1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 16-оят

12:37 / 10.07.2017 3098 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ана ўшалар залолатни ҳидоятга сотиб олганлардир. Бас, тижоратлари фойда келтирмади ҳамда ҳидоят топганлардан бўлмадилар. Бақара 16. 

Ушбу оятда Аллоҳ таоло мунофиқларнинг ҳидоятни қўйиб, залолат – адашиш йўлини ихтиёр қилганликларини илоҳий таъбирлар билан баён қилмоқда. Агар улар хоҳласалар, ҳидоят қўлларига теккан эди, ундан фойдаланиб юрсалар бўлар эди. Набий алайҳиссалом бошқалар қатори, уларни ҳам даъват қилган эдилар. Аммо улар ҳидоятни бой бериб, залолатни танладилар. Яъни ҳидоятга залолатни сотиб олдилар. Аммо уларнинг бу «тижорат – савдолари» фойда келтирмади. Шу билан бирга, улар ҳидоятда – тўғри йўлда юрувчилардан бўлмадилар.

Мунофиқлар ҳақида яна кўплаб оятлар келади. Иншааллоҳ, уларни ўз ўрнида ўрганамиз. Ҳозир Набий алайҳиссалом уларни қандай васфлаганлари хусусида бир-икки мисол келтирайлик.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:

«Мунофиқнинг белгиси учдир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, сўзида турмайди ва омонатга хиёнат қилади», – деганлар.

Имом Бухорий Ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

«Тўрт нарса бор, кимда улар бўлса, тўлиқ мунофиқ бўлади. Кимда улардан бир хислат бўлса, уни ташлагунча, нифоқнинг хислатларидан бири у кишида туради. У омонатга хиёнат қилади, ёлғон гапиради, аҳд қилса, алдайди ва тортишса, фожирлик қилади», – дейилган.

Қатода розияллоҳу анҳу мунофиқнинг васфида:

«У ахлоқи бузуқ, тилидагини дили инкор этади, хилоф амал қилади, эрталаб бир ҳолатда, кечқурун бошқасида, кечқурун бир ҳолатда, эрталаб бошқасида бўлади, шамолда тебранган кема сингари тебраниб туради», – деганлар.

Имом Молик:

«Набий алайҳиссалом даврларидаги мунофиқ – ҳозирги кундаги зиндиқдир», – деганлар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизурлар. Бу эмизишни батамом қилмоқчи бўлган киши учундир. Уларни маъруф ила едириб, кийинтириш туғдирганнинг зиммасидадир. давоми...

4003 09:00 / 14.03.2018
Албатта, Аллоҳ чивин ва ундан устунроқ нарсаларни мисол қилиб келтиришдан уялмас. Бас, иймон келтирганлар, албатта, у Роббларидан келган ҳақлигини билурлар. Аммо давоми...

3816 14:53 / 07.08.2017
Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни .ўликлар, деманг. Балки улар тирикдирлар, лекин сиз сезмассиз. Бақара 154.Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганлар одамлар кўзида гўё давоми...

4368 09:05 / 21.12.2017
Сўнг агар талоқ қилса, бундан кейин у аёл токи бошқа эрга тегмагунича унга ҳалол бўлмас. Агар у ҳам талоқ қилса, гар Аллоҳнинг чегараларида туришга ишонсалар, давоми...

3827 22:30 / 11.03.2018