендан кейин ёмонлик етибди» деди».

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу саҳобаи киромларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламникига келгандаги ҳолатларини, у зоти бобаракотга озор бериб қўймасликка бўлган ҳарисликларини тасвирлаб айтадилар «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшиклари тирноқлар билан чертилар эди».

Имом Бухорий, Байҳақий ривоят қилишган.

Гўё мен асри саодатда яшаган ўша зотларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқул аълога интиқол қилганларидаги аҳволларини кўз олдимга келтиряпман. Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида Абу Бакр Сунҳда эди. Умар ўрнидан туриб, «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлганлари йўқ» дерди. Онамиз айтадилар: «Умар «Аллоҳга қасамки, (ўша пайтда) қалбимда фақат шу фикр бор эди. Аллоҳ таоло у зот алайҳиссаломни тирилтиради ва у зоти бобаракот (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлди деган) кишиларнинг қўл ва оёқларини чопадилар» деб ўйлардим». Кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларини очди-да, ўпди ва «Отам ва онам сизга фидо бўлсин! Тириклигингизда қандай ёқимли бўлсангиз, вафотингиздан кейин ҳам шундай ёқимлисиз. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ сизга иккита ўлимни тоттирмайди» деди».

Имом Бухорий ривоят қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дафн қилинганларида Фотима розияллоҳу анҳо Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга «Ҳой Анас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устларига тупроқ тортиб хурсанд бўлдингларми?!» дедилар.

Имом Бухорий ривоятлари.

Анас розияллоҳу анҳу айтадилар:

«У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни Мадинага кирган кунлари кўрдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга (Мадинага) келган кунларидагидек гўзал, нурли кунни ҳеч кўрмаганман. У зот алайҳиссаломни вафот этган кунлари кўрдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган кунларидагидек ёқимсиз, зулматли кунни ҳеч кўрмаганман».

Имом Аҳмад, Доримий, Ибн Абу Шайба ривоят қилишган. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг саҳобаи киромлар у зоти бобаракотнинг исмларини, йўлларини эҳтиром қилишлари, сўзларини, суннатларини улуғлашлари давом этди.

Соиб ибн Язид раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади:

«Масжидда турганимда бир киши мени майда тош отиб чақирди. Қарасам, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу эканлар. У киши менга «Бориб, анави иккитасини менга олиб кел!» дедилар. Уларни олиб келдим. У зот улардан «Кимсизлар ёки қаерликсизлар?» деб сўрадилар. Улар «Тоиф аҳлиданмиз» дейишди. Шунда (Умар розияллоҳу анҳу) агар шу шаҳар аҳлидан бўлганингизда адабингизни бериб қўярдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида овозларингизни кўтарасизларми?!» дедилар».

Имом Бухорий ривоятлари. 

Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий ва Насаийлар ривоят қиладилар:

«Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ ҳусн учун вашм қилувчи аёлларни, вашм қилдирувчи аёлларни, мўйчинак ила терувчи аёлларни, мўйчинак ила тердирувчи аёлларни ва тиш орасини очувчиларни, Аллоҳнинг яратганини ўзгартувчиларни лаънатласин», деди.

Бу гап Бани Асадлик, Қуръон қироат қиладиган Умму Яъқуб исмли аёлга етди.

У келиб бу ҳақда сўради. Бас, У(Ибн Масъуд): «Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаган кимсани лаънатламас эканман. Ҳолбуки, бу Аллоҳнинг китобида бор», деди.

«Батаҳқиқ мусҳафнинг икки муқоваси ичидаги нарсани ўқидим. Буни топмадим», деди аёл.

«Агар яхшироқ ўқиганингда уни топар эдинг. Аллоҳ таоло: «Расул сизга нени берса олингиз ва У сизни недан қайтарса қайтингиз», деган», деди у.

«Шу нарсадан баъзисини сенинг хотинингда бор деб ўйлайман», деди аёл.

«Бориб, назар сол», деди у.

Аёл унинг хотини олдига кириб ҳеч нарса кўрмади ва қайтиб келиб: «Бирор нарса кўрмадим», деди.

«Аммо ўша нарса бўлганида у билан жам бўлмас эдик», деди Абдуллоҳ».

Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Муҳаммаднинг саҳобалари Муҳаммадни яхши кўрганчалик бирор киши бирор кишини яхши кўрганини кўрмадим».

Имом Тобарий, Ибн Касир раҳимаҳумаллоҳ заиф санад билан ривоят қилишган.

Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатинглар қандай эди?» деб сўралди. У киши «(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам) биз учун молларимиздан, болаларимиздан, оталаримиздан, оналаримиздан ва ташналик пайтидаги муздек сувдан-да маҳбуброқдирлар» дедилар».

Ривоят қилинишича, Жаъфар Содиқ, Аъмаш, Қатода, Молик ибн Анас, Лайс ибн Саъд, Бағавий ва бошқа улуғлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фақат таҳоратли ҳолларидагина ҳадис айтишарди.

(Давоми бор)

Муҳаммад Вафийқ Зайнулобидин мақоласи асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом илм дини бўлиб, илм ислом тарафтадир. Аввал ғарбликлар Исломни ҳам бошқа динлар каби, илмга қарши қўйдилар. Аммо Исломда ҳаммаси бошқача бўлиб чиқди. Илм давоми...

3165 15:30 / 26.06.2019
. .Айбингни ўта яхши билатуриб дўст бўлгандан бошқа ҳеч ким сенга дўст бўлмас. Бу эса карамли Хожангдан бошқа эмас. Дўст тутинганларнинг энг яхшиси давоми...

1535 11:00 / 27.12.2020
Қуръони Каримда закотнинг фарзлиги ва унинг фазилатлари ҳақида бир неча ояти карималар нозил бўлган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло .Намозни тўкис адо этинглар, закот давоми...

1534 18:30 / 19.03.2020
Ислом таълимоти бўйича мол аслида Аллоҳ таолонинг молидир, уни қўлида тутиб турган одамники эмас. Агар дунёда бирор кимса мулкка эгалик қилаётган бўлса, ҳақиқий давоми...

2831 10:20 / 09.12.2018
Аудиолар

121564 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43042 14:35 / 11.08.2021