1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ёлғонни тарк қилиш буюк фазилатдир (давоми)

14:40 / 18.12.2018 2729 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг изларидан одамларнинг орасига борсам, ўзимга ўзим мунофиқ ёки узрли одамга ўхшаб кўринавердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табукка етиб боргунларича мени ёдга олмадилар. Табукда одамлар ичида ўтирганларида:

– Каъб ибн Молик нима қилди? – дедилар.

Бану Салама қабиласидан бир киши:

– Эй Аллоҳнинг Расули, у икки чопонига ва ёнбошига маҳлиё бўлиб қолди, – деди.

Шунда Муъоз ибн Жабал ҳалиги одамга:

– Яхши гап айтмадинг, – деди ва: – Эй Аллоҳнинг Расули, унинг фақат яхшилигини биламиз, холос, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам индамадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Табукдан қайтиб келаётганларининг хабарини эшитгач, мени ғам босди. Ёлғон гапиришни ўйлай бошладим. «Эртага у кишининг ғазабидан қандай қутуламан», дер эдим. Ҳар бир фикрли одамнинг олдига бориб, бу ҳақда маслаҳат сўрар эдим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етиб келдилар. Сафардан қайтганда қиладиган одатлари бўйича, биринчи масжидга кирдилар, икки ракъат намоз ўқидилар. Сўнгра ўтириб, одамлар билан сўрашишни бошладилар. Ғазотга бормай қолганлар келиб, у кишига узр айтиб, қасам ича бошладилар. Саксондан кўпроқ одам эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг сиртдан айтган узрларини, байъатларини қабул қилдилар, улар учун истиғфор айтдилар ва ичларидагини Аллоҳга ҳавола этдилар. Навбат менга келди. У кишига салом берган эдим, заҳарханда жилмайдилар ва:

– Бу ёққа кел! – дедилар. Юриб бориб олдиларига ўтирдим. У киши менга:

– Сени нима олиб қолди? Улов сотиб олган эдинг-ку? – дедилар.

– Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, агар сиздан бошқа бирорта аҳли дунёнинг қаршисида ўтирганимда, узр айтиб, унинг ғазабидан қутулиб кетар эдим. Худо менга тортишиш қобилиятини берган. Лекин Аллоҳга қасамки, агар бугун ёлғон гапириб, сизни рози қилсам, албатта, Аллоҳ мени сизнинг ғазабингизга дучор этади. Агар ростини айтсам, мендан хафа бўласиз. Нима бўлса ҳам Аллоҳдан кўрдим. Аллоҳга қасамки, менинг узрим йўқ эди. Аллоҳга қасамки, ҳеч қачон сиздан ортда қолган чоғимдагидек кучли ва имкониятли бўлмаган эдим, – дедим. Расулуллоҳ алайҳиссалом:

– Аммо мана бу рост гапирди. Тур, Аллоҳ сен ҳақингда ҳукм қилгунича кут, – дедилар.

Туриб кетдим. Бану Салама қабиласи одамлари шошиб, ортимдан етиб келдилар ва:

– Аллоҳга қасамки, бундан олдин ҳеч гуноҳ қилганингни билмаган эдик. Бошқа ортда қолганлар каби узр айтишдан ҳам ожиз бўлдинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гуноҳинг учун истиғфор айтсалар, кифоя қилар эди, – дейишди.

Аллоҳга қасамки, улар мени шунчалик айблашдики, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, ўзимни ёлғончи қилсаммикан, деб ҳам қолдим. Сўнгра уларга:

– Бирорта одам менга ўхшаган гап айтдими? – дедим.

– Ҳа. Яна икки киши сен айтган гапларни айтди ва уларга ҳам сенга айтилган гаплар айтилди, – дедилар.

– Улар кимлар? – дедим.

– Мурора ибн Робиъ ва Ҳилол ибн Умайя Воқифий, – дейишди.

Менга Бадрда иштирок этган икки аҳли солиҳ, ҳаммага ўрнак қилиб кўрсатиладиган кишиларни зикр қилишди. Икковларини айтишганидан сўнг йўлимда кетавердим.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ортда қолганлардан биз – учовимизга одамларнинг гапиришини ман қилдилар. Одамлар биздан четландилар. Ҳатто менга ер ҳам ўзини олиб қочаётгандек кўриниб қолди. Ер мен танийдиган ерга ўхшамас эди. Шу ҳолда эллик кун ўтди. Иккала шеригим уйларидан чиқмай ўтирар эдилар.

Мен уларнинг ичида кучли ва қувватлиси эдим. Бориб, мусулмонлар билан бирга намоз ўқир эдим, бозорларни айланардим. Аммо менга ҳеч ким гапирмас эди. Намоз ўқиб бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўтирган жойларига келиб, у зотга салом берар эдим. Ўзимча «Алик олиб, лабларини қимирлатдиларми ёки йўқми?» дер эдим.

Имкон борича у зотга яқин жойда намоз ўқир ва ўғринча назар солар эдим. Намоз ўқисам, менга қарар, у зотга қарасам, кўзларини олиб қочар эдилар. Мусулмонларнинг мендан ўзларини олиб қочишлари чўзилиб кетгач, амакиваччам ва энг севган одамим – Абу Қатоданинг уйига бордим. Унга салом берган эдим, алик олмади. Унга:

– Эй Абу Қатода, Аллоҳ ҳаққи, айт-чи, менинг Аллоҳни ва Расулини севишимни биласанми? – дедим.

У индамади. Унга яна ўша гапларимни такрорладим. У индамади. Яна қайтадан мурожаат қилдим.

– Аллоҳ ва Расули билади, – деди.

Икки кўзимдан ёш қуйилиб, ортимга қайтдим.

(давоми бор)

«Ёлғон» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Маҳдийдан ривоят қилинади .Бир киши Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳдан масала сўради. У зот .Буни яхши билмайман,, дедилар. Ҳалиги киши ажабланиб, .Мен сиздан давоми...

1944 07:10 / 31.08.2019
Кичкинагина қишлоқда бир кекса рассом яшар экан. У беқиёс суратлар чизар ва уни яхшигина нархда сотар экан. Кунларнинг бирида қишлоқдаги бир фақир киши келиб унга давоми...

4420 09:00 / 11.05.2021
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Боласини тан олмаган отага гуноҳ ёзиладими Ёки охиратда уни нима кутадиЖавоб Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.Абу давоми...

4093 19:10 / 17.02.2019
Қуръонда пайғамбарлар дуоларидавомиБани Исроил қавмига Пайғамбар қилиб юборилган Мусо алайҳиссалом, Фиръавннинг зулмидан нажот топиш учун онасига келган давоми...

17864 19:30 / 06.04.2019
Аудиолар

211018 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130277 14:35 / 11.08.2021