1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қуръон хатмидан сўнг дуо қилишнинг фазли

15:00 / 21.05.2019 8346 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Ким фарз намозини ўқиса, унинг дуоси ижобатдир. Ким Қуръонни хатм қилса, унинг дуоси ижобатдир» (Табароний «Кабийр»да ривоят қилган. Ривоят санади заиф).

Ушбу ривоятда дуонинг ижобат қилинишига сабаб бўладиган икки амал зикр қилинмоқда.

Баъзи амаллар дуонинг тезда қабул қилинишига сабаб бўлади. Ана ўша амаллар сирасига фарз намози ва Қуръон хатми киради. Демак, ким фарз намозлари ёки Қуръонни ўқиб тугатгандан сўнг ихлос билан дуо қилса, унинг дуоси Аллоҳ даргоҳида қабул қилинади. Фарз намозини ўқиганда ёки Қуръон хатм қилганда банда Аллоҳга яқинлашади, унинг гуноҳлари тўкилади, қалби нурга тўлади, иймони зиёда бўлади. Бу ҳолатда қилинган дуо, шубҳасиз, мустажоб бўлади.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қуръон ўқиса (ёки Қуръонни жамласа,) у банда учун Аллоҳ даргоҳида мустажоб дуо бўлади. (Аллоҳ) хоҳласа, уни дунёда беради, хоҳласа, унинг учун охиратга захира қилиб қолдиради», дедилар»(Табароний «Авсат»да ривоят қилган).

Қуръон ўқигач ёки хатм қилгач, ихлос билан Аллоҳга дуо қилиш керак. Аллоҳ хоҳласа, дуоларимизни ушбу дунёда ижобат қилади ёки охиратга захира қилиб қўяди. Демак, хатмдан кейин қилинган дуолар бесамар кетмайди. Биз унинг мевасини дунёда ёки охиратда, албатта, кўрамиз.

Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Осмон беш нарсага – Қуръон тиловати, икки тараф (мўминлар ва кофирлар) ўртасидаги тўқнашув, ёмғир ёғиши, мазлумнинг дуоси ва азон учун очилади», дедилар» (Табароний «Авсат» ва «Соғийр»да ривоят қилган).

Юқорида саналган беш вақтда осмон эшиклари очилади. Шу пайт бандалар томонидан қилинадиган дуо мустажоб бўлади. Улар орасида Қуръон тиловати ҳам бор. Демак, банда Қуръон ўқиса ёки хатм қилса, дуо қилиши керак экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Ким Қуръон ўқиб, Парвардигорга ҳамд айтса, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га салавот йўлласа ва Парвардигорига истиғфор айтса, яхшиликни ўз ўрнида сўрабди» (Байҳақий «Шуабул-иймон»да ривоят қилган. Ривоят санади заиф).

Қайси банда Қуръон ўқиса ёки хатм қилса, унинг кетидан Аллоҳга ҳамду санолар, Расулуллоҳга салавоту саломлар йўллаб, кўп истиғфорлар айтса, у банда барча яхшиликни бир жойга жамлаган бўлади. Шунда унинг қилган дуоси ижобат қилинади. Демак, Қуръон ўқигандан кейин аввал Аллоҳга ҳамд, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар айтиб, тавбаю истиғфорлардан кейин дуо қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Урва ибн Зубайр Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир жойда ўтирсалар, Қуръон тиловат қилсалар ёки намоз ўқисалар, буни (қуйидаги) калималар билан тамомлар эдилар. Мен: «Эй Расулуллоҳ, сиз бирон жойда ўтирсангиз, Қуръон тиловат қилсангиз ёки намоз ўқисангиз, нима сабабдан бу калималар билан тугатяпсиз?» дедим. У Зот: «Ҳа. Ким яхшиликни гапирса, ўша бандага мана шу яхшилик учун муҳр босилади. Ким ёмонликни гапирса, у (калима)лар унинг учун каффорат бўлади. (Ушбу калималар қуйидагилардир:) Субҳанака ва биҳамдика, лаа илааҳа иллаа анта астағфирука ва атувбу илайк», дедилар» (Насоий «Ас-сунанул кубро»да ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).

Демак, бирон мажлисда ўтирганда туришдан олдин, Қуръон тиловати ёки намоздан кейин ушбу дуо ўқилса, улар банда қилган яхшиликларга муҳр ёки қилган хато-камчиликларга каффорат бўлади.

Қозаъа ибн Сувайд Ҳумайд ал-Аърождан ривоят қилади: «Ким Қуръон ўқиб, кейин дуо қилса, унинг дуосига тўрт минг фаришта «омийн», деб туради» (Доримий ривояти. Ривоят санади заиф).

Қуръон тиловатидан кейин қилинадиган дуонинг мақбул бўлишига сабаблардан бири ҳам шу.

Қуръон ўқилганда осмон эшиклари очилади, банданинг қилган солиҳ амаллари осмонга кўтарилади, қилган дуоси-илтижолари қабул қилинади. Сабаби унинг дуосига кўплаб фаришталар «омин», деб туради. Бу пайтда дуо қабул бўлишининг бошқа сабаблари ҳам бор.

Мусъаб ибн Саъд Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Агар хатми Қуръон туннинг аввалига тўғри келса, фаришталар тонггача қорига салавот айтади. Агар унинг хатми туннинг охирига тўғри келса, фаришталар кечгача унга салавот айтади. Менимча, бизлардан биронтаси Қуръондан озроқ қолдириб, кеч бўлиши ёки тонг отишини кутар эди» (Доримий ривояти. Ривоят санади заиф).

Бундан келиб чиқадики, Қуръон хатмини кун ёки туннинг ўртасига эмас, балки аввалига ёки охирига тўғрилаш керак. Шунда тонггача ёки кечгача фаришталар бандага салавот айтиб чиқади.

Фаришталар салавоти уларнинг банда ҳаққига яхшилик сўраб дуо қилишлари, унинг гуноҳларини кечиришини Аллоҳдан тилашларидир.

Авзоъий Абдадан ривоят қилади: «Агар киши Қуръонни кундузи хатм қилса, фаришталар кечгача унга салавот айтади. Агар уни кечаси ўқиб тугатса, фаришталар тонг отгунча унга салавот айтади» (Доримий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

Бу ерда юқоридаги маъно таъкидланмоқда. Биргина фарқи шуки, бу ривоят санади саҳиҳ, аввалгисининг санади заиф эди.

Аъмаш Иброҳим Нахаъийдан ривоят қилади: «Агар киши Қуръонни кундузи хатм қилса, фаришталар кечгача унинг ҳаққига салавот айтади. Агар у Қуръонни тунда хатм қилса, фаришталар тонггача унинг ҳаққига салавот айтади». Сулаймон айтади: «Бизнинг дўстларимизга Қуръонни кундузнинг аввали ёки туннинг аввалида хатм қилиш маъқул келар эди» (Доримий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

Ривоятдан маълум бўладики, салафлар куннинг ёки туннинг аввалида хатм қилишни яхши кўришган. Куннинг аввали бомдод намози вақти кирган маҳал, туннинг аввали эса шом намози вақти кирган пайт саналади. Демак, бомдод ёки шом намозларидан кейин хатм қилиш мақсадга мувофиқ.

Холид ибн Маъдондан ривоят қилинади: «Қуръонни ўқувчи ва уни ўрганувчи ҳаққига улар сурани тамомлагунларича фаришталар салавот айтади. Агар биронтангиз сурани ўқитса, ундан икки оят қолдириб, кундузнинг охирида хатм қилсин. Шунда фаришталар Қуръон ўқувчи ва ўқитувчи ҳаққига кундузнинг аввалидан охиригача салавот айтади» (Доримий ривояти).

Демак, нафақат Қуръон хатм қилувчи, балки бирон сурани ўқувчи ва ўқитувчи ҳам фаришталар салавотига сазовор бўлар экан. Шу сабаб бирон сурани бошлаганда уни куннинг охири – туннинг аввалида тамомлаш керак. Шунда фаришталар Қуръон ўқувчи ҳаққига тундан тонггача салавот йўллашади.

Вабара ибн Абдураҳмон Асваддан ривоят қилади: «Ким Қуръон ўқиб, уни кундузи хатм қилса, ўша кунги гуноҳлари мағфират қилинади. Ким Қуръонни кечаси хатм қилса, ўша тунги гуноҳлари мағфират қилинади» (Байҳақий «Шуабул-иймон»да ривоят қилган).

Банда Қуръон ўқиш, Қуръон хатм қилиш орқали гуноҳлардан ҳам фориғ бўлади. Бу билан унинг қалби равшанлашади, дилидаги хиралик ва ғуллу ғашлар тарқалади, кўнгли ёзилади.

Ҳакам Мужоҳиддан ривоят қилади: «Хатми Қуръон вақтида раҳмат нозил бўлади» (Ибн Абу Шайба ривояти).

Қуйидаги сабабларга кўра, Қуръон хатм қилинганда дуолар ижобат бўлади:

1. Қуръон хатм қилинганида Ерга Аллоҳнинг раҳмати тушади;

2. Қуръон хатм қилиб, дуо қилган банданинг дуосига тўрт минг фаришта «омин», деб туради;

3. Қуръон ўқилганда осмон эшиклари очилади;

4. Қуръон ўқилганда банда гуноҳлардан холи бўлади. Бундай вақтда қилинган дуо мақбулдир.

5. Қуръон ўқиган банданинг иймони зиёда бўлади, қалбда ихлос пайдо бўлади. Дуо ижобатида ихлос энг муҳим омил саналади.

Собит Бунонийдан ривоят қилинишича, Анас ибн Молик Қуръонни хатм қилса, оиласи ва фарзандларини тўплаб, улар ҳаққига дуо қилар эди. (Доримий «Сунан»да, Байҳақий «Шуабул иймон»да ва Табароний «Кабийр»да ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).

Қуръон хатмида дуога «омин» деб турувчилар сафига кишининг оила аъзолари ҳам қўшилса, яхши бўлади. Бу билан ёш болалар ҳам ибодатга, дуо қилишга ўргатилади ва Қуръон ўқишга тарғиб қилинади.

Ҳакам Мужоҳиддан ривоят қилади: «Менга одам юбориб, «Биз сени хатми Қуръонга чақирдик. Бизга хабар қилинишича, хатми Қуръон пайтида дуо ижобат бўлар экан», деди ва улар кўп дуо қилишди» (Доримий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

Қуръон хатм қилганда кўпчилик бўлиб дуо қилиш яхши самара беради. Биринчидан, бу билан «омин», деб турувчилар сафи кенгаяди. Иккинчидан, ораларида ихлосли, дуоси қабул бўладиган солиҳ кишилар бўлса, дуолари ижобат бўлиши янада яқинлашади.

Иброҳим Таймийдан ривоят қилинишича, Абдуллоҳ ибн Масъуд шундай деган: «Ким Қуръонни хатм қилса, унинг дуоси мустажобдир». У айтади: «Абдуллоҳ Қуръонни хатм қилса, оиласини тўплар ва улар унинг дуосига «омин» деб туришардир. (Муҳаммад ибн Зурайс «Фазоилул-қуръан»да ривоят қилган).

Қуръон хатмида жамоат бўлиб дуо қилиш мақсадга мувофиқ. Бир ўзи ёки икки-уч киши билан дуо қилса ҳам яхши, аммо дуода «омин» деб турувчилар қанча кўп бўлса, шунча яхши.

Али Фошонийдан ривоят қилинишича, Абдуллоҳ ибн Муборак хатми Қуръондан кейинги дуони саждада қилишни яхши кўрар эди. (Байҳақий «Шуабул-иймон»да ривоят қилган).

Қуръон хатмидан кейин қилинган дуо мустажоб бўлади. Саждада қилинган дуо ҳам худди шундай. Агар иккиси бир жойда жамланса, дуонинг қабул бўлиш эҳтимоли янада кўпаяди. Устига-устак дуо қилувчи Абдуллоҳ ибн Муборак каби солиҳ ва тақводор бўлса, дуонинг қабул бўлишига шубҳа йўқ.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ шогирдлари билан дарс қилиб ўтирган эдилар. Бир нодон келиб, Аҳмад ибн Ҳанбални сўкиниб, куракда турмайдиган сўзларни айтиб давоми...

1463 08:00 / 17.07.2020
Аллоҳ таолодан қўрқувчи аёл Аллоҳга ва эрига астойдил итоат қилиши, розилигини қозонишга жидду жаҳд билан ҳаракат қилиши лозим. Зеро, эр аёлнинг жаннати ёки давоми...

4793 09:40 / 27.03.2019
Араб тилига қизиқиб,чуқур ўрганишга бошлаган илм толиблари ичида Ибн Манзурнинг .Лисонул араб, ини билмайдигани бўлмаса керак. Жамолиддин Абул Фазл Муҳаммад давоми...

1640 15:05 / 07.11.2020
Ўзувчи ҳимматлар қадарлар қўрғонларини теша олмас.Ушбу учинчи ҳикмат ўзидан олдинги иккинчи ҳикматнинг узвий давомидир. Иккинчи ҳикматда Аллоҳ таоло инсонни давоми...

4009 14:42 / 30.06.2019