1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ислом – илм дини

19:30 / 13.10.2019 2909 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Юқорида зикр қилинган далил ва ҳужжатлардан Ислом инсонларни илмга тарғиб қилибгина қолмай, балки ўзи ҳам айнан илмий асосга эга эканини билиб оламиз. Исломнинг дин сифатида мавжудлигининг ўзи унинг илмий хақиқатнинг айни ўзи эканини англаб етамиз. Исломнинг ҳамма таълимотлари илмий доирада эканини тушунамиз.

Айниқса, ақийда масаласида келган исломий таълимотларнинг илмийлиги оддий равишда бўлмай, бу борада фақатгина ўта ишончли, содиқ хабарларгина ҳужжат ва далил бўла олиши шарт қилиб қўйилганини тушуниб етамиз.

Шунинг учун ҳам Исломда ғайбий нарсаларга ҳужжат сифатида мутавотир – ўта ишончли хабарларга асосланган ҳолда ёндашилади. Мазкур ғайбий нарсаларга эътиқод қилишда асосан Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифларда келган хабарларга суянилади.

Аввал ғарбликлар Исломни ҳам бошқа динлар каби, илмга қарши қўйдилар. Аммо Исломда ҳаммаси бошқача бўлиб чиқди. Илм ривожланиб борган сари унинг Исломда келган маълумотларни тасдиқлаши кучайиб борди. Аста-секин Ислом ақийдасида келган маълумотларнинг тўғрилигига илмий кашфиётларни далил сифатида келтириш йўлга қўйилди. Бу иш ҳозир ҳам давом этмоқда. Шу тариқа Исломдаги ақийдавий масалаларга илмий далил келтириш юзага чиқди.

Охири келиб, Ислом ақийдаларининг далиллари Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлар, ақл ҳамда илм асосида тақдим қилинадиган бўлди.

Бахтли ҳаёт йўлида мусулмон инсон қўядиган ҳар бир қадам энг ишончли илм – Аллоҳ таоло берган илм асосида экани зинҳор унутилмаслиги керак. Ушбу илмда ҳеч қандай инсоний хаёл, тахмин ва гумон йўқ, балки Ислом келтирган ҳар бир кўрсатма ўта ишончли илмга суянгандир.

Хўш, Аллоҳ таоло тарафидан инсонни икки дунё саодатига элтувчи қилиб юборилган, ўта ишончли илмга асосланган ўша Ислом динининг мақсадлари нималардан иборат?

Ислом таълимотларининг барчаси, шариат аҳкомларининг ҳаммаси инсонни мукаммал бахт-саодат билан таъминлашга қаратилгандир. Бу ҳақиқатни тушуниб олишимиз учун «Исломнинг мақсадлари нималардан иборат?» деган саволга жавоб беришнинг ўзи кифоя.

Бу саволга Ислом уммати салкам ўн беш асрдан буён бир овоздан «Исломнинг мақсадлари динни, жонни, ақлни, наслни ва молни асрашдан иборат», деб жавоб бериб келмоқда.

Инсоннинг бахту саодатига оид барча бугунги кунда кўтарилаётган масалалар мана шу беш муҳим нарса – дин, жон, ақл, насл ва молни асраш, муҳофаза қилиш иши билан боғлиқдир.

Ислом кишиларни бирор ишга буюрган бўлса, ушбу беш нарсани асраш учун буюргандир.

Ислом кишиларни бирор нарсадан қайтарган бўлса, ушбу беш нарсани муҳофаза қилиш учун қайтаргандир.

Имом Ғаззолий ўзларининг «Мустасфо» номли усулул фиқҳ илмига оид китобларида шундай дейдилар:

«Шариатнинг инсонни яратишдан кўзлаган мақсадлари бешта бўлиб, у халойиқнинг динини, жонини, ақлини, наслини ва молини муҳофаза қилади. Ушбу беш аслнинг муҳофазасини ўз ичига олган ҳар бир нарса маслаҳа – манфаатдир. Бу бешликка зарар етказадиган ҳар бир нарса мафсада – бузуқликдир. Ана шу зарарни даф қилиш ҳам маслаҳа, яъни манфаатдир».

Мақсади шундай олий даражада бўлган тузумгина инсон бахтини етарли даражада таъминлай олиши мумкин.

Ислом ана ўша олий мақсадни амалга оширган, йўлга қўйган ва улар билан инсонларни манфаатлантирган. Бу улкан ҳақиқатга тарих шоҳид, кўҳна инсоният шоҳид.

«Мукаммал саодат йўли» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу ёшда қиз болалар баъзи нарсаларга эҳтиёж сезишадиБиринчи Отаонасидан, муаллимларидан, тарбиячиларидан гўзал ўрнак. Бу босқичда қизлар ҳар қандай салбий давоми...

2976 09:10 / 17.09.2019
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳуга .Эй мўминларнинг амири Аллоҳга қасамки, Исломни қабул қилганингиз динга ёрдам бўлди. Амирлигингиз фатҳларга давоми...

1720 07:10 / 20.05.2019
Имом Кисоий ҳикоя қилади .Бир аёлни кўриб қолдим. У ўғилчасини илм ҳалқасига боришга ундарди. Болакай боришни истамай қочиб, югуриб юрарди. Шунда аёл .Ўғилчам давоми...

6127 09:00 / 01.07.2022
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғизларини намоз ўқишдан олдин бир неча дона ҳўл хурмо билан очар эдилар. Агар ҳўл хурмо давоми...

2707 17:00 / 13.05.2020
Аудиолар

211029 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130289 14:35 / 11.08.2021