1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Аллоҳдан бошқа ҳеч ким урчита олмайди

16:05 / 24.09.2019 2127 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Одамга исмларнинг барчасини ўргатганидан кейин уларни фаришталарга рўбарў қилди ва «Агар «Ер юзида фасод қилувчи ва қон тўкувчи кимсани яратасанми?» деган даъволаринг рост бўлса, менга ушбу нарсаларнинг исмларини айтиб беринглар», деди. Фаришталар у нарсаларга исм қўйишдан ожиз қолдилар ва ўз ожизликларини тан олиб:

«Улар: «Ўзинг поксан! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сен ўта илмлисан, ўта ҳикматлисан», дедилар» (Бақара сураси, 32-оят).

Фаришталар бу ерда юксак одоб намунасиини кўрсатдилар. Билмаган нарсаларини «Билмаймиз», деб айтдилар. Билмаган нарсасини тан олиб, вақтида «Билмайман», дейиш ҳам катта одоб, ҳам катта илм ҳисобланади.

Шунда Аллоҳ таоло Ўзининг ер юзидаги халифаси – Одамнинг фазлини изҳор қилиш учун:

«Эй Одам, уларга буларнинг исмларини айтиб бер», деди. Уларга ўшаларнинг исмларини айтиб берган чоғида: «Сизларга: «Осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар ошкор қиладиган нарсаларни ҳам, беркитган нарсаларни ҳам биламан», демабмидим?!» деди» (Бақара сураси, 33-оят).

Шу билан Одамнинг фаришталардан устунлик тарафи намоён бўлди. У ҳам бўлса илм-маърифат эди. Инсон ер юзида фасод қилиши, қон тўкиши ҳам мумкин, илоҳий неъмат бўлмиш илмни ўз ўрнида ишлатиб, фаришталардан устун бўлиши ҳам мумкин.

Аллоҳ таоло Ислом динини инсон зотига фариштадан устун бўлиш йўлини ўргатиш учун юборгандир. Одам боласи бу диннинг таълимотларига амал қилиб яшаса, икки дунёнинг бахти-саодатига ва фариштадан юқори мартабага эришади.

Ислом динининг одам боласини улуғлагани, уни азиз ва мукаррам қилиб яратгани инсон ҳаётининг барча ҳолатларида намоён бўлади.

Аллоҳ таоло Ғофир сурасида марҳамат қилади:

«У сизни тупроқдан, сўнгра нутфадан, сўнгра «алақа»дан яратган Зотдир. Сўнгра сизни гўдак ҳолингизда чиқарур. Сўнгра камолга етишингиз учун, сўнгра қари бўлишингиз учун (улғайтирур). Ичингизда ундан олдин вафот этадиганлар ҳам бўлур. (Булар) белгиланган ажалга етишингиз учундир. Шоядки, ақл юритсангиз» (67-оят).

Бу оятда инсонга унинг асли – ожизлиги эслатилмоқда.

«У сизни тупроқдан, сўнгра нутфадан, сўнгра «алақа»дан яратган Зотдир».

Аллоҳ таоло ерни яратганида ундаги тоғу тошлар, боғ-роғлар, дарёю денгизларни халқ қилганида ер юзида инсон деган зот бўлмаган. Ҳеч ким ҳозиргача «Инсон азалдан бор эди» деган гапни айтган эмас. Демак, йўқ нарса бор бўлиши учун кимдир уни яратиши керак. Бир вақтлар йўқ бўлган инсонни ким бор қилди? Бу саволнинг бирдан-бир жавоби: «Инсонни ҳам дунёдаги барча нарсаларни яратган Аллоҳ халқ этгандир», дейишдир. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсонни даставвал тупроқдан яратганини айтмоқда. Тупроқ ҳаётнинг асли ҳисобланади. Дарҳақиқат, инсон жисмидаги мавжуд моддалар тупроқдаги моддалардан экани илмий тадқиқотларда ҳам зоҳир бўлди. Инсон танасини жон тарк этгач, жасадининг тупроққа қўшилиб кетиши ҳам бежиз эмас.

Инсонни тупроқдан яратиб, йўқдан бор қилган Аллоҳ уни бир-бири билан қўшилиш орқали кўпаядиган қилиб қўйди ва янги инсоннинг яралишига нутфани (сперма сувини) сабаб қилди. Ўша уруғлик суви аёлдаги тухумга урчиши орқали ҳомила пайдо бўлади.

Бу ишларнинг бажарувчиси Аллоҳ таолодир. Эркагу аёлни Аллоҳ яратган. Эркакда нутфани ҳам Аллоҳ пайдо қилган, аёлдаги тухумни ҳам. Эркакдаги нутфани аёлнинг тухумига урчитган ҳам Аллоҳ. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким урчита олмайди. Аллоҳ урчишини хоҳламаган барча нутфа ва тухумлар нобуд бўлишга маҳкумдир.

«Сўнгра сизни гўдак ҳолингизда чиқарур».

Аллоҳ онанинг қорнида яратган, қудрати ила озиқлантириб, азиз ва мукаррам қилиб, инсон шаклига солган жонни ёруғ дунёга чиқаришни У Зотнинг Ўзидан бошқа ким эплай олади? Агар Аллоҳ таолонинг Ўзи йўл бермаса, бу ишнинг рўёбга чиқишига ақл бовар қилмайди.

Инсон нутфалик пайтидан бошлаб, то онасидан туғилганига қадар ҳар бир лаҳзада Аллоҳ таолонинг инояти у билан бирга бўлади. Агар ушбу илоҳий иноят бирор лаҳзага ажраса, у инсон бўлиб туғила олмайди, балки ўша лаҳзанинг ўзидаёқ ўлик бўлиб, бачадондан тушиб кетади. Ана ўшанинг ўзи Аллоҳ таоло одамни ҳомилалик босқичида азиз ва мукаррам қилганининг бир кўринишидир.

«Сўнгра камолга етишингиз учун, сўнгра қари бўлишингиз учун (улғайтирур)».

Онадан эсон-омон туғилиб олиши билан одам боласининг иши битмайди. Туғилгандан кейинги ишларни ҳам ёлғиз ўзи эплай олмайди. Бу ишни амалга ошириш ота-онасининг ёки бошқаларнинг ҳам қўлидан келмайди. Инсон туғилганидан кейин ҳам умрининг ҳар бир лаҳзасида Аллоҳ таолонинг иноятига муҳтождир. Аллоҳ таолонинг иноятидан ажраган лаҳзада инсон адо бўлади. Бу ҳақиқат оятнинг давомида баён қилинмоқда:

«Ичингизда ундан олдин вафот этадиганлар ҳам бўлур».

Яъни «Эй одамлар, сизнинг айримларингиз камолга ёки қариликка етишдан олдин вафот этиб кетади». Ҳар лаҳзада тушаётган ҳомилалар, ўлаётган болалар, ёшлар бунинг далилидир.

«(Булар) белгиланган ажалга етишингиз учундир».

Ҳар бир инсон учун белгилаб қўйилган ажал бор. Ана ўша ажалга етгунча яшайди. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг ишидир.

«Шоядки, ақл юритсангиз».

Шоядки, ушбу ҳақиқатлар устида ақл юритиб, ўзингизнинг ким эканингизни англаб, Роббингизга ибодат қилсангиз.

Ушбу ояти каримада инсоннинг нутфалик, гўдаклик, болалик, ёшлик, катталик ҳамда қарилик ҳолатлари айтиб ўтилган. Ушбу босқичларнинг барчасида Аллоҳ таоло уни ушлаб, ҳаёт бериб, ризқлантириб, иноятига олиб туради.

Шу билан бирга, Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва мукаммал дини Ислом таълимотлари асосида инсон зотини мазкур босқичларнинг барчасида ўзига ўхшаш инсонлар томонидан иноятга олишни ҳам таъминлаган. Мисол учун, ҳомилани авайлаб-асрашни, унинг ҳар томонлама зарарланмай, бус-бутун ўсиб боришини таъминлашни ота-онасига вазифа қилиб юклаган. Ўзгаларнинг ҳам бу ишда ота-онага ёрдамчи бўлишини жорий қилган. Ҳомиланинг азизлиги ва мукаррамлигига таҳдид солиш, унга зарар етказишни ман қилган. Бу ман қилишни бузиб, ҳомилага зарар етказувчиларга нисбатан маълум жазо чоралари белгилаган. Худди шунингдек, Ислом динида инсон умрининг бошқа босқичларида ҳам унинг азизу мукаррамлигининг таъминоти бўйича шаръий таълимотлар келган ва барча мусулмонлар зиммасига уларга амал қилиш масъулияти юкланган.

«Кексаларни эъзозлаш» китобидан


Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умму Дардо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Абу Дардо кечаси туриб, намоз ўқиди. Сўнг йиғлаб .Аллоҳим Менинг халқимни гўзал қилдинг, хулқимни ҳам гўзал қилгин,, давоми...

1193 11:00 / 08.05.2023
Онам менинг ўқишим учун узукларини сотдилар. Синглимни турмушга бериш учун билагузукларини сотдилар. Укамни даволатиш учун чиройли маржонларини сотдилар. Шу давоми...

2577 17:00 / 31.07.2022
56. Анас ибн Моликдан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким ризқининг кенг қилиб берилишини ёки ажалининг кечга сурилишини истаса, силаи раҳм давоми...

2716 12:00 / 24.02.2019
10 r . .10. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бола отаонасига ҳар қанча яхшилик қилса ҳам, уларнинг яхшилигини қайтара олмайди. давоми...

2371 20:22 / 24.10.2018