1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аллоҳ жинларни нима учун яратди?

16:05 / 13.10.2019 5093 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жинлар ирода ва ихтиёрли, илм ва маърифатга қобилиятли, иймон ва ибодатга таклиф қилинган ҳамда куфр ва исёндан қайтарилган махлуқотлардир.

Аллоҳ таоло Зарият сурасида марҳамат қилади:

«Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим. Улардан ризқ ирода қилмасман ва Мени таомлантиришларини ҳам ирода қилмасман» (56-57-оятлар).

Демак, инсон каби жин ҳам Аллоҳ таолога ибодат қилиши лозим.

Аллоҳ таоло Анъом сурасида марҳамат қилади:

«Эй жин ва инс жамоалари! Сизларга оятларимни қисса қилиб берадиган, сизларни ушбу кунингизга йўлиқишингиз ҳақида огоҳлантирадиган ўзингиздан бўлган расуллар келмадими?» Улар: «Ўзимизга қарши гувоҳлик бердик», дерлар. Уларни дунё ҳаёти алдаб қўйди ва кофир бўлганларини айтиб, ўзларига қарши гувоҳлик бердилар» (130-оят).

Ушбу оятда жин ва инс жамоаларига Аллоҳ таоло томонидан берилаётган савол уларга ўзларидан бўлган пайғамбарлар борган-бормаганини билиш учун эмас. Чунки Аллоҳ таоло пайғамбарлар юборганини жуда яхши билади. Аммо савол жину инсларга ўзларидан бўлган пайғамбарлар келганига уларни иқрор қилдириш учун берилмоқда. Қиёмат куни бутун махлуқот маҳшар майдонида тўпланганида, кофир жинлар ва кофир инсларнинг иқрор бўлиб, айбларини бўйинларига олишлари, ўзларига ўзлари қарши гувоҳлик беришлари учун шундай савол ташланмоқда.

Қиёмат куни Аллоҳ таоло улардан:

Эй жин ва инс жамоалари! Сизларга оятларимни қисса қилиб берадиган, сизларни ушбу кунингизга йўлиқишингиз ҳақида огоҳлантирадиган ўзингиздан бўлган расуллар келмадими?» деб сўраганда,

«Улар: «Ўзимизга қарши гувоҳлик бердик», дерлар».

Яъни «Иқрормиз, бизга ўзимиздан чиққан пайғамбарлар келиб, оятларингни айтиб берганлар ва ушбу қиёмат кунига дучор бўлишимиз ҳақида огоҳлантирганлар», дейишди.

«Уларни дунё ҳаёти алдаб қўйди ва кофир бўлганларини айтиб, ўзларига қарши гувоҳлик бердилар».

Ушбу оятда жинлар жамоасига пайғамбарлар келганига ишора қилувчи маъно бор. Аммо бошқа ўринларда бу ҳақда аниқ оят ёки ҳадис йўқ. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам инсларга, ҳам жинларга Пайғамбар эканлари Қуръонда ҳам, суннатда ҳам, воқеъликда ҳам собит ҳақиқатдир.

Демак, кофир жин ва инслар қиёмат куни юқорида таърифланган ночор ҳолга тушадилар. Уларнинг бу кўйга тушишларига дунёдаги қилмишлари сабаб бўлади. Чунки бу дунёда

«Уларни дунё ҳаёти алдаб қўйди».

Улар дунё ҳаётининг матоҳларига алданишди. Унинг кетидан юриб, кофир ва осий бўлдилар. Охир-оқибат

«...ва кофир бўлганларини айтиб, ўзларига қарши гувоҳлик бердилар».

Бу эса улар ўзларини ҳимоя қилишга ҳеч қандай баҳона топа олмай, ноилож қолишларининг ёрқин далилидир. Аллоҳ таоло барчани ана шундай қилиб огоҳлантиради, пайғамбар юборади ва бандаларнинг ўзларини иқрор қилдиради.

«Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ва ноанъанавий даволаш каби ишларнинг бор ҳақиқати» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
30. Фитр садақасининг фазилати. Фитр садақаси Рамазонга хос молиявий ибодатдир. Имом Дайламий Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда .Рамазон ойи ер билан давоми...

2568 17:09 / 07.05.2020
Вуҳайб ибн Вирддан ривоят қилинади .Ийсо алайҳиссалом бир ҳаворийлари Ҳаворий ndash Ийсо алайҳиссаломга иймон келтирган саҳобий билан кетаётиб, қалъада яшайдиган давоми...

2711 08:04 / 26.09.2020
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг изларидан одамларнинг орасига борсам, ўзимга ўзим мунофиқ ёки узрли одамга ўхшаб кўринавердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

2819 14:40 / 18.12.2018
Аввало ғийбатчи қиладиган ғийбати туфайли Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлишини билиб қўйиши керак. Шунингдек, унинг савоблари ғийбат қилинган одамга олиб давоми...

3442 17:00 / 12.01.2019