Англияда жойлашган «Ҳижраҳ ҳуб» ташкилоти ташаббуси билан дунёнинг турли мамлакатларидан мусулмонлар ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам изларидан бориб, маънавий, руҳий озуқа олиш мақсадида 8 кун давом этадиган саёҳатга чиқдилар.
Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларининг 622 йилда Маккадан Мадинага қилган ҳижратларининг йўналишини бевосита кузатишни истаган зиёратчилар саҳродаги пиёда юришдан олдин Маккадаги муқаддас масканларни зиёрат қилишди.
Меҳмонлар саёҳатлари давомида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага қилган ҳижратлари чоғида ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан уч кун қолган Савр тоғидаги ғорни ҳам зиёрат қилишди.
Гуруҳ маҳаллий йўлбошчилар ҳамроҳлигида амалга оширилиб, саёҳат учун сўнгги тайёргарликлар тугатилди.
Англиялик шифокор Mуҳаммад Саттор сафар асносида ҳис қилган туйғуларини бўлишди.
У мазкур саёҳатда қатнашиш имконига эга бўлгани учун ўзини жуда бахтли ҳис қилаётганини, сафарни бошлашдан ҳаяжонланаётганини айтди.
Гуруҳ билан Савр тоғига чиққан Саттор сўзларини шундай давом эттирди:
«Савр ғоридан ҳозиргина чиқдим, жуда ҳаяжондаман. Ўзимни чуқур таҳлил қилиш ва муборак бир туйғу оғушидаман. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг динимиз учун қилган фидоийликлари ва кечирган қийинчиликларини ўйлаяпман. Зулматда тоққа кўтарилиш, ажойиб гуруҳ билан бирга бўлиш ва ғорда руҳий озуқа онларини бошдан кечириш бу кечани ўзгача қилди. Ғорда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтдик, қалбимизда чуқур қувонч ҳисси бор эди». — Улар Мадинага етиб бориш умидида б босаётган ҳар бир қадамлари қадрли эканини таъкидлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юртлари Мадинага етиб боришни сабрсизлик билан кутяпман», деб сўзини якунлади Саттор.
«Ҳижраҳ ҳуб» асосчиларидан Васим Маҳмуд ҳам сафар давомидаги таассуротларидан ҳаяжонланаётганини айтди.
У аввал ҳам икки марта муқаддас заминларда бўлган бўлса-да, худди шу жўшқинлик билан яна йўлга чиққанини, кунига тахминан 8-9 соат юришни режа қилаётганларини билдирди.
Гуруҳнинг умумий ҳолати ва кундалик жисмоний имконият даражасига қараб бу муддат ўзгариши мумкинлигини билдирган Васим шундай деди:
«Бу машаққатли сафар. Жисмонан қийин, лекин мен бу саёҳатда топган нарса маънавий, руҳий озуқа. Бу йўлда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қилган фидоийликларини англаб, уларга бўлган ҳурмат янада ортди. Бу сафарда уларнинг садоқатига гувоҳ бўлиб, изларидан бориб, бошдан кечирганларини руҳимизда ҳис қилишни мақсад қилдик».
Ушбу саёҳатда 15 киши иштирок этади. Жумладан, Англия, Шотландия, Косово, Туркия ва Саудия Арабистони каби турли мамлакатлардан келган 15 киши ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг сафарлари давомида тўхтаган маконлардан ўтиб, тарихий, маънавий муҳитни ҳис қилиш имкониятига эга бўлади.
Йўлга чиққан мусулмонлар тахминан 315 километрлик ҳижрат йўналишини кунига 40 километр босиб, 8 кунда якунлашни режалаштирган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига оид мутахассислар, яъни сийратшунос олимлар раҳбарлигида Макка ва Мадинадаги муқаддас масканларда ҳам бўладиган иштирокчиларнинг саёҳати Масжидун Набавий зиёрати билан якунланади.