1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Уламолар ғуслдан олдин таҳорат қилиб олиш суннат деганлар

17:03 / 09.02.2020 3502 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم إِذَا اغْتَسَلَ مِنَ الْجَنَابَةِ يَبْدَأُ فَيَغْسِلُ يَدَيْهِ، ثُمَّ يُفْرِغُ بِيَمِينِهِ عَلَى شِمَالِهِ فَيَغْسِلُ فَرْجَهُ، ثُمَّ يَتَوَضَّأُ وُضُوءَهُ لِلصَّلَاةِ، ثُمَّ يَأْخُذُ الْمَاءَ فَيُدْخِلُ أَصَابِعَهُ فِي أُصُولِ الشَّعَرِ حَتَّى إِذَا رَأَى أَنْ قَدِ اسْتَبْرَأَ حَفَنَ عَلَى رَأْسِهِ ثَلَاثَ حَفَنَاتٍ، ثُمَّ أَفَاضَ عَلَى سَائِرِ جَسَدِهِ، ثُمَّ غَسَلَ رِجْلَيْهِ. رَوَاهُمَا الْخَمْسَةُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жунубликдан ғусл қилсалар, аввал икки қўлларини ювишдан бошлар эдилар. Сўнгра ўнг қўллари билан чап қўлларига сув қуйиб, фарж­ларини ювар эдилар. Кейин эса намозга қиладиган таҳоратларини бажарар эдилар. Сўнгра сувни олиб, панжаларини сочлари остига киритар эдилар. Токи, сув яхши етганига ишонганларидан кейин бошлари устидан уч ҳовуч сув қуяр эдилар. Кейин қолган таналарига сув қуяр, сўнгра оёқларини ювар эдилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Оиша онамизнинг бу ҳадислари Маймуна онамизнинг юқоридаги ҳадисларини таъкидлаб, унда зикр қилинмай қолган баъзи нарсаларни баён қилиб келмоқда.

1. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жунубликдан ғусл қилсалар, аввал икки қўлларини ювишдан бошлар эдилар».

Бу маъно биринчи ҳадисда ҳам келган. Уламоларимиз олдин икки қўлни ювиб олишни суннат деганлар.

2. «Сўнгра ўнг қўллари билан чап қўлларига сув қуйиб, фаржларини ювар эдилар».

Бу маъно ҳам олдинги ҳадисда келган, лекин ўнг қўл билан чап қўлга сув қуйиб олиш айтилмаган. Аммо айтилмаса ҳам шундай тушуниш бор. Чунки бошқача бўлиши мумкин эмас. Нопок жойларни ушлаш учун ажратилган чап қўлни тўғридан-тўғри тоза сувли идишга солинмайди.

3. «Кейин эса намозга қиладиган таҳоратларини бажарар эдилар».

Бошқа нарсани тушуниш керак эмас. Араб тилида қўл ювишни ҳам таҳорат қилди, де­йилаверади. Шунинг учун бу ҳадисдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳорат қилганларини бошқача тушуниш керак эмас. Бу ерда айнан намозга қилинадиган таҳорат зикр қилинган.

Уламолар «Ғуслдан олдин таҳорат қилиб олиш суннат», деганлар.

4. «Сўнгра сувни олиб, панжаларини сочлари остига киритар эдилар».

Чунки соч узун бўлганлигидан унинг остига сув етмай қолиш хавфи бор. Шунинг учун бу ишга алоҳида эътибор берилган.

Уламолар бу ишни вожиб деганлар.

5. «Токи сув яхши етганига ишонганларидан кейин бошлари устидан уч ҳовуч сув қуяр эдилар».

Бу худди бошни алоҳида ювиб олгандек эди.

6. «Кейин қолган жасадларига сув қуяр, сўнгра оёқларини ювар эдилар».

Бу маъно олдинги ҳадисда ҳам ўтди.

Оиша онамизнинг «қилар эдилар», «қуяр эдилар» каби ибораларни ишлатишларидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари шундай эканлиги тушунилади.

Маймуна онамизнинг ҳадисларида бир ғусл васфи келган. Оиша онамизнинг ҳадисларида эса доимий одат ҳақида сўз бормоқда.

Бу икки ҳадисдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғусллари сифатини ўрганиб олдик. Энди ҳар биримиз ғуслимизни ўша Ҳабиби Роббил оламийннинг ғуслларига ўхшатиб қилишимиз керак.

 

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга раҳмат қилиб юборган ақ таолога Ўзининг жалолига яраша ҳамду санолар бўлсинОламларга раҳмат қилиб давоми...

3968 18:44 / 28.04.2017
553. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳамзанинг қизига уйланишларини исташди. Шунда у зот .У менга давоми...

2829 19:00 / 20.08.2021
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг саховатли зот эдилар. У кишининг саховати олдида бошқа саховатлар ип эша олмас эди.Анас розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

3005 20:03 / 28.04.2017
868. Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Ким мақтанишини ёйса, Аллоҳ унинг шармандалигини давоми...

1636 19:00 / 25.03.2023