1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
16:02 / 17 ноябрь 675 Кўриш режими

Амстердамдаги Фотиҳ масжидида «Музейлар кечаси»

Нидерландия пойтахти Амстердамдаги Фотиҳ масжидида «Музейлар кечаси» тадбири ўтказилди. Тадбирга турли дин вакиллари, хусусан, мингдан ортиқ меҳмонлар ташриф буюрди.

Ҳар йили ўтказиб келинаётган тадбирда меҳмонларга Ислом дини, масжид ва ислом қадриятлари ҳақида маълумотлар берилади.

Дастлаб тадбир азон садолари билан бошланиб, сўнгра Қуръон тиловати ўқилди.

Фотиҳ масжиди ходими Камол Gözütok АА мухбирига берган интервьюсида шундай дейди:

«Музейлар кечаси» муносабати билан мусулмон бўлмаган кўплаб одамлар масжидга келади. Уларнинг аксарияти ушбу масжидга илк бора ташриф буюрганлардан ҳисобланади. Меҳмонлар одатда масжиддаги минбар, меҳроб, чинни-кошин безаклар ва саф чизиқлари нимани англатишини сўрашади. Шу билан бирга биз уларга Исломнинг асосий эътиқодларини тушунтирамиз, намоз ибодатини адо этамиз ва улар буни кузатиб туришади. Шунингдек, салавотлар, Қуръон тиловатини эшитишади. Дастурдаги энг яхши жиҳатлардан бири меҳмонлар бизга айнан шу кеча бизни қўллаб-қувватлаш учун келган бошқа имомларимизга тўғридан-тўғри саволларини бера олишидир».

Фотиҳ масжиди раҳбари Яшар Ташнинг таъкидлашича, мазкур тадбир тўққизинчи марта ўтказилаётгани, бу ерга келган кўплаб голландияликларнинг Ислом дини ва мусулмонлар ҳақидаги олдиндан шаклланган тасаввурлари тобора емирилаётгани ҳақида гапириб берди.

Шунингдек, бу йил мингдан ортиқ меҳмон Фотиҳ масжидини кўришга келди. Нидерландиядаги ўқимишли, зиёли, маданий савияга эга одамлар Исломни танишмоқда ва имомларимиздан инглиз, голланд тилида маълумот олишмоқда. Меҳмонларнинг кўп қисмини ёшлар ташкил этади.

Тадбир жараёнида голландиялик меҳмонларга анъанавий Ислом ва турк санъати ҳам таништирилди.

Зиёфатчилар сувда бўяш санъати, хаттотлик ва филография (мих ва сим билан нақш солиш) санъати намойиш этилган стендларга катта қизиқиш билдиришди, уларга турк ошхонасига хос таомлар ҳам тортилди.

1920 йилда қурилган ва жамоасиз қолиб, 1970 йилларда ёпилган Фотиҳ масжиди биноси 1971 йилда черков жамияти томонидан бир тадбиркорга топширилади.

Турли мақсадларда фойдаланилган бино гилам омбори ва мусиқа асбоблари дўкони сифатида хизмат қилганидан сўнг, 1980 йилда Амстердамга келган турк ишчилари томонидан ибодат эҳтиёжини қондириш мақсадида сотиб олинади.

Кейинчалик бино Нидерландия Дин ишлари Вақфига бириктирилиб, Фотиҳ масжиди номи билан Нидерландиядаги мусулмонларга хизмат кўрсатишда давом этмоқда.

Муаллиф
islom.uz
Калит сўзлар: Иймон Намоз