1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

ОЛАМЛАРГА РАҲМАТ ПАЙҒАМБАР

18:44 / 28.04.2017 3923 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга раҳмат қилиб юборган Ћақ таолога Ўзининг жалолига яраша ҳамду санолар бўлсин!
Оламларга раҳмат қилиб юборилган Муҳаммад Мустафога Аллоҳ таолонинг батамом ва баркамол саловотлари ва саломлари бўлсин!
1427 ҳижрий сананинг дастлабки кунларига тўғри келган ҳаммамиз учун ўта афсусланарли бўлган ҳодисалар бизни янги бир ишга чорлади. Баъзи Овропо давлатларидаги оммавий ахборот воситаларида Пайғамбаримиз алайҳиссаломга нисбатан беодоблик қилиб, ҳажв маъносидаги расмларни эълон қилиниши кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлди. Бунинг оқибатидан содир бўлган ва бўлаётган ишлардан барчамиз хабардормиз.
Мен камина ҳам ўзим ва сизларнинг номингиздан бу масалага нисбатан муносабат билдиришга муяссар бўлдим. Ўзим аъзо бўлган халқаро Ислом ташкилотларига фикримизни ифода этувчи хабарлар юбордим. Бир қанча оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар қилдим. Кишилар ичида ҳам масалани ёритиш маъносида сўзлар айтиб саволларга жавоблар бердим.

Менга ўзим аъзо бўлган халқаро ташкилотлардан келган баёнотларда мўмин-мусулмонлар бу масалада ўз норозиликларини Ислом маданияти ва одоблари асосида тинч йўл билан ифода этишлари лозимлиги қайта-қайта таъкидланганига амал қилишга ўтдим ва бошқаларни ҳам шунга даъват қилдим.
Шу муносабат билан Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимиз, севгимиз, эҳтиромимиз, фидокорлигимиз, умматлик бурчимиз рамзи сифатида ва ўзимиз ва бошқаларга ҳам У зот алайҳиссаломни яхшироқ танитиш мақсадида интернетдаги «ислам.уз.» саҳифамизда «Оламларга раҳмат Пайғамбар» номли рукн очишга қарор қилдим.
Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ишни ҳаммамиз учун фойдали қилсин! Ўзининг розилигига ва Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига сазовор қилсин!
Бу рукнда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳақларида доимий равишда турли маълумотларни бериб боришга ҳаракат қиламиз. Улардан ўзимиз ва ўзгаларни ҳам фойда олишини насиб этсин!
Шу муносабат ила Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, сифатлари ва Суннатларини диққат билан ўрганиб уларга амал қилишимиз ҳаммамиз учун бахту саодат эканини ўзимга ҳам, сиз азизларга ҳам эслатиб қўймоқчиман.

ОЛАМЛАРГА РАЋМАТ ПАЙҒАМБАР

Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида: «БИЗ СЕНИ ФАҚАТ ОЛАМЛАРГА РАЋМАТ ҚИЛИБ ЮБОРДИК», деган (107 - оят).
Аллоҳ таоло бу ояти каримада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилмоқда.
Эй Муҳаммад, Биз сени Пайғамбар этиб юборишимиздан мақсад–фақат оламларга раҳмат бўлишингдир.
Аллоҳ таоло Одам отадан бошлаб бандаларига улар бир уммат-дин бўлишлари учун юбориб келаётган Пайғамбарлар сисиласини Ћазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда тугатди.
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни инсоният ўсиб-улғайиб камолга етган пайтида мукаммал ва баркамол Ислом ила юборди.
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни барча оламларга раҳмат қилиб юборди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин, Қуръон, таълимотлар барча оламларга раҳмат-шафқатдир.
Жамодот ва наботот оламига ҳам, ҳайвонот ва инсонлар оламига ҳам, яна бошқа оламлар бўлса, уларга ҳам раҳматдир.
Ћам бу дунёнинг раҳмат-шафқати, ҳам у дунёнинг раҳмат-шафқатидир.
Буни фаҳмлаб олиш қийин эмас. Ислом таълимотларига бир назар солишнинг ўзи кифоя. Бутун оламларга меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат улардан балқиб турганини ҳар қандай одам дарҳол пайқаб олади.

РАСУЛУЛЛОЋ АЛАЙЋИСАЛОМНИНГ БАЪЗИ АХЛОҚЛАРИ

Ћар бир мўмин банда билиб қўйиши лозим бўлган ҳақиқатлардан бири камолот сифатлари ила энг олий даражада сифатланган ва хулқланган банда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.
Шунинг учун ҳам мўмин банда барча ҳимматини ишга солиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари билан хулқланишга ҳаракат қилиш керак.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бандаликни жойига қўйиб мумкин бўлган хулқланишни аъло даражада ўзларида жамлаган зотдирлар.
Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилса ҳеч бир ишколсиз камолотнинг чўққисига чиқиши мумкин. Тикланиш ва хулқланиш бобида кўп зикрсиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиш мумкин эмас.
Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида: «Батаҳқиқ, сизлар учун; Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди», деган (21 – оят).
Ћа, мўмин-мусулмонлар учун гўзал ўрнак манбаи уларнинг маҳбуб Пайғамбарлари Ћазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У киши ҳар бир нарсада, ҳар бир сўзда, ҳар бир ишда мўминлар учун гўзал ўрнакдирлар.
Оҳ, қани энди, ҳамма шу ўрнакнинг моҳиятини тушуниб етса! Расулуллоҳнинг гўзал ўрнак бўлган гап-сўзлари ҳаводан олинган нутқ эмас, Аллоҳдан қилинган ваҳийдир. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари Аллоҳнинг амри биландир.
Ана шундай гап-сўз гўзал ўрнак бўлмай, қайси гап-сўз гўзал ўрнак бўлиши мумкин. Ана шундай ишлар гўзал ўрнак бўлмай, бошқа қайси ишлар гўзал ўрнак бўлсин.
Бу оятда «Аллоҳни кўп зикр қилганлар» деб келишидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб У зотнинг хулқлари билан хулқланиш борасида кўп зикр шарт эканини билиб оламиз.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари билан хулқланиш учун Қуръони Карим ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва сийратларини яхшилаб ўзлаштириш керак. У зотнинг хулқлари Қуръон эди.
Оиша онамиздан у кишининг хулқлари ҳақида сўрашганда, «Хулқлари Қуръон эди», деб жавоб берганлар. Яъни Муҳаммад алайҳиссалом Қуръондаги олий хулқлар билан хулқланганлар. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги барча яхши одоб-ахлоқни ўзларига сингдирганлар.
Пайғамбаримизнинг ўзлари «Мен яхши хулқларни батамом қилиш учун юборилганман», деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча яхши хулқлар билан хулқланган ва ёмон хулқлардан йироқда бўлган зотдирлар. «Назратун наъийм фии макорими ахлоқи расулил карим» энсклопедиясининг муаллифлари Қуръони Карим, суннат ва сийратда икки юзта гўзал ахлоқ, бир юз олтмиш битта ёмон ахлоқ борлигини топганлар ва уларнинг ҳар бирига алоҳида маълумотлар тўпламини бағишлаганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари доимий равишда Аллоҳ таолодан ўзларини гўзал одоблари ва карамли хулқлар билан зийнатлашини сўраб юрар эдилар. У зот ўз дуоларида «Эй Аллоҳим! Менинг хулқимни ва халқимни гўзал қилгин», дер эдилар.
Шунингдек У зот «Эй Аллоҳим! Мени инкор қилинган ахлоқлардан четда қилгин», дер эдилар. Аллоҳ таоло У зотнинг бу борадаги дуоларини қабул қилди.
Саъд ибн Ћишом айтади: «Оиша розияллоҳу анҳонинг олдиларига кирдим ва у кишидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари ҳақида сўрадим. Бас, у киши: «Қуръонни ўқимайсанми?» дедилар.
«Ўқийман», дедим.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари Қуръон эди», дедилар.
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Карим орқали ахлоқий таълим берганидан намуналар билан танишиб чиқайлик.
Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида У зотга хитоб қилиб: «Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир», деган (199 – оят).
Яъни, ўзаро муомала-муносабатда кечиримли бўл, осон йўлни тут. Одамларга нисбатан ўта талабчан бўлма. Қилган хатоларини афв этувчи, кенг бағирли бўл.
Ћақиқатда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сифатни муборак шахсларида мужассам қилган эдилар. Ул зот ҳақидаги ривоятларда бу ҳақиқат кишини ҳайрон қолдирарли даражадаги ҳолатлар зикр этилган.
«Яхшиликка буюр».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари яхшиликка буюрадиган даъватдир. Ислом динида яхшиликка буюриш ҳар бир мусулмон эр ва муслима аёлга фарз қилингандир.
«Жоҳиллардан юз ўгир».
Жоҳиллик нодонлик, илмсизликдир. Ислом мусулмонларни нодонлик ва нодонлардан, илмсизлик ва илмсизлардан юз ўгиришга, ҳар қачон донолик ва доноларга, илму уламоларга юз тутишга даъват қилади.
Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида У зотга хитоб қилиб: «Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарур. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз», деган (90 – оят).
«Муфассирлар шоҳи» лақабини олган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда у киши:
«Қуръондаги энг жамловчи оят шу оятдир. Эргашиладиган яхшиликни ҳам, четланиши лозим бўлган ёмонликни ҳам жамлаб зикр қилган», деганлар.
Албатта, Аллоҳ: «Адолатга», амр этади.
Аллоҳ буюрган адолат–исломий мутлоқ адолатдир. Бу адолатга кўра, ҳар бир шахс, жамоат ва ҳар бир қавмга одилона муомалада бўлинади. Унда ҳавои нафсга, дўстлик ёки душманликка, насабга, қудачилик ёки қариндошликка, бойлик ёки камбағалликка, кучлилик ёки заифликка қараб муомала қилинмайди. Ћамма учун ўлчов бир.
«Эҳсонга», амр этади.
Эҳсон сўзи яхшилик қилиш маъносини англатади. Исломда эҳсоннинг эшиги кенг очилган. Қатъий адолат юзасидан ҳукм чиққандан сўнг биров яхшилик қилиш ниятида ўз ҳақидан кечиб, бошқага бериши мумкин. Кимки ёр-биродарлари ёки бошқа инсонларга яхшилик қилса, жуда яхши, савоблари кўпайтириб берилади.
«қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир».
Бошқаларга яхшилик қилиш ичида, айниқса, қариндошларга яхшилик этиш алоҳида ўрин тутади.Чунки уларнинг ҳам қариндошлик, ҳам инсонлик ҳақлари бор.
«...ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарадир».
«Фаҳш» сўзининг луғавий маъноси ҳаддан ошишликдир. Лекин урфда кишилар номусига тааллуқли жиноятлар тушунилади.
«Мункар» деганда, инсоннинг соф табиати инкор қиладиган ишлар кўзда тутилади. Буни, албатта, шариат ҳам инкор этади.
«Зулмкорлик» эса, ҳаққа тажовуз қилиш ва адолатни бузишдир.
Шу нарсалар ила: «У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз».
Дарҳақиқат, булар эслашга арзигулик ваъз-насиҳатдир.
Аллоҳ таоло «Шуро» сурасида: «Шубҳасиз, ким сабр қилиб, кечирса, албатта, бу мардлик ишларидандир», деган (43 – оят).
Бу оят тавозуъ ила иш кўришга даъват. Яна сабр қилишга даъват. Яна кечиримли бўлишга даъват.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида: «Бас, уларни авф эт ва айбларини ўтиб юбор. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севар», деган (13 – оят).
Аллоҳ таоло «Нур» сурасида: «Бас, авф этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини хуш кўрмайсизларми?! Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта раҳмли зотдир», деган (22- оят).
Аллоҳ таоло «Фуссилат» сурасида: «Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сен яхшилик бўлган нарса ила даф қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса, худди содиқ дўстдек бўлур», деган (34 - оят).
Ћар қанча ёмон гап эшитиб, ҳар қанча ёмон муомала кўрсанг ҳам, фақат яхши нарса ила қайтар. Ћеч қачон ёмонлик қилма. Ана ўшанда: «Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса, худди содиқ дўстдек бўлур».
Бу жуда ҳам зарур бир сифатдир. Ћар бир нарсани ёмонлик билан эмас, фақат яхшилик билан қарши олиш даражасига етган шахсгина катта муваффақиятларга эришади.
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтирадир», деган (134 – оят).
Ғазабини ютиш энг қийин ишлардан ҳисобланади. Ғазаб инсонда турли муносабатлар ила қўзғалиб туради, уни жиловлаб олиш ҳар кишининг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин бу оғир ишни тақводор киши эплаши мумкин. Яъни, қалбида тақводорлик мавжуд бўлган инсонгина ғазабдан ғолиб чиқа олади. Исломда ғазабни ютиш улуғ ахлоқлардан ҳисобланади.
Аллоҳ таоло «Ћужурот» сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар», деган (12 – оят).
Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири-бадгумонликдир. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда, бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. Шу боисдан ҳам: «...кўп гумонлардан четда бўлинглар», дейиляпти.
Ояти каримада гумондан четланишга амр қилингандан сўнг «Жосуслик қилманглар», деб бу қабиҳ ишдан қайтарилмоқда.
Одатда, жосуслик деб бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини ўзига билдирмай яширинча ахтаришга айтилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур. Боз устига, бу иш Ислом динининг асосий ғояларидан бири бўлмиш инсоннинг кароматини, ҳурмат, иззати ва обрўйини ҳимоя қилиш масаласига чамбарчас боғлиқдир.
Бадгумонлик жосусликка йўл очгани каби жосуслик ғийбатга йўл очади. Шунинг учун ҳам ояти каримада, «жосуслик қилманг»дан кейин, «Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар», деб уқтирилмоқда.
Аллоҳ таоло «Қалам» сурасида: «Ва албатта, сен улкан хулқдасан», деган (4 - оят).
Бу ояти карима Пайғамбар алайҳиссалом учун катта баҳодур. Аввало, ўтга оятда Аллоҳ у зотга «Роббинг» деб Ўз исми шарифига қўшиб хитоб қилган эди. Энди эса, у кишининг хулқларини улуғлик билан сифатламоқда.
Аввал ҳам таъкидланганидек, Оиша онамиздан у кишининг хулқлари ҳақида сўрашганда, «Хулқлари Қуръон эди», деб жавоб берганлар. Яъни, Муҳаммад алайҳиссалом Қуръондаги олий хулқлар билан хулқланганлар. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги барча яхши одоб-ахлоқни ўзларига сингдирганлар.
Умуман одоб, ахлоҳ, яхши хулқга Исломда катта эътибор берилган. Мазкур оят ҳам шулардан биридир.
«Ва албатта, сен улкан хулқдасан», деган хитоб билан Аллоҳ Ўзиниинг маҳбуб Пайғамбарини нақадар чиройли ахлоқ эгаси эканликларини таъкидламоқда.
Хуллас Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари ҳақида ҳар қанча гапирилса оз. Мазкур оятнинг ўзи ҳамма нарсадан устундир.
Пайғамбаримизнинг ўзлари имом Байҳақий келтирган ривоятда: «Мен яхши хулқларни батамом қилиш учун юборилганман», деганлар.
Бошқа бир ҳадисларида эса: «Киши яхши хулқи билан кундузни рўза тутиб, кечасини намоз ўқиб ўтказадиганлар даражасига етади», деганлар.
Имом Аҳмад ибн Ћанбал шундай ривоят қиладилар: «Оишарозияллоҳу анҳо: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон на қўл остидаги ходимни ва на хотинни урмаганлар. Жиҳоддан бошқа жойда ҳеч нарсани қўллари билан урмаганлар. Икки ишдан бирини танлайдиган бўлсалар, гуноҳ бўлмаса, албатта осонини танлардилар. Агар гуноҳ иш бўлса, ундан узоқда бўлардилар. Ўзлари учун ҳеч қачон интиқом (ўч) олмаганлар. Агар Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар содир қилинсагина, Аллоҳ учун интиқом олганлар», дедилар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни барча яхши ахлоқлар билан зийнатлаган ва барча ёмон ахлоқлардан холий қилган.
Ана шундоқ тарзда Аллоҳ таоло Ўзининг бўлажак пайғамбарини ҳамма тарафдан етук бўлишини таминлаб келди.
У зотнинг насаблари ўта пок насаб бўлишини таминлади.
У зотнинг жасадлари ўта пок ва мукаммал жасад бўлишини таминлади.
У зотнинг халқлари бекаму кўст бўлишини таминлади.
У зотнинг хулқлари бекаму кўст бўлишини таминлади.

У ЗОТНИНГ АХЛОҚЛАРИ ЖУМЛАСИ

Баъзи уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ва сифатлари борасида келган ривоятлардан У зотнинг гўзал ахлоқлари жумласини қисқа иборалар билан ифода қилишга ҳаракат қилганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг ҳалими, энг шижоатлиси, энг адолатлиси ва энг иффатлиси бўлганлар. У зот қўллари ўзларига маҳрам ёки никоҳда бўлмаган аёл зотига тегмаган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийси бўлганлар. У зот ҳузурларида динор ёки дирҳам бўлса ухлашга ётмаганлар. Агар бирор нарса ортиб қолса ва уни бергани одам бўлмаса, ўша нарсадан қутилмагунларича, муҳтож одамга бермагунларича ухламаганлар.
Аллоҳ таоло У зотга берган нарсалардан фақат бир йилга етадиган озуқани олганлар, холос. Унда ҳам муяссар бўлганича хурмоми ёки арпами олганлар ва қолганини Аллоҳ таолонинг йўлида сарлвгвнлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан нама сўралса, ўшани берар эдилар. Сўнгра бир йиллик озуқаларига қайтар эдилар. Кўпинча йил охиригача бирор нарса келмаса ўзлари муҳтож бўлиб қолар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ковушлари ва кийимларини ямар ҳамда ўз аҳллари хизматида бўлиб, улар билан бирга гўшт тўрғар эдилар.
У зот одамларнинг энг ҳаёлиси эдилар. Назарлари бировнинг юзига тик боқиш ила собит бўлмас эди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қулнинг ҳам, ҳурнинг ҳам даъватини қабул қилар эдилар.
У зот ҳар қандай ҳадияни, агар у бир хўплам сут ёки қуённинг сони бўлса ҳам қабул қилар эдилар. Унга мукофат берар ёки ер эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам садақани емас эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чўри ёки мискинга ижобат қилишдан ўзларини юқори тутмас эдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббилари учун ғазаб қилар, ўзлари учун ғазаб қилмас эдилар.
У зот агар ўзларига ёки саҳобаларига зарар келтирса ҳам, ҳаққа амал қилар эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзлари билан бирга кишиларни бир донага зиёда бўлишига муҳтож бўлиб турганларида мушриклар зиддига мушриклардан ёрдам олиш таклиф қилинганда бош тортганлар ва «Мен мушрикдан ёрдам олмайман», деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яхши ва фозил саҳобаларидан бирлари яҳудийлар ичида қатл қилинган ҳолда топилганда, улардан талаб қилмай ўликнинг яқинларига ўзлари хунга юзта туя берганлар. Ћолбуки саҳобалари бир дона туяга зор бўлиб турган эдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳида очликдан қоринларига тош боғлаб олардилар. Гоҳида борини тановул қилардилар, бор таомни рад қилмас эдилар.
Ћалол таомдан ўзларини тақво учун тортмас эдилар. Нонсиз хурмонинг ўзини топсалар ўшани ер эдилар. Буғдой ёки арпа нон топсалар уни ҳам ер эдилар. Ширинлик ва асал бўлса ҳам тановул қилар эдилар. Сут бўлиб, нон бўлмаса борини тановул қилар эдилар. Қовун ёки зўл хурмони ҳам ер эдилар.
У зот ёнбошлаб ҳам, хонга қўйиб ҳам емаганлар. Вафот этганларича уч кун кетма-кет буғдой нон емаганлар. Бу ишни камбағал ёки бахил бўлганлари учун эмас, бошқаларни ўзларига устун кўрганлари учун қилганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам маросимларга борар, беморларни кўрар эдилар. Жанозаларга ҳозир бўлар, душманлар ичида қўриқчисиз ўзлари пиёда юрар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг тавозулиси, кибрсиз энг сокини, гапни чўзмай энг балоғатли гапирадигани эдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам топган кийимни кияр эдилар. Гоҳида шамла – белдан пастга тутиб оладиган кийим, гоҳида ямандан келтирилган енги тор яхтак, гоҳида жун чопон кияр эдилар. Мубоҳ бўлган нима топсалар кияверар эдилар.
У зотнинг узуклари кумушдан бўлиб, ўнг ёки чап номсиз бармоқлларига тақиб юрардилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уловларига ходимлари ёки бошқаларни мингаштириб олардилар. Имкони бўлган уловни, гоҳида от, гоҳида туя, гоҳида хичир ёки эшак минар эдилар. Гоҳида ялангоёқ пиёда юрган ҳоллари ҳам бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнанинг энг четидаги беморни ҳам кўргани борар эдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хушбўй нарсани яхши ва бадбўй нарсани ёмон кўрар эдилар.
У зот камбағаллар билан бирга мажлис қурар ва мискинлар билан бирга овқатланар эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли фазл кишиларни ахлоқлари учун икром қилар, шарафли кишиларни улфат тутар ва уларга яхшилик қилар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қариндошларига уларни афзал кишилардан устун қўймасдан силаи раҳим қилар эдилар.
У зот бирор шахсга жаво қилмас эдилар. Узр атувчининг узрини қабул қилар эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақдан бошқани айтмаган ҳолда ҳазиллашар эдилар. Қаҳқаҳа отмасдан кулар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мубоҳ ўйинни тамоша қилар, уни инеор қилмас эдилар. Аҳллари билан мусобақа қилардилар. Олдиларида овозлар баланд кўтарилса, сабр қилардилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг урғочи туя ва совлуқлари бўлиб, ўзлари ва аҳллари уларнинг сутини ичар эдилар.
У зотнинг қул ва чўрилари бўлиб, емиш ва кийишда ўзларини улардан юқори қўймас эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтларини Аллоҳ таоло учун бўлган амалдан ва ўзлари учун керак бўлган ишдан бошқага сарфламас эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг боғларига чиқар, мискинни камбағаллиги учун ҳақир санамас эдилар. Шунингдек, маликдан мулк учун ҳайиқмас эдилар. Унисини ҳам, бунисини ҳам баробар Аллоҳ таолога даъват қилар эдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло фозил сийрат ва тугал сиёсатни берган эди.
У зот жаҳолат ва фақирлик юртида, онадан қандай туғилган бўлсалар шундай ҳолда ўқиш – ёзишни ўрганмай, отасиз, онасиз ўсган эдилар.
Бас, Аллоҳ таоло У зотга барча гўзал ахлоқларни, мақталган йўлларни ва аввалги ҳамда охиргиларнинг хабарларини таълим берди. Охиратдаги нажот йўилини, бу дунёдаги ютиқ йўлини ўргатди. Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишни, У зотдан ўрнак олишни насиб этсин! Омийн!»
Шу жойга келганда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳамма тарафдан етукликларига оид баъзи ривоятларни батафсил ўрганиб чиқишимиз мақсадга мувофиқдир.

У ЗОТ АЛАЙЋИССАЛОМНИНГ ЖИСМИ ШАРИФЛАРИНИНГ ВАСФИ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмнинг ичида ўрта бўйли; новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, тиниқ рангли; ўта оппоқ ҳам эмас, ўта буғдой ранг ҳам эмас, (сочлари) ўта жингалак ҳам эмас, ўта юмшоқ ҳам эмас эдилар.
Қирқ ёшларида у зотга (ваҳий) нозил этилди. Бас, Маккада ўн йил (ваҳий) нозил бўлиб турдилар. Мадинада ўн йил. У зот қабз қилинганларида соч ва соқолларида йигирмата ҳам оқ тола йўқ эди».
Анас розияллоҳу анҳунинг гапларига биноан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга йигирма йил ваҳий тушганга ўхшаб кўринади. Аслида эса йигирма уч йил. Бу ерда сўз пайғамбарликни одамларга етказиш ҳақида кетмоқда. Ана ўша таклиф Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи ваҳий тушган вақтдан уч йил сўнг У зот қирқ уч ёшга тўлганларида бўлган экан. Биринчи уч йилдаги даъват сирли равишда бўлган.
Демак, Ћазрати Анас розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи ваҳий тушган вақтидан вафотларигача бўлган муддатни эмас, балки, пайғамбарлик таклифларини одамларга етказиш ҳақидаги амрдан вафотларигача бўлган муддатни қайд қилганлар.
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрта бўйли, елкалари кенг, сочлари кўп бўлиб елкаларига тушиб турадиган киши эдилар. Устиларида қизил рангли кийим бўларди. Ћеч қачон у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан гўзалроқ ҳеч нарсани кўрмаганман».
Иккисини икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Баро розияллоҳу анҳу васф қилаётган қизил рангли кийимни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий киймаганлар. Кўпроқ оқ рангли кийим кийганлари маълум. Мазкур қилзил рангли кийимнинг бошқа рангдаги ҳошияси бўлган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг ичида юзи энг гўзали, хулқи энг гўзали, роса новча ҳам, пакана ҳам эмас эдилар».
Икки шайх ривоят қилган.
Баро розияллоҳу анҳудан: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари қиличга ўхшармиди?» деб сўралди. У киши: «Йўқ. Тўлин ойга ўхшар эди», деди».
Бухорий ва Термизий ривоят қилган.
Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганман. Ер юзида мендан бошқа у зотни кўрган одам йўқ», деди. Унга: «У зотни кўрганингда қандоқ эдилар?» дейилди.
«Хушрўй оқ, мўътадил қоматли эдилар», деди у».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган. Унинг бир лафзида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У зот хушрўй оқ бўлиб, худди пастликка тушаётганга ўхшаб юрар эдилар», дейилган».
Абу Туфайл розияллоҳу анҳунинг, ер юзида мендан бошқа у зотни кўрган одам йўқ», деганларининг ўз маъноси бор. Мана шу гапни айтаётган пайтларида саҳобаи киромлардан тирик қолган шахс фақат шу киши эди. Абу Туфайл розияллоҳу анҳу юзинчи ҳижрий санада вафот этганлар.
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизлари кенг, кўзлари кенг ва товонларининг гўшти оз эди».
Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, қўл оёқлари катта, бошлари, катта бошлардек катта, кўкрак жунлари узун эдилар. Юрганларида салобат билан худди баландликдан тушаётгандек бўлиб юрар эдилар. У зот олдин ҳам, кейин ҳам у кишига ўхшашини кўрмадим».
Али розияллоҳу анҳу қачон Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни васф қилса: «Жуда новча ҳам, жуда пакана ҳам эмасдилар. Қавм ичида ўртача эдилар. (Сочлари) ўта жингалак ҳам, ўта юмшоқ ҳам эмас эди. Баданларида ҳам, юзларида ҳам гўштлари кўп эмас эди. Думалоқ юзли эдилар. Ранглари қизғиш оқ эди. Юрсалар пастликка тушиб кетаётгандек юрар эдилар. Бурилиб қарамоқчи бўлсалар, бутун жисмлари билан бурилар эдилар.
Икки кураклари орасида муҳри нубувват бор эди. У пайғамбарларнинг муҳридир.
Одамларнинг энг қўли очиғи, энг кўнгли очиғи эдилар.
Одамларнинг энг ростгўйи, энг ювоши, энг муомаласи осони эдилар.
Биринчи бор кўрган одам у зотдан ҳайиқар эди. У зотга аралашиб, танишган одам муҳаббат қилиб қолар эди. У зотни васф қилувчи, у зот олдин ҳам, кейин ҳам у кишига ўхшашини кўрмадим», дер эди».
Абу Ћурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юришларидан кўра гўзалроқ нарсани кўрмаганман. Худди ер у зотга ўралиб келаётганга ўхшар эди. Биз эса ўзимизни қийнаб юрамиз. У зот эса бемалол юрардилар».
Ушбу учовини Термизий ривоят қилган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
452. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга .Эй Абдуллоҳ ибн Амр Сен кечани бедор ўтказиб, доимо давоми...

2083 14:00 / 25.12.2020
. .Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон жунуб бўлсалару, ейиш ёки ухлашни ирода қилсалар, намозга таҳорат давоми...

2760 03:44 / 01.03.2020
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Таҳорати йўқнинг намози йўқ. Таҳоратда .Бисмиллаҳ,ни зикр қилмаган одамнинг давоми...

3801 15:58 / 29.09.2019
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсоният учун энг олий ўрнакдирлар. У зотнинг ҳаётларини ўрганиш ва унга қўлдан келганча эргашиш ҳар бир мусулмон давоми...

3315 19:10 / 28.04.2017
Аудиолар

118745 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар