1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
15:39 / 21 ноябрь 722 Кўриш режими

Германияда Аё София масжиди очилди

Германиянинг Баден-Вюртемберг ерига қарашли Корнвестхайм шаҳрида Туркия диний ишлари Турк Ислом бирлигига қарашли янги қурилган Аё София масжиди тантанали равишда очилди. Қуръон тиловати билан бошланган маросимда жамият раиси Суат Ўзган шундай нутқ қилди:
 
«Бугун барчамиз йиллар давомида орзу қилган хайрли ишнинг устида гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу ер ҳурмат, тинчлик масканидир».
 
Людвигсбург тумани ҳокими Дитмар Аллгаиэр Аё София масжидининг очилиш маросимида қатнашаётнидан мамнун эканлигини билдирди. У Корнвестхайм шаҳри шундай ибодат маскани билан янада уйғунлашганини айтди. «2019 йилда илк пойдевор қўйиш маросимидан бугунги расмий очилишгача ҳоким бошқарувчиси сифатида бу маскан қурилишига гувоҳ бўлганим мен учун шарафдир», дейди Дитмар.
 
Корнвестхайм ҳокими Нико Лаухманн ўз нутқида масжид нафақат ибодатхона, балки тинчлик, бағрикенглик ва ўзаро бир-бирини тушуниш рамзи эканини таъкидлади. У қурилиш жараёнида жамоа кўрсатган сабот, меҳнат ва ҳамжиҳатликни эътироф қилиб, шаҳар маъмурияти ва масжид раҳбарияти ўртасидаги намунали ҳамкорликка диққат қаратди. Барча фуқароларни масжидни яқиндан танишишга ва жамоа билан алоқа ўрнатишга чақирди.
 
Диёнат Бош раиси доктор Муҳаррам Кузей: «Бугун Корнвестхаймдаги мусулмон жамоаси, шаҳри ва барчамиз учун жуда ажойиб кун. Йиллар давомида режалаштирилган, айрим қийинчиликлардан сўнг, бугун сизлар билан бирга бу масжиднинг очилиш маросимида иштирок этаётганимдан мамнунман» деди. — У янги масжид фақат ибодат маскани эмас, балки таълим ва ҳамжиҳатлик маркази бўлишини таъкидлаб: «Бу ерда болаларимиз, ёшларимиз ва оилаларимиз иймон-эътиқод масалаларини ўрганадилар, шу эътиқод билан ҳаёт кечирадилар ва ижтимоий масъулият туйғусини эгаллайдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Одамларнинг энг яхшиси инсонларга фойдаси тегадиганидир» деган ҳикматлари бу ерда ҳаётга татбиқ этилади», деди.
 
Кузей 2014 йилда ер майдони сотиб олингани, 2019 йилда илк пойдевор қўйилгани ва ниҳоят масжиднинг тамомланиши билан 38 йиллик орзу рўёбга чиққанини айтди. У бу жараён сабр, матонат ва мустаҳкам эътиқод ҳал қилувчи бўлганини, жамоа эса бирдамликда катта ютуққа эришганини таъкидлади. Қурилишдан тортиб барча босқичларда меҳнат қилганларга миннатдорчилик билдирди.
 
Штуттгарт бош консули Макбуле Кўчак Касар ҳам масжидларнинг фақат ибодат жойи эмас, балки таълим ва маданият яшайдиган ижтимоий учрашув маскани эканини айтди. «Исломнинг тинчлик, дўстлик, ҳурмат ва бағрикенглик каби асосий мезонлари шу ерда ҳаётга татбиқ этилишига ишонаман», деди.
 
Маросимда Аё София масжидининг ленталари кесилиб, хайрли дуолар билан масжид фойдаланишга топширилди.
 
 
Муаллиф
islom.uz
Калит сўзлар: Иймон Намоз