1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Бунга сен учун жаннатдан уй сотиб олдим

08:33 / 06.04.2020 2498 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саро ибн Яҳёдан ривоят қилинади: «Бир хуросонлик киши Басрада яшаш учун бор-будини сотди. Пули ўн минг дирҳам бўлди. Басрага келгач, хотини билан ҳаж қилиш учун Маккага отланди. Ўн минг дирҳам пулини омонатга қолдириш учун бирор ишончли одамни суриштирди. Унга Ҳабиб Абу Муҳаммад деган кишига омонат топшириш мумкинлигини айтишди. Хуросонлик Ҳабиб Абу Муҳаммаднинг олдига келиб, «Мен аёлим билан ҳажга кетяпман. Мана бу ўн минг дирҳамга Басрадан уй сотиб олмоқчи эдим. Бирор уй топсангиз, имкониятингиз бўлса, сотиб олинг», деди. Кейин аёли билан Маккага жўнаб кетди. Бироз вақт ўтиб, Басрада очарчилик бошланди. Ҳабиб Абу Муҳаммад шерикларини маслаҳатга чақирди. Очарчилик одамларни ҳолдан тойдиргани учун омонатга берилган ўн минг дирҳамга ун сотиб олиб, муҳтожларга садақа қилиб, уларни очликдан ўлиш азобидан сақлаб қолмоқчилигини айтди. Шериклари: «У одам бу пулларни уй сотиб олиш учун омонатга қўйиб кетганди-ку?» деб эътироз билдиришди. Ҳабиб Абу Муҳаммад: «Уни садақа қилиб, эвазига Роббим азза ва жалладан пулнинг эгаси учун жаннатдан уй сотиб оламан. Эгаси рози бўлса, айни муддао. Рози бўлмаса, пулларини қайтариб бераман», деди. Сўнг бор пулга ун ва нон сотиб олиб, (қийналиб қолганларга) садақа қилиб юборди. Ҳаж мавсуми тугаб, хуросонлик киши Маккадан қайтиб, Ҳабиб Абу Муҳаммаднинг олдига келди. «Эй Абу Муҳаммад, мен сизга ўн минг дирҳам омонат қолдирган эдим. Агар уй сотиб олмаган бўлсангиз, қайтиб берсангиз, ўзим уй сотиб олсам», деди. Ҳабиб Абу Муҳаммад: «Мен сенга сўрилари, мевазор боғлари, анҳорлари бор уй сотиб олдим», деди. Бу хушхабарни эшитган хуросонлик дарҳол аёлининг олдига бориб, бу хушхабарни етказди. Орадан икки-уч кун ўтиб, ҳалиги киши Ҳабибнинг олдига келиб, «Эй Абу Муҳаммад, ўша уй қаерда? Уни бир кўрсам дегандим», деди. Ҳабиб эса табассум билан: «Сенга айтган қасрлари, анҳорлари ва бошқа гўзал сифатларга эга бўлган уй жаннатдаги уй эди», деб вазиятни тушунтирди. У киши қойил қолиб, аёлининг олдига борибди ва аёлига: «Ҳабиб бизга Роббидан жаннатдаги уйни сотиб олган экан» деб, бор пуллари очарчилик пайтида муҳтожларга тарқатиб берилганини айтди. Оқила аёл: «Аллоҳ таоло Ҳабиб Абу Муҳаммад сотиб олган уйга бизни муваффақ қилсин. ­Дунёда қанча ҳам яшардик. Унинг олдига боринг, бизга ўша уйнинг кафолатини ёзиб берсин», деди. У Ҳабибнинг олдига келиб, «Эй Абу Муҳаммад, сиз сотиб олган уйни қабул қилдик, энди бизга кафолат хати ёзиб беринг», деди. Ҳабиб Абу Муҳаммад унинг сўзини маъқуллади ва бир котибни чақириб, қуйидаги сўзларни ёздирди:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Бу Ҳабиб Абу Муҳаммаднинг Робби азза ва жалладан хуросонлик Фалончи учун сотиб олган уйнинг кафолатидир. Унга Роббидан жаннатда қасрлари, анҳорлари, дарахтлари ва бошқа сифатлари билан бўлган уйни ўн минг дирҳамга сотиб олди. Ушбу жаннатдаги уйни хуросонлик фалончига бериш, Ҳабибни эса кафолатдан озод қилиш Аллоҳ таологадир».

Хуросонлик хатни аёлига олиб бориб берди ва уни сақлаб қўйишни тайинлади. Кўп ўтмай, у қаттиқ бетоб бўлиб қолди. Орадан қирқ кунча ўтгач, ўлим вақти яқинлашганда аёлига: «Мени ювиб, кафанлагандан кейин ўша кафолат хатини кафаним ичига қўйишсин», деб васият қилди. Хуросонлик кишини дафн этишди, васиятини ҳам адо қилишди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, қабр тепасида бир хат пайдо бўлди. Унда ушбу сўзлар ёзилган эди: «Хуросонлик фалончи учун ўн минг дирҳамга жаннатдан уй сотиб олганига кафил бўлган Ҳабиб Абу Муҳаммад учун хушхабар! Дарҳақиқат, Робби хуросонликка Ҳабиб шарт қилган уйни ато этиб, унинг кафолатини адо этди».

Бу хат Ҳабибнинг қўлига етиб келгач, уни ўқиб туриб, йиғлаб юборди. У хатни ўпиб, шериклари олдига бориб, «Бу Роббим азза ва жалланинг мени поклагани ҳақидаги башоратдир» деб, хурсандчилигини улар билан баҳам кўрди.

«Солиҳлар гулшани» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳаммод ибн Довуд Тағлибийдан ривоят қилинади.Бир куни Мисъар ибн Кидом қабристонга чиқди. Қараса, бир киши қуёшга қараб шеър айтаётган эканҚиш келди, аммо бир давоми...

2957 08:13 / 28.03.2020
.Тақсит, сўзи луғатда бўлиббўлиб тўлаш маъносида бўлиб, шаръий истилоҳда савдо молини нақд қилиб, баҳосини насия қилишга айтилади. Бунда савдо молининг баҳоси давоми...

4047 20:00 / 06.08.2019
Мавлидни нишонлаш, айнан кимдан чиққани ҳақида аниқ маъулмот йўқ. Тахмин қилиш мумкинки, бу амал даставвал оммавий равишда нишонладиган маросим сифатида дунёга давоми...

4276 09:30 / 16.11.2018
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Маккага келган пайтларида кўзлари ожиз бўлиб қолган эди. Одамлар у кишининг олдига келишар, ҳамма ўзи учун дуо сўрарди. Буюк давоми...

2359 09:04 / 14.06.2019
Аудиолар

211024 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130283 14:35 / 11.08.2021