1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

81-боб. Чала туғилган боласи ўлган киши

18:01 / 28.03.2020 3147 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саҳл ибн Ҳанзолийядан ривоят қилинади:

«У бефарзанд эди ва: «Исломда эканимда бир болам чала туғилиб (яшамаса), бунга савоб умидида сабр қилишим мен учун дунё ва ундаги ҳамма нарсадан маҳбуброқдир», дерди».

Демак, боласи чала ёки ўлик туғилган ота-оналар бунга савоб умидида сабр қилсалар, Саҳл ибн Ҳанзала дунё ва ундаги барча нарсадан кўра яхшироқ кўрган улкан савобларга эришар эканлар.

Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қай бирингизга меросхўрининг моли ўз молидан кўра суюклироқ?» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, орамизда бирор киши йўқки, ўз моли меросхўрининг молидан суюклироқ бўлмаса», дейишди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Билиб қўйингларки, ичингизда ўз моли меросхўрининг молидан кўра маҳбуброқ одам йўқ. Сарфлаганинг ўзингнинг молинг, қолдирганинг эса меросхўрингникидир», дедилар».

Бунинг маъноси шуки, сенинг молинг – бу дунёда ўзинг сарф қилганинг, меросхўрингнинг моли эса сарфламай, жамлаб қўйганинг.

Яъни ота мол-дунё топади, ундан хайр-садақа қилса, ўз номидан қилинган эҳсон бўлади, бахиллик қилиб тўплаб юраверса, ўлганидан кейин меросхўрларига қолади.

Тириклигида, бу дунёда садақа қилинган мол банданинг ҳақиқий ўз моли бўлиб қолар экан, ўлганидан кейин меросхўрларига қоладиган мол эса ўша меросхўрга тегишли бўлади.

Демак, ҳаётлик пайтида садақа қилган моли киши учун маҳбуброқ бўлади. Шунинг учун банда тириклигида хайр-эҳсон, садақа каби ибодатларни кўпроқ қилиб қолишга ҳаракат қилиши керак экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Рақуб ҳақида нима деб ўйлайсизлар?» дедилар.

«Рақуб – фарзанд кўрмайдиган одам», дейишди.

«Йўқ, рақуб – ўз фарзандларидан бирортасини тақдим қилмаган одам», дедилар».

Яъни норасида гўдаги вафот қилмаган одамдир.

Бу ҳадис ҳам юқоридаги ҳадис каби, фарзанди норасида гўдаклик чоғида вафот этган ёки ҳомиласи тушиб қолган ота-оналарни сабр қилишга ундовчи ҳадислардандир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлар паҳлавон деб кимни айтасизлар?» дедилар.

«(Курашда) одамлар йиқита олмайдиган киши-да», дейишди.

«Йўқ, ғазаб чоғида ўзини қўлга ола билгангина ҳақиқий паҳлавондир», дедилар».

Ушбу ҳадиснинг бу бобга киритилишига сабаб шуки, унда ҳам мусибатга, жумладан, фарзанд доғига сабр қилиш маънолари бор.

Ана шундай оғир мусибатлар етганда сабр қилган одамни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «паҳлавон» деб сифатлаган эканлар.

Албатта, фарзанд доғи нафақат ҳар бир инсон, балки ҳайвонот учун ҳам оғир мусибатдир. Аммо ўша мусибат етганда мусибатзадалар ўзларини турлича тутадилар. Бошқача қилиб айтганда, фарзанд доғи мусибатига дучор бўлганда ҳар ким ўзини ҳар хил тутади.

Баъзилар вафот этган боласига уввос солиб йиғлайди, ўзини ҳар тарафга уради, ҳайкал қўяди ва ҳоказо, бошқа турли нарсаларни ихтиро қилади ва қилиб келмоқда.

Аммо бу борада Ислом жорий қилган одоб ўзининг мўътадиллиги, яхшилиги ва мақбуллиги ила собит турибди. Бу одобнинг асоси сабр билан Аллоҳ таолодан савоб умид қилишдан иборатдир.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бойлик матоҳнинг кўплигида эмас, бойлик нафснинг тўқлигидадир,, дедилар,. Шарҳ Нафси тўқ одам давоми...

1117 11:00 / 31.01.2023
Абу Дардодан ривоят қилинади.У киши одамларга қараб шундай дер эди.Эй одамлар Биз сизларни байтарлар ҳайвонларни билганларидан ҳам кўра яхшироқ биламиз. Биз давоми...

1783 19:04 / 13.04.2020
92. Валид ибн Нумайр ибн Авсдан ривоят қилинади.У отасининг .Улар .Солиҳлик Аллоҳдан, одоб эса оталардан,, дейишар эди,, деганини эшитган экан,.Шарҳ Бу ривоятдан давоми...

1888 15:00 / 18.07.2019
75. Рифоъа ибн Рофеъдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳуга.Менга қавмингни тўпла,, дедилар.У қавмини тўплади. Улар Набий давоми...

1916 18:00 / 07.05.2019