1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Нафс саховати

11:00 / 31.01.2023 1124 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бойлик матоҳнинг кўплигида эмас, бойлик нафснинг тўқлигидадир», дедилар».


Шарҳ: Нафси тўқ одам ҳақиқий бой бўлади. Очкўз одам эса бутун дунёга эга бўлганда ҳам, тўймайди. Ўзини бой санамайди ва бой ҳам бўлмайди. Ҳақиқий бойлик нафснинг қаноатли бўлишидир.


Анасдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўн йил хизмат қилдим. Менга ҳеч ҳам «Уф», демадилар. Бир ишни қилмаган бўлсам, «Нега қилмадинг?» демадилар. Бир ишни қилган бўлсам, «Нега қилдинг?» демадилар».
Набийимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нафслари қанчалик саховатли бўлганини ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадисдан билиб оламиз.
У киши: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўн йил хизмат қилдим. Шу ўн йил ичида у зот бирор марта менга «Уф» деганлари, бирор марта ёқмайдиган нафас ҳам олганлари йўқ. Бир ишни қилмаган бўлсам, «Нега қилмадинг?» демаганлар, бир ишни қилган бўлсам, «Нега қилдинг?» демаганлар», деган маънони айтмоқдалар.


Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз ходимларига муносабатлари ана шундай бўлган.
Саховатли нафс ана шундай олий даражада бўлиши керак экан. Инжиқлик, сал нарсага қўл остидагиларни уришиш, сўкиш, «Нега ундай қилдинг, нега бундай қилмадинг?» деб койийвериш каби ҳолатлар мўмин-мусулмонлар учун мутлақо тўғри келмайдиган нарсалар экан.


Шунинг учун мўмин-мусулмон кишилар ҳар доим нафсларини саховатли қилиб боришлари яхшидир.
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоятда раҳмдил одам эдилар. Олдиларига ким келса, ваъда берардилар. Сўнг ҳузурларида ўша нарса бўлса, уни берардилар.
Намозга иқома айтилди. Бир аъробий келиб, у зотнинг кийимларидан ушлаб тўхтатди ва:
«Менинг озгина эҳтиёжим бор. Унутиб қўяман деб қўрқаман», деди.
У ўз эҳтиёжини айтиб бўлгунича ул зот бирга турдилар. Сўнг бориб, намозни ўқидилар».
Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саховатларини, меҳрибон, раҳмдил, ҳожатбарор инсон бўлганларини кўриб турибмиз.


Бошқа одам бўлса, балки, «Тўхтаб тур, намозни ўқиб олайлик», дер эди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар кутиб турган бўлса ҳам, ана шу аъробийнинг ҳожатини чиқариб, кейин намозга бордилар.

Жобирдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қандай нарса сўралмасин, йўқ демаганлар».
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу доим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юрган буюк саҳобалардан биридир.


Доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида юрган ана шу саҳобий бирор нарса сўралганда у зотнинг рад этганларини эшитмаган эканлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай сахий, ҳожатбарор инсон бўлганлар.
Абдуллоҳ ибн Зубайрдан ривоят қилинади:
«Мен Оиша ва Асмочалик сахий аёлни кўрмаганман. Икковларининг қўли очиқлиги фарқли эди. Оиша бир нарсани тўплаб туриб, сўнг ҳаммасини бирданига тақсимлаб берарди. Асмо эса ҳеч нарсани эртаси кунгача тутиб турмас эди».


Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ровийнинг холалари, Асмо розияллоҳу анҳо эса оналари бўлганини аввалги ҳадислардан билиб олган эдик.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу оналари ва холаларининг саховатлари ҳақидаги гапларини шундай давом эттирадилар ва қуйидаги маънога яқин гапни айтадилар: «Икковларининг қўли очиқлиги икки хил эди. Оиша розияллоҳу анҳо молларини тўплаб юриб, бир миқдорга етгандан сўнг ҳаммасини бирданига тақсимлаб берардилар. Асмо розияллоҳу анҳо эса ҳеч нарсани ушлаб турмас, қўлига тушган заҳоти дарров бериб юборар эдилар».


Ҳазрати имом Бухорийнинг Оиша ва Асмо розияллоҳу анҳумо ҳақларидаги ушбу ҳадисни бу бобга киритишларига сабаб шуки, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг яқин кишилар бўлишган ва албатта, бундай сифатларни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганишган.
Шунинг учун катта саҳобалардан содир бўлган бундай солиҳ амаллар ривоят қилинса, ҳадис ўрнига ўтаверади. Чунки бу амаллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўриб, ўрганиб қилинган бўлади.


Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг сахийликлари ўзларида бор мол-дунёни Аллоҳ таолонинг розилиги учун чин дилдан, савоб умидида сарфлашдан иборат эди.
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Умму Дурра розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:
«Оишага юз минг олиб бордим. У уни тарқатиб юборди. Ўзи ўша куни рўзадор эди. Мен унга:
«Инфоқ қилган нарсангдан бир дирҳамига гўшт сотиб олиб, ифторлик қилсанг бўлмасмиди?» дедим.
«Аввалроқ ёдимга солганингда, қилсам бўлар эди», деди».
«Ҳулятул Авлиё» китобида Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан қуйидагилар ривоят қилинади:
«Оиша розияллоҳу анҳонинг етмиш мингни тақсимлаб берганини кўрдим. Ҳолбуки, ўз кўйлагининг ёқаси ямоқ эди».


Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳаммаси бўлиб олтмиш еттита қул озод этганлар.
Ҳа, сахийликда Оиша онамиз розияллоҳу анҳога тенг келадиганлар кам эди.
Имом Заҳабий Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳақларида:
«Мўминларнинг онаси ўз замонлари аҳли ичида энг карамли зот эдилар. У кишининг сахийликлари ҳақидаги хабарлар кўп», деганлар.


Қўлларига тушган нарсани дарҳол бошқаларга бериш Асмо розияллоҳу анҳонинг одатлари эди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:
«Сен санамагин, Аллоҳ сенга санамасин. Жойлаб қўйма, сенга ҳам жойлаб қўйилмасин», деган эдилар. (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.)


Мана бу ривоятлардан чиқаришимиз керак бўлган хулоса шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан, катта саҳобалардан саховатни, ҳожатбарорликни, сўралган нарсани рад этмасликни, хушмуомалаликни ўрганишимиз лозим.


«Одоблар хазинаси» китоби асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ғарб олимлари деярли ҳар куни одамларга бирор ижобий ишни тавсия қилмоқдалар. Ушбу тавсиялари эса кўп ўринларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

2394 14:00 / 02.05.2023
Савбондан ривоят қилинади.Икки киши ўзаро уришиб қолиб, уч кундан ортиқ гаплашмай юрса ва улардан бирига ўлим етсаю, улар ўша ҳолатда бўлсалар, иккови ҳам давоми...

2117 19:05 / 13.12.2019
Ушбу сарлавҳада зикр қилинган маъно имом Ибн Можа ва имом Аҳмад ривоят қилган ҳадиси шарифда келган Имом Ҳасан ва имом Ҳусайн кичиклик чоғларида югуриб давоми...

2224 14:00 / 13.06.2019
Амрадан ривоят қилинади.Оиша розияллоҳу анҳо чўрисига .Вафот этсам, озодсан,, деди. Сўнг Оиша бемор бўлиб қолди.Шунда акасининг ўғиллари асли суданлик табибдан давоми...

1609 18:30 / 20.04.2020