1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Оиша онамизнинг хизматга ҳозирликлари

12:50 / 26.12.2018 3760 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўтказган вақтларини диққат билан ўрганиб чиқсак, Онҳазрат алайҳиссаломнинг кўпроқ у кишига иш буюрганларини кўрамиз. Албатта, бу Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг хизматлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ёққанлигини кўрсатади. Бу ерда Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг бошқа оналаримиздан кўра ёшликлари, эпчилликлари ҳам ўрин тутган бўлиши мумкин. Аммо энг бош омил Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан топширилган ишларни қойиллатиб ва у зотга ёқадиган қилиб амалга оширганликларидир.

Имом Муслим, Термизий, Насаий ва бошқа муҳаддислар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қора билан босадиган, қора билан чўккалайдиган ва қора билан назар соладиган қўчқор олиб келишга амр қилдилар. Бас, у қурбонлик қилиш учун келтирилди ва у зот:

«Эй Оиша, пичоқни келтир! Тошга қайраб юбор!» дедилар. Мен ўшандоқ қилдим. Бас, у зот уни олдилар. Сўнгра қўчқорни ёнбошига ётқизиб, сўйдилар ва:

«Бисмиллаҳи! Аллоҳим, Муҳаммаддан, оли Муҳаммаддан ва уммати Муҳаммаддан қабул қилгин», дедилар ва уни қурбонлик қилдилар».

Ривоятдаги «қора билан босадиган, қора билан чўккалайдиган ва қора билан назар соладиган» дегани «Оёғи қора, қорни қора ва кўзининг атрофи қора», деганидир.

Имом Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учун юқориси ип билан боғланадиган, пастида тешиги бор тери мешкобда набийз тайёрлаб берар эдик. Эрта билан тайёрлаган набийзимизни кечқурун, кечқурун тайёрлаган набийзимизни эрта билан ичар эдилар».

Теридан тайёрланадиган мешкоблар турлича бўлади. Оиша онамиз васф қилаётган бу мешкоб ҳам ўзига хос экан. Унинг оғзи – юқори томони кенг бўлиб, суюқлик қуйилгандан кейин ип билан боғлаб қўйилар экан. Паст томонида махсус тешик бўлиб, ундан керакли миқдордаги суюқликни қуйиб олиш учун фойдаланилар экан. Бошқа вақтда беркитилган ҳолда турар экан.

Тайёрланган набийзни янгилик вақтида ичиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари экан. Эрта билан тайёрланган набийзни кечқурун, кечқурун тайёрлаган набийзни эрта билан ичишлари шуни кўрсатади.

Албатта, бу ишда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан бирга бошқалар ҳам иштирок этар эканлар.

Имом Бухорий, Муслим ва Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳилар қилган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом маълум соатда келишни ваъда берди. Ўша соат келса ҳам, у келмади. У зотнинг қўлларида асо бор эди. Уни ташлаб:

«Аллоҳ ва Унинг расуллари ваъдасига хилоф қилмас», дедилар. Бундай қарасалар, сўрилари остида бир итнинг боласи ётибди. Шунда у зот:

«Эй Оиша! Манави ит бу ерга қачон кирди?» дедилар.

«Аллоҳга қасамки, билмадим», деди у. Бас, у зот амр қилдилар. У чиқарилди».

Бошқа ривоятда зиёда қилинади:

«Сўнг сув олиб, унинг ўрнига сепдилар. Кейин Жаброил келди. У зот:

«Мен билан ваъдалашган эдинг. Сени кутиб ўтирдим, келмадинг?» дедилар. Шунда у:

«Мени уйингдаги ит ман қилди. Бизлар ит ва сурат бор уйга кирмаймиз», деди».

Бу муҳим ишда ҳам Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг иштирок этишлари у кишининг фазлларидир.

Имом Бухорий ва Муслим раҳматуллоҳи алайҳим қилган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга видолашув ҳажида эҳромга киришларидан олдин ҳам, эҳромдан чиқишларида ҳам қўлим ила зарийрадан бўлган хушбўй суртиб қўйдим».

Зарийра – Ҳиндистондан келтириладиган хушбўй нарса бўлиб, шу номли ўсимликни қуритиб, майдалаб туйиб қилинган бўлади.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хушбўй суртиб қўйишлари ҳам жуда яхши нарса. Аёл кишининг эрининг ораста бўлишига эътибор бериши, бу ишда унга ёрдам бериши ниҳоятда муҳимдир. Бу ишни айнан Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ўзлари қилишлари эса у киши учун шарафдир.

Имом Бухорий ва Муслим раҳматуллоҳи алайҳим қилган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эҳромга кираётган пайтларида ўзимдаги энг яхши хушбўйдан суртиб қўяр эдим».

Мулоҳаза қиладиган бўлсак, эҳромга кириш пайтида хушбўйликка алоҳида эътибор берилар экан. Тўғри келган хушбўй эмас, мавжуд хушбўйлардан энг яхшиси суртилар экан.

Имом Бухорий, Муслим ва Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳим қилган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзимизда бор хушбўйнинг энг яхшисини суртиб қўяр эдим. Бошларида ва соқолларида хушбўй нарсанинг ялтирашини кўрар эдим».

Бу ерда ўша вақтларда ишлаб чиқариладиган мойсифат хушбўйлар ҳақида сўз кетмоқда.

Ушбу ривоятдан хушбўйни соч-соқолга суртиш одати ҳам борлигини билиб оламиз.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини ювиб, сўнг фарқ очиб, тараб қўйишлари ҳақида бир неча ривоят келган.

Буларнинг ҳаммаси Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида ҳамиша ҳозиру нозир бўлиб турганларини кўрсатади.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳо иддалари чиққунча Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг қарамоғида турдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам у кишининг давоми...

2665 20:05 / 13.11.2019
Буюк фидокорликҲожар интизорлик билан уйда турмуш ўртоқлари ва ўғилларини кутардилар. Тинимсиз дуо қилиб, йиғлаб, бу имтиҳонни енгил қилишини, отаболанинг давоми...

1948 17:30 / 17.12.2020
Менинг муборак қизим, бутун оламни қамраган ва таъминлаган Аллоҳнинг раҳматига мазҳар бўлишингни тилаган ҳолда саломларимни йўллаб қоламан. Қайтақайта давоми...

2231 15:00 / 20.01.2022
.Бир бокира қиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, отаси уни ёқтирмаса ҳам эрга берганини зикр қилди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

2654 15:00 / 27.05.2020