1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 249-оят

09:05 / 01.04.2018 3511 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Толут лашкарлар билан чиққанда: «Албатта, Аллоҳ сизни дарё билан синовчидир, ким ундан ичса, у мендан эмас. Ва ким уни тановул қилмаса, у албатта мендандир. Магар биров қўли билан бир ҳовуч олса, майли», – деди. Озгиналаридан бошқалари ундан ичдилар. У ва у билан бирга иймон келтирганлар у(дарё)дан ўтганларида: «Бугун бизда Жолут ва унинг лашкарлари билан жанг қилишга қудрат йўқ», – дедилар. Ўзларини Аллоҳга рўбарў бўлувчи деб билганлар: «Қанчадан-қанча оз сонли гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан кўп сонли гуруҳларга ғолиб келган. Аллоҳ сабрлилар биландир», – дедилар. Бақара 249.

Ва ниҳоят, Бану Исроилнинг жиҳоддан қочмай қолган одамлари Толутнинг Аллоҳ тайин қилган подшоҳ эканига ишонтирилгач, Толут улардан аскар тайёрлади. Сўнгра жиҳод, яъни уруш қилиш вақти етиб келди. Улар жўнадилар. Шунда Толутнинг ҳақиқий аскарбоши экани намоён бўлди. У аскарларининг ҳолатини яхши биларди. Улар авваллари мағлубиятга учраб юрган, хорликка кўникиб қолган эдилар. Душман эса кучли, ғалабага одатланиб қолган. Ундай душманга ғолиб келиш учун мустаҳкам иродага эга бўлиш керак. Шунинг учун Толут ўз аскарларининг иродасини синаб кўрмоқчи бўлди. Шаҳардан чиққанларида синов шартини эълон қилди.

«Толут лашкарлар билан чиққанда: «Албатта, Аллоҳ сизни дарё билан синовчидир, ким ундан ичса, у мендан эмас. Ва ким уни тановул қилмаса, у албатта мендандир. Магар биров қўли билан бир ҳовуч олса, майли», – деди».

Йўлда бир имтиҳон учрайди, ким иродаси кучли бўлиб, чанқоқликка чидаб, унинг сувидан ичмаса, синовдан ўтган бўлади – Толутнинг ҳақиқий аскарига айланади. Ким иродасизлик қилиб, дарёнинг сувидан ичиб олса, аскарликка қабул қилинмайди. Бир оз сувсизликка чидай олмаган одам жиҳоднинг машаққатларига чидай олмаслиги турган гап. Шу билан бирга, Толут томоқни ҳўллаб олиш учун сувдан бир ҳўплам ичишга рухсат берди.

Юриб бориб, дарёга ҳам етишди:

«Озгиналаридан бошқалари ундан ичдилар».

Синовдан ўтиша олмади. Оғир ишга киришишдан олдин одамларни фақат оғзаки синов эмас, балки амалий синовдан ҳам ўтказиш зарурлиги шундан билинади. Биринчи амалий синовдаёқ Толутнинг аскари сараси сарага, пучаги пучакка ажради. Синовдан ўтмаганлар ажраб қолдилар.

Имом Бухорий Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда у киши:

«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Бадр уруши куни қатнашган саҳобаларининг сони уч юз ўн неча киши – Толут билан дарёдан ўтган шерикларининг сонига тенг келганини гаплашар эдик; у билан фақат мўминларгина ўтган», – деган эканлар.

«У ва у билан бирга иймон келтирганлар у(дарё)дан ўтганларида: «Бугун бизда Жолут ва унинг лашкарлари билан жанг қилишга қудрат йўқ», – дедилар».

Лекин иймонлилар ичида ҳам заифлар пайдо бўлди. Душманга рўбарў келганда ўзларининг озлиги, душманнинг қувватли эканини сезиб, урушда қатнаша олмасликларини, тоқатлари йўқлигини баён қилишди. Улар вазиятни ўз тарозиларига солиб кўриб, ғолиб келишларига кўзлари етмади. Шунда ҳақиқий мўминлар, ҳамма нарсани илоҳий ўлчов билан ўлчайдиганлар юзага чиқдилар.

«Ўзларини Аллоҳга рўбарў бўлувчи деб билганлар: «Қанчадан-қанча оз сонли гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан кўп сонли гуруҳларга ғолиб келган. Аллоҳ сабрлилар биландир», – дедилар».

Ўзи асл нарса оз бўлади. Ҳақиқий мўминлар ҳам оз бўладилар. Чунки улар хатарли сўқмоқлардан қийинчиликларни енгиб ўтиб, мақсадга етадилар, Аллоҳ танлаган муқарраб бандалар қаторига кирадилар. Бу ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Ундайлар Парвардигори Оламга рўбарў бўлишларига қатъий ишонадилар. Шунинг учун ҳамма машаққатларни енгишга тайёр бўладилар. Ҳамма нарса «Аллоҳнинг изни билан» бўлишига ишонадилар. Шунинг учун сонлари оз бўлса ҳам қўрқмайдилар. Улар Аллоҳ сабр қилувчилар билан бирга эканини яхши биладилар. Аллоҳнинг Ўзидан сабр тилаб, қўрқмай, кўп сонли ва қувватли душманнинг кўзига тик боқиб бораверадилар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ана ўшалар залолатни ҳидоятга сотиб олганлардир. Бас, тижоратлари фойда келтирмади ҳамда ҳидоят топганлардан бўлмадилар. Бақара 16. Ушбу оятда Аллоҳ таоло давоми...

3106 12:37 / 10.07.2017
Моида сураси, 91оят. Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва нафрат солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни истайдир. давоми...

9905 10:33 / 06.07.2018
Аллоҳнинг ҳузуридан улардаги нарсани тасдиқловчи Расул келганда, китоб берилганлардан бир гуруҳи худди билмагандек, Аллоҳнинг китобини ортларига қараб отдилар. давоми...

3556 12:10 / 27.10.2017
Ва бурилиб кетганда, ер юзида бузғунчилик қилиш ҳамда экин ва наслни ҳалок этиш учун ҳаракат қиладир. Аллоҳ эса бузғунчиликни суймас. Бақара 205. Ундай шахснинг давоми...

3015 09:05 / 12.02.2018