1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Муҳаббат бардавом бўлиши учун ўнта тавсия

14:40 / 09.04.2019 9264 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўртангиздаги муҳаббат ҳасталикка учраб, ўлим томон юз тутаётганини сезган заҳотинг уни ҳимоя қилишга, соғ-омон сақлаб қолишга ҳаракат қил.

1. Эзгу дуо ёки мақтов сўзлари каби муолажа воситаларини ишга солиш.

Рафиқангга: «Агар ҳаётимни бошқатдан бошласам, сендан бошқани танламас эдим», деб айт.

Аёл киши ширин сўзнинг гадосидир. Ширин сўз шундай силоҳки, унинг воситасида ўғрилар қўрғонларга, қалъаларга ҳужум қилиб, кўплаб бойликларга эга бўлишган.

Яхши сўз аёл қалбини яшнатади. Шундай экан, уни аёлингга бошқалардан олдин ва яхшироқ суратда тақдим эта бил.

2. Аҳамиятсиздек кўринадиган кичик тасарруфлар.

Мисол учун, ухлаб ётган аёлингнинг устини ёпиб қўй.

Ишхонангдан унга қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳволини сўраб қўй. Унга фақат шунинг учун қўнғироқ қилганингни билдир.

Аёлларга маслаҳат: ухлаб ётган эрингизнинг пешонасидан ўпиб қўйинг. Уни сезмайди деб ўйламанг, у буни албатта ҳис этади. Агар сезмаса ҳам, бунда бир ўзгача таъсир бор.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аёлингнинг оғзига тутадиган луқма ҳам садақадир», деган сўзларини бир мулоҳаза қилайлик. Гарчи бунда умуман нафақа билан таъминлаш тушунилса ҳам, бу маънони шундай жўнгина ифода қилмай, айнан «аёлнинг оғзига луқма солиш» дея таъбир этишларида ажойиб ишоралар ва маънолар бор. Яъни бу ерда аёлга қўл билан ширинлик ё бирор егулик тутиш, меҳр билан уни оғзига солиб қўйишга қизиқтириш мавжуд. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳлларига ана шундай муносабатда бўлар эдилар. Шу билан бирга, ҳадисда буни оз санамаслик ҳам уқтирилган.

Бу нарсалар завқли, ширин ҳаёт кечиришнинг омилларидир. Агар бу ишларни одатга айлантирсангиз, уларни амалга оширишда алоҳида бир жидду жаҳдга эҳтиёж сезмайсиз. Лекин улар оддий ҳолга, одатга айланмаса, бундай гапни эшитганда хижолат бўлишингиз, қандайдир танг ҳолатга тушиб қолишингиз ҳам мумкин. Натижада мазмунли ҳаёт кечириш омили бўлмиш мазкур ишларни амалда қўллашга ҳаракат қилиш у ёқда турсин, ўзингизнинг аввалги ҳолатингиз афзал кўриниб қолади.

3. Эр-хотин суҳбат учун бирор вақтни тайин қилиши.

Ўтмишда бўлиб ўтган гўзал хотиралар ҳақида суҳбатлашишинг. Бундай суҳбат ана шу воқеаларни худди яқин кунларда бўлиб ўтгандек янгилайди.

Келажак ҳақида режалар тузиш, бир-бирига ишонч ва садоқат борасидаги ваъдалар ҳақида суҳбат қуринг.

Ҳозирги пайт хусусида гаплашинг. Ундаги ижобий ҳолатлардан завқланиш ва салбий ҳолатлар, уларнинг сабаблари, ечимлари ҳақида маслаҳатлашиш даркор.

4. Ўзаро жисман яқинлик.

Фақатгина тунда, ётоқхонада эмас, балки ҳар бир лаҳзада, ҳар қандай жойда – уйда ҳам, кўчада ҳам, юриш-туришда ҳам ўзаро яқинлик керак.

Эркаклар орасида кўча-кўйда аёли билан бирга юришдан уяладиганлар йўқ эмас. Бу эса ҳеч қачон ўзини оқламайдиган ҳолатдир.

5. Эҳтиёж бўлганда бир-бирига маънавий ёрдам бериш.

Аёл кишининг ҳомиладорлик, ҳоизалик каби ўзига хос ҳолатлари бор. Бундай ҳолатларда эркак киши аёлига унинг руҳий ҳолатини ҳисобга олган ҳолда алоҳида муомалада бўлиши лозим. Шифокорларнинг айтишича, кўпчилик аёллар ҳомиладорлик, ҳайз ёки нифос ҳолида руҳий тангликдан қийналадилар. Шунинг учун унинг баъзи ишларида, тасарруфларида чалкашлик бўлади. Аёл киши, айниқса мана шундай пайтларда турмуш ўртоғининг маънавий, ҳиссий ёрдамига, алоҳида муомаласига муҳтож бўлади. Ушбу эҳтиёжи қондирилганда эса турмуш ўртоғи унинг учун энг керакли инсон эканини, ҳаётини усиз тасаввур қила олмаслигини ҳис этади.

Эркак киши ҳам ҳар доим бир ҳолатда бўлмаслиги, баъзан бетоб бўлиши ёки чарчаб, толиққан бўлиши мумкин. Бундай пайтларда аёл киши ҳам унинг руҳий ҳолатини эътиборга олиши, алоҳида эътибор талаб қилиш турмуш ўртоғини ноқулай ҳолатга солиб қўйишини тушуниши лозим. Самимий алоқаларнинг бардавом бўлиши, ширин ҳаёт кечиришлари учун иккала тараф ҳам ўз жуфти ҳалолида усиз яшай олмаслигига ишонч ҳосил қилдира олиши керак бўлади.

6. Муҳаббатни моддий суратда – ҳадялар орқали изҳор қилиш.

Бирор байрамни ёки қандайдир бошқа муносабатни кутиб ўтирмасдан, кутилмаганда ҳадялар бериб туриш ҳар қандай аёлни хурсанд қилиши шубҳасиз.

Сен танлаган ҳадя ўзига хос маънога эга бўлсин. Аёл киши учун ҳадядаги муҳим нарса унинг қиймати эмас, балки сен танлаган вақт, муносабат ва энг асосийси, унинг дидини, хоҳишларини эътиборга олишинг, у ёқтирган нарса бўлишидир.

7. Турмушда содир бўладиган салбий ҳолатларга нисбатан бағрикенглик, баъзи ўринларда уларни билмасликка олиш.

Кўпроқ ҳолатларда аёлига нисбатан кечиримли бўлиш, аввал ўтган хатоларини унутиш, кундалик ишларда ҳар бир икир-чикирга эътибор беравермаслик тинч-осуда ҳаёт кечиришнинг гаровидир. Машҳур Умму Заръ ҳадисида ўн битта аёлнинг ўз эрини таърифлаб бергани ҳақида ҳикоя қилинади. Улардан бешинчиси: «Менинг эрим кирса, қоплон, чиқса, шер. Билган, қолдирган нарсасини сўрамайди», дейди.

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ «Фатҳ»да: «У ўта карамли, молидан кетган нарсани қидирмайдиган, бунга эътибор қилмайдиган, уйга бир нарса олиб келса, кейин у ҳақда сўрамайдиган, уйдаги камчиликларга эътибор бермайдиган, балки кечириб, баъзиларидан кўз юмадиган эркакни васф этган», дейди.

8. Оиладаги умумий масалаларда ўзаро бир-бирини тушуниш, маслаҳат билан иш олиб бориш.

Фарзанд тарбияси, уй-рўзғор ишлари, сафарлар уюштириш, сарфиёт масалалари, шунингдек, эр-хотин ҳаётига хавф соладиган баъзи муаммолар шулар жумласидандир.

9. Турмуш тарзига чиройли янгиликлар киритиб туриш.

Хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин, кўпроқ китоб ўқишга, янгиликлардан хабардор бўлишга, дунёқарашини кенгайтиришга ҳаракат қилиши, вақти-вақти билан турмуш тарзига янгилик киритиб туришга интилиши лозим. Мазмунли, гўзал ҳаёт кечириш қайсидир маънода кийиниш, ейиш-ичиш, уй жиҳозлари, муомала услублари ва яшаш тарзидаги янгиликларга боғлиқдир. Токи ҳаёт деб аталмиш Аллоҳ таоло берган неъматнинг мазмунсиз, зерикарли ўтишига йўл қўймасин.

10. Эр-хотин муносабатларини салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш.

Жуфти ҳалолини бошқа аёллар билан солиштириш ана шундай салбий таъсирлардан биридир.

Кўпчилик эркаклар ўз аёлларини қандайдир бегона аёллар, ҳаттоки журнал ёки экранлардаги ёш қизлар билан қиёслашга уринадилар.

Ўзининг турмуш ўртоғини дугоналариники билан солиштирадиган аёллар ҳам сон мингта: «Манавининг эри бой», «Анавининг эри чиройли», «Фалончи эркак хотини билан тез-тез дам олишга бориб туради» ва ҳоказо.

Натижа эса аниқ: ўзини камситилгандек, адолат бузилгандек ҳис этади. Бундай солиштиришу қиёслашлар турмушни вайрон қилади, икки тарафни бир-биридан совутади.

Аслида эса инсон ўзидан кўра юқоридагиларга эмас, пастдагиларга назар солиши лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзингиздан пастдагиларга назар солинг, ўзингиздан юқоридагиларга назар солманг. Мана шу Аллоҳнинг неъматига беписанд бўлмаслигингиз учун лойиқроқдир», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Инсон Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло тақдирига битган ҳар бир нарсага қаноат қилиши, шукр этиши, кўзини бошқалардаги нарсаларга қаратмасликка одатланмоғи керак. Ҳузурингдаги оз нарсадан оқилона фойдалансанг, у кўпга айланади. Йўқни йўндирадиганлар ҳаётда ўз бахтини ўз қўли билан яратишга қодир бўладилар.

Билингки, бахт-саодат ҳақида оғиз кўпиртириб гапираётган, турмуш ўртоғини кўкларга кўтариб мақтаётган кишининг бу гаплари унчалик ҳам тўғри эмас. Шунчаки у ўзини кўнгли тўқ қилиб кўрсатишга ёки кимларгадир хушомад қилишга ҳаракат қилмоқда.

«Қизларжон...» китобидан

Муаллиф
Одинахон Муҳаммад Юсуф
Манба
Muslimaat.uz
Мавзуга оид мақолалар
Никоҳнинг рукни масаласида ҳамма мазҳаблар бир овоздан ийжоб ва қабулни биринчи ўринга қўйганлар..Ийжоб, сўзи никоҳ ақдида иштирок этадиган икки томоннинг давоми...

2618 11:00 / 10.06.2020
VIНубувват хонадонига биринкетин бошқа оналаримиз ҳам кириб кела бошладилар. Уларнинг ҳар бирлари ўзларига яраша бир олам эдилар, десак, муболаға қилмаган давоми...

2361 12:30 / 12.02.2019
Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Агар қўлингдан келса, сен ҳеч ҳам бозорга энг аввал кирувчи бўлма ва ундан энг охирги чиқувчи ҳам бўлма. Чунки бу давоми...

2569 17:10 / 28.08.2019
.Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қиз болалар таълими хусусида гапирадиган бўлсак, қизларни албатта ўқитиш шарт. Чунки ўғил болалар каби улар ҳам Аллоҳнинг бандаси, давоми...

3514 09:00 / 27.09.2021