1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Видолашув

20:00 / 31.12.2018 3650 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаждан Зулҳижжа ойидан беш кун қолганда қайтиб келдилар. Янги, 11-ҳижрий йилнинг биринчи ойи – Муҳаррам ҳам ўтди. Сафар ойининг охирига келиб, душанба куни у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хасталиклари бошланди.

Оламларнинг сарвари, охирги замон Пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг беморликлари оғирлашиб қолганда Оиша онамизникида қолишга оналаримиздан ижозат сўрадилар. Улар ижозат беришди.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор бўлганларида аёллари орасида (навбат ила) айландилар. У зот:

«Мен эртага қаерда бўламан? Мен эртага қаерда бўламан?» дер ва Оишанинг уйига ошиқар эдилар. Менинг куним бўлганда сокин бўлдилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар. Муслимнинг лафзида:

«Менинг кунимни излаб, «Мен бугун қаердаман? Мен эртага қаерда бўламан?» дер эдилар. У зотга Оишанинг куни кеч келаётгандек туюлар эди. Менинг куним бўлганда Аллоҳ у зотни кўксим билан бўйним орасида қабз қилди».

Ушбу ривоятдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бемор чоғларида ҳам Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳузурларида бўлишга қанчалар ошиққанликлари равшан кўриниб турибди. У зот Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳужраларига етиб келишлари билан кўнгиллари жойига тушиб, тинчландилар.

Ана шу вақтдан бошлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг беморликларига асосан Оиша онамиз розияллоҳу анҳо қарай бошладилар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафот этишларидан олдинги ҳолатлари, гап-сўзлари Оиша онамиз розияллоҳу анҳо томонларидан ривоят қилинади. Буларнинг барчаси у кишининг фазллари рўйхатига ёзилиши турган гап.

Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг менга суяниб туриб:

«Аллоҳим! Мени мағфират қилгин. Менга раҳм қилгин. Мени рафиққа етиштиргин», деганларини эшитдим».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дуоларни хасталиклари даврида, Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳужраларида ётганларида қилганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мени рафиққа етиштиргин» деганларидаги «рафиқ»дан мурод, фаришталарнинг олий тўпламидир. Улар Рафиқи Аъло дейилади.

Аммо бундан «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам беморлик пайтларида ўзларига ўлим тилаган эканлар», деган хулосага келмаслик лозим. Ўзига ўлим тилаш жоиз эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ножоиз ишни зинҳор қилмаганлар. Бу ердаги гапларининг маъноси «Вақти-соати етиб, вафот этганимда мени Рафиқи Аълога етиштиргин», деган истакдир.

Имом Бухорий, Муслим ва Термизийлар Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор бўлиб, оғирлашиб қолдилар. Бас, у зот:

«Абу Бакрга амр қилинглар, одамларга намозга ўтсин», дедилар.

«У юмшоқ одам, агар сизнинг мақомингизга турса, одамларга намоз ўқиб бера олмайди», деди Оиша.

«Абу Бакрга амр қилинглар, одамларга намозга ўтсин», дедилар у зот. У яна ўз гапини қайтарди.

«Абу Бакрга айт. Одамларга намоз ўқиб берсин. Албатта, сиз(аёл)лар Юсуфнинг соҳибаларисиз», дедилар у зот.

Бас, унга хабар келди ва у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликларида одамларга намозга ўтди».

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу кўнгли юмшоқ, намозда кўп йиғлайдиган киши эдилар.

Бу ҳолни яхши билган қизлари Оиша онамиз мазкур васф соҳиби бўлган оталари – ҳазрати Абу Бакрнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақомларида туриб намозга ўтишлари мақсадга мувофиқ бўлармикан, деган мулоҳазага келдилар ва бу мулоҳазани у зотга айтдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам худди Оиша онамизнинг гапларини эшитмагандек, яна аввалги гапларини такрорладилар.

Оиша онамиз «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам беморликлари туфайли гапимни яхши эшитмадилар», деб ўйлаб, ўзларининг аввалги гапларини такрорладилар.

Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ишни Оиша онамизнинг ўзларига топширдилар. «Сен Абу Бакрга айт, одамларга намоз ўқиб берсин», дедилар.

Шу билан бирга, аёлларда шунга ўхшаш тасарруф олдиндан борлигини эслатиб, «Албатта, сиз аёллар Юсуфнинг соҳибаларисиз», дедилар.

Юсуф алайҳиссаломнинг қиссаларида аёлларнинг турли тасарруфлари ҳақида сўз кетган. Жумладан, Миср Азизининг хотини ва унинг тасарруфлари баён қилинган. Чунки ўша аёлнинг зоҳирда бир ишни қилиб, ботинда бошқа нарсани кўзлагани бор. У зоҳирда уйига аёлларни чақириб, меҳмон қилади. Аммо аслида уларга Юсуф алайҳиссаломни кўрсатиб, ҳайрон қилмоқчи бўлади.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳам бу мақомда «Абу Бакр юмшоқ кўнгилли одам», демоқдалар, аммо аслида бу гапнинг замирида «У ‎имом бўлса, одамлар тарқалиб кетармикан», деган маъно бор эди.

Имом Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Мен ҳеч бир набийнинг дунё ва охиратдан бирини танлаш ихтиёрига қўйилмагунча ўлмаслигини эшитиб юрар эдим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олдинги хасталикларида овозлари хириллаб қолганда:

«Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга. Улар қандай ҳам яхши рафиқлар!» деганларини эшитдим. Ана ўшанда у зотга ихтиёр қилиш вақти келганини англадим».

Имом Бухорий ва Муслимлар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соғлик чоғларида:

«Ҳеч бир набий жаннатдаги ўз ўрнини кўрмай туриб, ихтиёрига қўйилмай туриб, зинҳор қабз қилинмаган», дер эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига (ўша ҳолат) келганда, бошлари сонимда турганда у зот бир муддат ҳушларидан кетдилар. Сўнгра кўзларини очиб, шифтга тикилдилар ва:

«Аллоҳим! Рафиқи Аълога», дедилар. Шунда «У зот бизни ихтиёр қилмаётирлар», дедим ва соғлик вақтларида зикр қилган гапларининг нималигини билдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзлаган охирги сўз:

«Аллоҳим! Рафиқи Аълога», дейишлари бўлди».

Бухорий Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«У зотнинг олдиларида сувли бир мешча ёки коса бор эди. У зот қўлларини сувга солиб, юзларига сурта бошладилар ва:

«Лаа илааҳа иллаллоҳ. Албатта, ўлимнинг сакароти бор», дер эдилар. Кейин қўлларини тик қилиб, «Рафиқи Аълога», дея бошладилар. Охири қабз бўлиб, қўллари осилиб тушди».

Бу «Мен Аъло Рафиққа, Аллоҳнинг ҳузурига кетмоқдаман», деганлари эди. Шунинг учун ҳам тушунган доираларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан «ўлим» ва «вафот» сўзлари ўрнига «Рафиқи Аълога интиқол қилдилар» истилоҳи ишлатилади.

У зот ана шундай ҳолатда турганларида қабзи руҳ қилиндилар, қўллари пастга тушди. Одам боласининг афзали, пайғамбарларнинг охиргиси, оламларнинг Сарвари бўлган зот ана шу тариқа фоний дунёдан боқий дунёга ўтдилар.

Бу ҳодиса ҳижрий ўн биринчи сана, ўн иккинчи Робийъул аввал, душанба куни заволдан кейин бўлди. Ўшанда у зоти бобаракотнинг ёшлари олтмиш учда эди.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ниятларига яраша охиригача Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатлари ва хизматларида бўлдилар.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Яқинда бир дугонам билан суҳбатлашиб қолдим. Суҳбат қизиб, гап илмли қизйигитларнинг илмсиз бўлганлар билан турмуш қуриши мавзусига кўчди. Шунда у .Ихлосли, давоми...

1537 15:03 / 07.09.2020
.Ва батаҳқиқ, сизларни яратдик, кейин сизларга суврат бердик, Аъроф сураси, 11оят дея марҳамат қилган Аллоҳ таолога Ўзининг Холиқ сифатига мос ҳамду санолар бўлсин. давоми...

1449 16:24 / 21 январь
. . . ..Уқба ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу айтадики.Бир аёлга уйландим. Сўнгра олдимизга бир қора хотин келиб, .Икковингизни эмизганман,, деди. Шунда давоми...

1550 18:00 / 22.04.2020
Қиз болада аёллик ҳислари уйғонар экан, у онаси томонидан ўзининг эътироф этилишини, ўртада янги чегаралар ўрнатилишини истайди, у билан ўзаро рақобатлашишни давоми...

4543 11:45 / 10.01.2019
Аудиолар

120072 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41737 14:35 / 11.08.2021