1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Халифалик ҳақида

22:49 / 02.12.2016 16261 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин халифаликни биринчи  навбатда барча умматдан афзалликлари ва муқаддамликлари учун Абу Бакр  Сиддиқ розияллоҳу анҳуни исбот қиламиз. 

  Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин халифаликка энг ҳақдор киши Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бўлганлар. Чунки, у киши Ислом уммати ичида энг афзал ва энг муқаддам бўлганлар.

Халифалик–Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ноиб бўлиб, дин ишларини, диний илмларни тарқатиш, Ислом арконларини қоим қилиш, жиҳод олиб бориш, унга тегишли: лашкар тайёрлаш, жангчиларга маош бериш, тушган ўлжани бўлиб бериш каби ишларни, ҳозирлик ишларини, ҳадд-шаърий жазоларни-қоим қилиш, зулмларни кўтариш, амри маъруф, наҳий мункарни йўлга қўйиш каби давлат ишларидаги умумий раҳбарликдир. («Изолатул Хафо» 1-2).


ХАЛИФАЛИК СОБИТ БЎЛИШИ ЙЎЛЛАРИ


Халифалик тўрт йўл билан собит бўлади:

1-Мусулмонларга фикри ва насиҳати ўтадиган, аҳли ҳилл ва ақд бўлган уламолар, бошлиқлар ва аскар бошиларнинг байъати билан собит бўлади. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифаликлари шу йўл билан собит бўлган.

2-Халифа одамларга васият қилиб ўз ўрнига бўладиган одамни тавсия қилиши. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифаликлари шу йўл билан собит бўлган.

3-Халифа сайлаш учун шўро мажлиси тузиш. Ҳазрати Усмон ва ҳазрати Али розияллоҳу анҳуларнинг халифаликлари шу йўл билан собит бўлган.

4-Халифалик шартларига эга одамнинг одамларга бошлиқ бўлиб олиши билан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам халифаларидан кейинги халифалар шу йўл билан бўлган. («Хужжатуллоҳи Болиға» 2-738).


АБУ БАКР СИДДИҚ РОЗИЯЛЛОҲУ  АНҲУНИНГ ХАЛИФАЛИКЛАРИ ШАЪРИЙ ДАЛИЛ БИЛАН БЎЛГАНМИ ЁКИ САЙЛОВ БИЛАНМИ?


Бу саволга аҳли сунна ва жамоа учта жавоб берган:

1-Ҳасан ал-Басрий ва муҳаддислардан бир жамоаси, мазкур халифалик махфий далил ва ишора билан собит бўлган, дейдилар. Баъзилари, ошкора далил билан собит бўлган, деганлар.

2-Аҳли ҳадисдан бир жамоаси ва Ашъарийлар, мазкур халифалик, сайлов йўли билан собит бўлган, дейдилар.(Мўътазилийлар ҳам шу фикрдалар).

3-Кўпчилик эса, бу халифалик аввало далил билан, кейин сайлов йўли билан собит бўлган. Мусулмонларнинг Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни халифаликка сайлашлари, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзида очиқ, баъзида ишора билан қилган далолатлари асосида бўлган, дейдилар.


Далил:

1-Бухорий Жубайр ибн Мутъамдан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Бир аёл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келди. У зот унга бошқа фурсатда келишни амр қилдилар. Шунда аёл: «Айтингчи, агар келиб сизни топмасам нима қиламан?» деди.(Ўлимга ишора қилди).

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар мени топмасанг, Абу Бакрга учрайсан»-дедилар».

Яъни, Абу Бакр халифа бўлади, деганлари. Бу эса, Абу Бакрнинг халифаликларига далилдир.

2-Ҳузайфа ибн ал-Ямон ҳадиси: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан кейингиларга, Абу Бакр ва Умарга иқтидо қилинглар»-дедилар. (Сунан китоблари эгалари ривоят қилганлар).

3-Оиша розияллоҳу анҳодан қилинган ривоятда у киши розияллоҳу анҳо: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам касалликлари бошланган куни олдимга кирдилар ва : «Менга Абу Бакр ва акангни чақириб бер. Абу Бакрга мактуб ёзиб берай. Аллоҳ ва мусулмонлар Абу Бакрдан бошқасига кўнмайдилар»-дедилар. (Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).

4-Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳуни намозга ўтказганлари маълум ва машҳур. «Абу Бакрга айтинглар, одамларга намозга ўтсин»-деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).

5-Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарларидан туриб: «Агар ер аҳлидан халил тутганимда, Абу Бакрни халил тутардим, масжидда Абу Бакрнинг туйнугидан бошқа ҳеч туйнук қолмасин», деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).

6-Аллоҳ улардан розилигини эълон қилган уммат–Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг ижмоъи. Бунда ўша вақтдаги ёки кейин келган мунофиқларнинг ихтилофи зарар қилмайди.


Абу Бакр розияллоҳу анҳу далил билан халифа бўлмаган, деган гапнинг жавоби


1–Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалиги шаръий далил билан бўлмаган, деган кимсалар қуйидаги далилларни келтирадилар.

1-Абдуллоҳ ибн Умар, Умар розияллоҳу анҳудан қуйидаги гапни ривоят қилган: «Агар ўрнимга халифа тайинласам, мендан яхши одам тайинлаган. (Яъни, Абу Бакр). Агар ўрнимга халифа тайинламасам, мендан яхши одам тайинламаган (яъни,Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам)», деганлар.

Умар розияллоҳу анҳунинг бу гапи, Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан кейин бирор кишини, жумладан, Абу Бакрни ҳам халифа қилиб тайинламаганларига далилдир.

2-Оиша розияллоҳу анҳудан: «Агар Расулуллоҳ ўринларига халифа тайин қилганларида, кимни тайин қилар эдилар?»-деб сўралган. Бу ҳам У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан кейин халифа тайин қилмаганларига далолат қилади.

Жавоб:

Умар розияллоҳу анҳунинг гапларидан мурод, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактуб ила ахднома ёзиб, халифа тайин қилмаганликларидир. Агар аҳднома ёзадиган бўлсалар, Абу Бакрга ёзар эдилар. Ўзмоқчи ҳам бўлганлар. Кейин ёзмаганлар. Муслим қилган ривоятда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонлар Абу Бакрдан бошқага кўнмайдилар»-деганлар. Бу эса аҳднома ёзишдан ҳам кучлидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни кўплаб сўз ва ишлар билан Абу Бакрнинг халифа бўлишига иршод қилганлар.

2-Сўнгра Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга.

Шарҳ: Яъни, сўнгра, Абу Бакрдан кейин, халифаликни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга исбот қиламиз. Бу Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг у кишига халифаликни топширишлари ва Ислом уммати мувофиқ бўлиши билан бўлган.

Умар розияллоҳу анҳунинг фазилатлари:

У кишининг фазилатлари инкор қилиб бўлмайдиган даражада машҳур ва зикр қилиб бўлмайдиган даражада кўпдир:

1-Муҳаммад ибн Ҳанафия розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда у киши қуйидагиларни айтганлар: «Отамдан (Али розияллоҳу анҳудан), «Эй отам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин одамларнинг энг яхшиси ким?»-деб сўрадим. У киши: «Эй ўғлим, билмайсанми?»-деди. Мен: «Йўқ»-дедим. У: «Абу Бакр»-деди. Мен: «Сўнгра ким?»-дедим. У: «Умар»-деди. Сўнгра Усмон, дейишидан қўрқдимда, «Сўнгра сизми?»-дедим. У: «Мен мусулмонлардан бириман, холос»-деди.

2-Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан кейингиларга, Абу Бакр ва Умарга иқтидо қилинглар»-деганлар. (Сунан китоблари эгалари ривоят қилганлар).

3-Али розияллоҳу анҳунинг ҳазрати Умар вафотидан сўнг айтган қуйидаги гаплари: «Аллоҳга қасамки, мен ишонаманки, Аллоҳ сени икки соҳибинг билан қилгай. Чунки, мен кўп марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, мен Абу Бакр ва Умар билан келдим. Мен Абу Бакр ва Умар билан кирдим. Мен Абу Бакр ва Умар билан чиқдим», деганларини эшитганман. Мен умид қиламанки, Аллоҳ сени икковлари билан қилгай», деб Умарга айтганлар. (Муслим ривоят қилган).

4-Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Ибн Хаттоб, менинг жоним қўлида бўлган зот билан қасамки, сенга қачон шайтон юрган йўлингда дучор бўлиб қолса, дарҳол бошқа йўлга юриб кетган»-деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).

5-Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Батаҳқиқ сиздан олдинги умматларда илҳом берилган одамлар бўлган. Агар менинг умматимда бирор киши улардан бўладиган бўлса, Умар ибн Хаттоб бўлар эди»-дедилар.

3–Сўнгра Усмон розияллоҳу анҳуга.

Шарҳ: Яъни, Умар розияллоҳу анҳудан кейин халифаликни Усмон розияллоҳу анҳуга исбот қиламиз. Имом Бухорий ўз «Саҳиҳ»ларида Умар розияллоҳу анҳунинг қатл этилиш қассаларини, шўро ишини ва Усмон розияллоҳу анҳуга байъат қилишни қандоқ бўлганини келтирган. Биз у ишнинг хулосасини зикр қиламиз:

«Умар розияллоҳу анҳу бомдод намозда яраланганидан сўнг одамлар унинг атрофида жамланиб: «Эй мўминларнинг амири васият қилинг. Ўрнингизга халифа тайин қилинг, дейишди. У: «Бу ишга анаву тўпдагилардан кўра ҳақлироқ одам йўқ»-деб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан рози бўлган ҳолларида вафот этган кишиларга ишора қилди. Али, Усмон, Зубайр, Саъд ва Абдурраҳмон ибн Авфларнинг номларини айтди.

Умар розияллоҳу анҳу вафот этиб, уни дафн этиб бўлганларидан сўнг, ҳалиги тўпдагилар жам бўлдилар. Абдурраҳмон, ишни уч кишига оширинглар, деди. Зубайр, мен ишимни Алига оширдим, деди. Талҳа, мен ишимни Усмонга оширдим, деди. Саъд, мен ишимни Абдурраҳмон ибн Авфга оширдим, деди. Абдурраҳмон Усмон билан Алига, иккингиздан ким бу ишдан воз кечса, ихтиёрни унга топширамиз, ким афзаллигини ўзига назар қилади, деди. Икки шайх жим қолдилар. Шунда Абдурраҳмон, ихтиёрни менга топширасизларми? Аллоҳга қасамки, мен афзалларингизни танлашда камчиликка йўл қўймайман, деди.Икковлари: «Хўп»-дедилар.

Сўнгра у икковларининг бирининг қўлидан ушлаб: «Сенинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қариндошлигинг бор. Қадимдан Исломда эканингни ўзинг биласан. Аллоҳ ҳаққики, агар сени амир қилсам, албатта, адолат қиласан. Агар Усмон амир этилса, уни тинглайсан ва унга итоат қиласан»-деди. Кейин бошқаси билан холий қолиб, унга ҳам шу гапларни айтди. Аҳдни олиб бўлгандан кейин: «Эй, Усмон, қўлингни кўтар, дедида, унга байъат қилди. Кейин унга Али байъат қилди. Сўнгра ҳовлида турганлар кириб байъат қилдилар. Уларнинг ичида муҳожирлар, ансорийлар, аскар бошилар ва оддий мусулмонлар бор эди.

 Усмон розияллоҳу анҳунинг фазилатлари:онн.

1-Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки қизларига уйлангани.

2-Имом Муслим ўз «Саҳиҳи»да Оиша розияллоҳу анҳодан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз уйларида ёнбошлаб ётган эдилар, сонлари очиқ эди. Абу Бакр изн сўради. Унга ҳалиги ҳолатларида изн бердилар. Сўнг гаплашдилар. Умарга ҳам айни муомала қилинди. Кейин Усмон изн сўради, Расулуллоҳ туриб ўтириб, кийимларини тўғрилаб олдилар. Сўнгра Усмон кирди. Гаплашиб, чиқиб кетди. У чиққандан сўнг Оиша розияллоҳу анҳу: «Абу Бакр кирувди, ўзингизни ўнгламадингиз, эътибор ҳам бермадингиз. Кейин Умар кирди унга ҳам ўзингизни ўнгламадингиз, эътибор ҳам бермадингиз. Сўнгра Усмон кирди. Туриб ўтириб, кийимларингизни тузатдингиз»-деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фаришталар ҳаё қилган одамдан, мен ҳаё қилмайманми?!»-дедилар.

3-Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ» китобида ривоят қилинадики, «Розилик байъати» бўлган куни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмонни Маккага юборган эдилар. Усмон Маккага кетганидан сўнг Розилик байъати бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнг қўлларини кўрсатиб, бу Усмоннинг қўли, дедиларда, чап қўлларига уриб, бу Усмон учун», дедилар.

4–Сўнгра Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга.

Шарҳ: Яъни, Усмондан сўнг халифаликни Али розияллоҳу анҳуга исбот қиламиз. Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилгандан кейин одамлар Али розияллоҳу анҳуга байъат қилдилар. У киши итоати вожиб ҳиқиқий халифага айландилар. У кишининг халифаликлари пайғамбарлик халифалиги эди. Бунга Сафийнанинг ҳадиси далолат қилгандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Пайғамбарлик халифалиги ўттиз йилдир. Сўнгра Аллоҳ ўз мулкини хоҳлаган одамга беради»-деганлар.

Амирул мўминийн Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга халифалик Усмон розияллоҳу анҳудан кейин саҳобаларнинг байъати ила, Муовия розияллоҳу анҳу ва аҳли Шомнинг байъатисиз собит бўлгандир.

Ҳақ Али розияллоҳу анҳу биландир. Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганларидан кейин Усмон розияллоҳу анҳу ва Мадинадаги катта саҳобийларга, жумладан, Али, Толҳа, Зубайр розияллоҳу анҳуларга қарши ёлғон ва уйдурмалар кўпайди. Узоқда бўлган Шом аҳллари ичидаги ҳавойи нафсига берилганлар, турли мақсадлиларнинг кўнгилларида шубҳа кучайди. Али розияллоҳу анҳунинг аскари ичида Усмон розияллоҳу анҳуни ўлдирган туғёнкор хорижийлар бор эди. Уларнинг тайинли равишда билиб бўлмасди. Баъзиларини қабилалари ҳимоя қиларди. Баъзиларининг айбига ҳужжат далил собит бўлмаган эди. Баъзиларининг қалбида мунофиқлик бўлиб, у нифоқ тўлалигича зоҳир бўлмаган эди.

Толҳа ва Зубайр розияллоҳу анҳулар мадомики мазлум шаҳиднинг ўчи олинмаса, аҳли фасод ва адоват жазоланмаса уларга Аллоҳнинг ғазаби ва иқоби тушишидан қўрқдилар.

Бас, Али, Толҳа ва Зубайрларнинг ихтиёридан ташқари Жамал (Туя) уруши бўлиб ўтди. Бу урушни аҳли фасодлар, юқорида зикр қилинган зотларнинг ихтиёрисиз қўзғадилар. Сўнгра Сиффийн уруши бўлиб ўтди. Шунингдек, Али ва Муовия розияллоҳу анҳунинг ўртасида бўлгани бўлиб ўтди.

Биз уларнинг ҳаммалари ҳақида яхшилик билан: «Эй Роббимиз, бизни ва биздан олдин иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин. Бизнинг қалбимизда иймон келтирганларга ҳиқд қолдирмагин. Эй Роббимиз, албатта сен шафқатли ва раҳимдил зотсан», (Хашр сураси, 10) деймиз.

Аллоҳ таоло бизнинг қўлларимизни ўз вақтида бўлиб ўтган фитнада асраган. Бас, биз Аллоҳдан тилларимизни ҳам мазкур фитнадан сақлашини сўраймиз.

 Али розияллоҳу анҳунинг фазилатлари:ли ибн Аб1-Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ўз «Саҳиҳ»ларида Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Алига: «Сен менинг учун худди Мусо учун Ҳорундексан. Илло мендан кейин набий йўқдир»-деганлар.

2- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар (уруши) куни: «Мен, албатта, эртага байроқни бир одамга бераманки, унга Аллоҳ ва Унинг Расули муҳаббат қилади. У ҳам Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббат қилади», дедилар. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам байроқни Али розияллоҳу анҳуга бердилар. Аллоҳ фатҳу нусрат берди. (Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).

3-Аллоҳ таоло: «Бас сен: «Келинглар болаларимизни ва болаларингизни, аёлларимизни ва аёлларингизни, ўзимизни ва ўзингизни чақирамиз...» (Ол-и Имрон сураси, 61) оятини нозил қилганда одамлар «болалар»дан мурод ҳақиқий болалар, деб гумон қилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нотўғри гумонни даф қилиб, Али, Фотима, Ҳасан ва Ҳусайнларни чақирдилар ва: «Эй бор Худоё, мана шулар менинг аҳлимдир»-дедилар. Яъни, аҳлдан мурод фақат сулбдан бўлган аёл, ўғил ва қизларгина эмас, балки, сулбимдан бўлган аёл, ўғил ва қизлар аҳлим бўлганидек, мана шулар ҳам менинг аҳлимдир», деганлари.


ТЎРТ ХАЛИФАНИНГ ҲАР БИРИНИНГ ХАЛИФАЛИК МУДДАТЛАРИ


1-Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалик муддатлари икки йилу уч ой.

2-Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик муддатлари ўн ярим йил.

3-Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик муддатлари ўн икки йил.

4-Али розияллоҳу анҳунинг халифалик муддатлари тўрт йилу тўққиз ой.

Ҳасан розияллоҳу анҳунинг халифалик муддатлари олти ой.

Мусулмон подшоҳларнинг биринчиси Муовия розияллоҳу анҳу. У киши мусулмон подшоҳларнинг энг яхшиси. Лекин у Ҳасан розияллоҳу анҳу унга халифаликни топширгандан сўнггина ҳақиқий халифа бўлган. Ҳасан розияллоҳу анҳуга отасининг ўлимидан кейин аҳли Ироқ байъат қилган эди. Сўнгра олти ойдан кейин у киши ишни Муовия розияллоҳу анҳуга топширдилар. Шу билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳасан розияллоҳу анҳу ҳақларида: «Албатта, менинг бу фарзандим саййиддир. Аллоҳ унинг сабабидан мусулмонларнинг икки катта гуруҳи орасини ислоҳ қилади», деган гаплари ростлиги зоҳир бўлди. (Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).

«Улар рошид халифалар ва ҳидоятли имомлардир».

Шарҳ: Яъни, мазкур тўртовлари: Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳулар рошид халифалар ва ҳидоятли имомлар бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ишорат қилганлар ва одамларни уларга итоат қилишга ва суннатларини тутишга амр қилганлар.


Далил:

1-Ал-Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга балоғатли бир ваъз қилдилар, унинг сабабидан кўзлардан ёшлар тўкилди, қалбларни титроқ босди. Бас бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу худди видолашувчининг мавъизасига ўхшайди. Бизга нимани топширасиз?!»- деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам : «Сизларга, қулоқ осиш ва итоатни васият қиламан. Чунки, сизлардан ким мендан кейин яшаса, кўп ихтилофларни кўради. Сизлар учун менинг суннатимни ва ва мендан кейинги рошид, ҳидоятли халифаларнинг суннатини ушлаш лозимдир. Ўша нарсани маҳкам тутинглар, тиш билан тишлаб тутинглар. Янги чиқариладиган ишлардан ҳазир бўлинглар. Чунки, ҳар бир бидъат залолатдир»-дедилар.

Рошид халифаларнинг фазл бўйича тартиби халифаликлари тартиби бўйичадир. Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумоларнинг бошқалардан алоҳида афзалликлари бор. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга рошид халифалар суннатига эргашишни амр қилдилар. Аммо, иқтидо қилишга келганда фақат Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумоларга иқтидо қилишни буюриб: «Мендан кейингиларга, Абу Бакр ва Умарга иқтидо қилинглар, дедилар. (аввал ўтди). Албатта суннатларига эргашиш билан иқтидо қилиш орасида фарқ бор. Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумоларнинг ҳоли Усмон ва Али розияллоҳу анҳумоларнинг ҳолидан юқоридир.

Аҳли суннатнинг мазҳаби Усмон розияллоҳу анҳуни Али розияллоҳу анҳуга тақдим қилишдир. Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Али розияллоҳу анҳуга: «Мен одамларнинг қилмишига назар солсам, уларни Усмонга бировни алмашмасликларини кўрдим»-деган.

Айюб ас-Сухтиёний: «Ким Усмонни Алидан муқаддам кўрмаса, батаҳқиқ муҳожир ва ансорийларнинг ҳақоратлаган бўлади»-деган.

Имом Бухорий ва имом Муслимларнинг «Саҳиҳ»ларида Ибн Умардан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тирик вақтларида «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин у кишининг умматидан энг афзали Абу Бакр, кейин Умар, кейин Усмон»дер эдик»-деган гап ривоят қилинган. (Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар).


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тавҳид тушунчасиТавҳид ndash луғатда ваҳҳадаюваҳҳидутавҳийдан бирор нарсага бирлик ва фардликни нисбат беришни ва ундан кўпликни инкор этишни англатади. Чунки шу давоми...

5862 16:00 / 24.12.2018
Маънавий сифатлар тўрт қисмга тақсимланади. Биринчи қисм ndash вожиб, мумкин ва имкони йўқ нарсаларга алоқаси бор сифатлар. Бу қисмга илм ва калом сифатлари давоми...

2548 15:30 / 12.04.2021
иккинчи мақолаАллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади1. .Сизга ер юзида ва ўз жонингизда нимаики мусибат етган бўлса, уни яратишимиздан олдин китобда давоми...

4115 16:00 / 16.03.2020
islom.uz middot 007 Aқоид илмининг тарихи Аллоҳ таоло ер юзини Ислом нури ила мунаввар қилишидан олдин одамлар турлитуман ақийдаларда эдилар. Ҳар ким ўз ақийдасини давоми...

3962 13:30 / 31.08.2020
Аудиолар

118719 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40688 14:35 / 11.08.2021