1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фароиз илми (биринчи мақола)

12:10 / 26.12.2018 3524 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Фароиз» сўзи «фарз» сўзининг жамидир.

«Фарз» сўзи луғатда «ўлчов», «кесиш» ва «баён қилиш» маъноларини англатади.

Шариатдаги фарз амаллар ҳам ўлчоғлик, кесиб айтилган ва баён қилинган амаллар бўлганлиги туфайли «фарз» деб аталган.

Мероснинг «фарз» деб айтилиши эса унда меросни ўлчаш шариат томонидан кесилган иш эканлиги, баён қилиниб, ҳар бир меросхўрнинг ҳаққи аниқ кўрсатилганлиги учундир.

Яна меросдан тегадиган маълум насибага ҳам «фарз» дейилади. «Мерос» деганда ўлган одамнинг ортидан ундан қолган нарсани оладиган бирор кишининг қолиши тушунилади.

Фиқҳий тушунча бўйича, маййитнинг ортидан шаръий ворисга қолган мол ва ҳуқуқлар «мерос» деб аталади. Мерос илми эса ҳар бир меросхўрнинг қолган меросдаги мол ва ҳуқуқлардан тегадиган насибасини аниқлаб берадиган фиқҳий ва ҳисобий қоидалардир.

Мерос илмининг асосий далил ва ҳужжатлари Қуръони карим, суннат ва ижмоъдан олинган. Бу илмда қиёсга ўрин қолмаган.

Қуръони каримда мерос ҳақида «Нисо» сурасида 3 та, «Анфол» сурасида 1 та оят келган. Иншааллоҳ, бу оятларни келаси сатрларда ўрганамиз.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларида бу мавзу бўйича бир неча ҳадиси шарифлар бўлиб, улар билан ҳам келажак саҳифаларда танишамиз. Ижмоъга келсак, саҳобаи киромлар момонинг мероси ҳақида ижмоъ қилганлар.

Мерос илмининг самараси ва фойдаси шуки, уни ўрганган одам меросни ҳақдорларига тақсим қилиш малакасига эга бўлади. Бу илмнинг билимдони Фароизий деб номланади. Мерос илмининг ғояси – тарикадан ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳаққини етказишдир.

Мерос илми фиқҳ илмининг шўъбаларидан биридир. Мерос илмига Аллоҳ таолонинг Ўзи асос солгандир. Бу илмнинг фазли жуда ҳам улуғдир. Уни «Илмнинг ярми», деганлар ҳам бор.

Келинг, мерос илмининг фазли ҳақидаги баъзи ҳадисларни ўрганиб чиқайлик.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Илм уч хилдир, ундан бошқаси фазлдир: муҳкам оят, қоим суннат ва одил фарийзат», дедилар». 

Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Бунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаръий илмларнинг жавҳарини, яъни ўзагини баён қилиб бермоқдалар:

«Илм уч хилдир».

Бу иборадаги «илм»дан мурод, шаръий илм эканлигини кейинги иборалардан тушуниб оламиз. Уларда оят, суннат ва фарз ҳақида гап кетмоқда. Демак, нима дейилмоқчи эканлиги маълум.

1. «Муҳкам оят».

Оят Қуръони каримнинг маълум бўлагидир. Қуръондаги бошланиши ва тугаши маълум бўлакнинг оят дейилиши ҳаммага маълум. Ҳадисда оят «муҳкам» деб васф қилинмоқда. Баъзи уламоларимиз буни очиқ-равшан ва насх бўлмаган оят деб баён қилганлар. Менимча, бу тўлиқ тушунча бера олмайди.

Қуръони каримда оятларнинг ҳаммаси очиқ-равшан эканлиги баён қилинган. Насх қилинган (ҳукми амалдан қолдирилган) оятларни ўрганмаса бўлаверади, деган гап ҳам йўқ. Балки, аксинча, Қуръонни яхши тушуниш учун аввало оятларнинг носих-мансухини яхшилаб ўрганиш лозимлиги қайта-қайта таъкидланган. Демак, ҳадиси шарифдаги «муҳкам оят» иборасидан Қуръони каримнинг оятларини тўлиқ ўрганиш лозимлиги маъносини тушуниб оламиз.

Шаръий илмнинг биринчи асоси Қуръони каримни ўрганиш экан. Бу эса улуғ илм бўлиб, ўзида бир қанча шўбаларни мужассам қилгандир. Келинг, қисқача бўлса ҳам, шу ҳақда тўхталиб ўтайлик.

Аввало Қуръон тиловатини ўрганиш керак. Бунинг учун эса устоздан «Тажвид» илмини ўрганиш лозим. Ҳа, ўзича «тажвид» илмига бағишланган бир китобни ўқиб олиш билан киши бу илмни ўзлаштирган ҳисобланмайди.

Сўнгра ўша тажвид қоидаларига биноан, устоздан ҳар бир калимани, ҳар бир оятни қандай қироат қилишни ўрганиш лозим. Устоз қандай ўқиб берса, худди шундай у кишига қайтариб ўқиб бериш ва шу ҳолда ўқишга устознинг ижозатларини олиш керак. Ана шунда Қуръон тиловат қилиш ўрганилган бўлади. Бу ҳар бир мусулмон учун фарз нарсадир.

Қуръон илмини тўлиқ билмоқчи бўлган киши араб тилини яхши билмоғи лозим. Чунки Қуръони карим араб тилининг олий даражадаги балоғат ва фасоҳат намуналарини ўзида мужассам қилган илоҳий китобдир.

Араб тилини ўрганиш эса сарф, наҳв, балоғат, фасоҳат каби бир қанча зарурий илмларни тўлиқ ўрганиш билан бўлади. Бу ишни ҳар қандай араб ҳам уддалай олмайди.

Қуръони каримни билиш учун «Қуръон илмлари» деб номланган илмлар мажмуасини ўрганиш лозим бўлади.

Бу мажмуага жумладан, Қуръони карим тарихи, оятларнинг маккий ёки маданийлиги, муҳкам-муташобеҳлиги, ом-хослиги, носих-мансухлиги, нозил бўлиш сабаби, қайси оят аввал, қайсиниси кейин нозил бўлганлиги, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қандай тафсир қилганликлари каби бир қанча илмлар киради. Ким ушбу илмларни яхши ўзлаштириб, ояти карималарнинг маънолари, улардан кўзланган мақсадни баён қилиш малакасига эга бўлса, муфассир-тафсирчи бўлади. Буни ҳар бир мусулмон билиши шарт эмас. Ҳар бир мусулмон имкони даражасида ўрганишга уриниши лозим. Аммо ҳар бир жамиятда ўша жамият эҳтиёжларига яраша муфассир бўлиши шарт. Бўлмаса, ўша жамият аъзоларининг ҳаммалари гуноҳкор бўладилар.

Мазкур илмларни ўзлаштирган одам ушбу ҳадис таъбирича, шаръий илмларнинг учдан бирини ўзлаштирган бўлади. Икки-учта қисқа сурани чала ёдлаб олган одам «қори ака» бўлиб қолмайди. Қуръони карим маънолари таржимасини ўқиган одам ёки араб тилини билиб, арабча тафсир ўқиган одам ҳам муфассир бўлиб қолмайди.

“Ҳадис ва ҳаёт” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
. ,. . Муҳаммад ибн Абдулмалик ибн Абу Маҳзурадан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади .Эй Аллоҳнинг Расули Менга азоннинг суннатини ўргатинг,, давоми...

3622 19:00 / 19.08.2021
.Мукотаба, сўзи луғатда .ёзишмоқ, маъносини билдиради.Шариатда эса хожа билан қулнинг ўртасида маълум мол тўлаб, озод бўлиш ҳақидаги шартномадир.Мисол учун, хожа давоми...

1979 17:00 / 13.11.2020
. . . . . . . . . . . Фақат фарз ва жума намозларига вақтида азон айтиш суннатдир. Агар азон вақтидан олдин давоми...

3846 17:00 / 29.07.2021
Ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига ҳамд бўлсинОртидан Набий келмайдиган зот ndash саййидимиз ва Набийимиз Муҳаммадга салавоту салом бўлсинАммо баъдуРобитатул Оламил давоми...

2319 13:00 / 29.10.2020