1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Кундошлар

14:03 / 19.12.2018 5325 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа завжаи мутоҳҳаралари ҳақида сўз юрита туриб, кундошлик ҳақида гапирмай бўлмайди.

Бу ҳақда нима ҳам дейиш мумкин?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари бир-бирларига кундошлик қилмаганлар, чунки бу уларнинг обрўларига тўғри келмасди, деймизми?

Ёки улар ҳам бошқа барча кундошлар сингари бир-бирларига турли кўролмасликлар қилганлар, деймизми?

Агар «Оналаримиз, жумладан, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳам рашк қилмаганлар», десак, инсон табиатини инкор қилган бўламиз. Ислом эса ҳеч кимдан инсоний табиатни тарк этиб, фаришта тусига киришни талаб қилмайди. Балки инсон ҳолида тўғри яшашини лозим тутади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари ҳам бошқаларга ўхшаб, оддий инсоний табиатга эга бўлганлар. Уларнинг ҳам бошқа инсонларга ўхшаб, нафслари, ҳой-ҳаваслари, қизиқиш ва турли рағбатлари бўлган. Улар ҳам орзу-истаклари билан яшаганлар.

Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳараларининг фазллари шундаки, улар оддий инсон ҳолида яшаб туриб, намунали мусулмон бўлганлар. Улар ўзлари учун керагидан ортиқ такаллуфни раво кўришмаган. Улар оддий инсоний табиатдан чиқишга уринишмаган, балки ўша ҳолда қолиб, Ислом таълимотларини ўзларининг ҳаётларига тўлиқ татбиқ этиб боришган.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳам ана ўша завжаи мутоҳҳараларнинг биридирлар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан яшай бошлаганларидан кейин бирин-кетин бошқа оналаримиз ҳам нубувват хонадонига кириб келдилар. Оиша онамиз уларнинг ўзларига шерик бўлиб кириб, насибаларидан бир қисмига эга бўлганларидан рашк қилмас эдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан бошқа аёлга уйланишларига норози бўлишга ҳақлари йўқлигини яхши билар эдилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Аллоҳ таолонинг ҳукмига қарши чиқишлари мутлақо мумкин эмас эди.

Шунингдек, у киши «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кундошлар орасида адолат қилмаяптилар», деган маънода ҳам рашк қила олмас эдилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа муҳаддислар Абдуллоҳ ибн Зайддан қилган ривоятда Оиша онамиз қуйидагиларни айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинлари орасида тақсимни адолат билан қилар эдилар. Сўнгра:

«Аллоҳим! Бу ўзим эга бўлган нарсадаги тақсим. Сен Ўзинг эга бўлиб, мен эга бўлмаган нарсада мени маломат қилмагин», дер эдилар».

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кўнгил майллари Оиша онамизга нисбатан алоҳида бўлганлиги маълум ва машҳурдир. Исломда кўп хотинли киши ўз иродасига боғлиқ ишларда хотинлари ўртасида тўлиқ адолат қилишга амр қилинган. Уй-жой ва нафақа масаласида, муомала, бирга ётиш, эру хотинлик ҳуқуқларини адо этиш ва бошқа шунга ўхшаш масалаларда тўлиқ адолат лозим.

Аммо инсон иродасига боғлиқ бўлмаган масала – муҳаббат масаласига келсак, унда ҳар қанча уринса ҳам, инсон адолат қила олмаслиги ояти каримада равшан айтилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу ҳақиқатни ҳадиси шарифларида айтганлар.

Абу Довуд, Аҳмад ва Бухорийлар Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тақсимда, олдимизда қолишларида бизнинг баъзимизни баъзимиздан устун қўймас эдилар. Ҳаммамизнинг олдимизга кириб, айланиб чиқмаган кунлари оз бўлар эди. Тегмасалар ҳам, ҳар бир аёлнинг ёнига кириб чиқар, ҳар навбат куни келганда ётиб қолар эдилар».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз хотинлари олдида навбат билан ётар эдилар. Лекин навбати келган онамизнинг ҳужраларига кириб, ётишларидан олдин, бошқа оналаримизнинг олдиларига бир-бир кириб, гаплашиб, хабар олиб, кўнгилларини сўраб чиқар эдилар.

Демак, бу маъноларда рашк қилиш Оиша онамиз розияллоҳу анҳо томонларидан бўлмаган. У киши Аллоҳ таоло эга бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари эга бўлмаган нарсада, яъни қалб ишида ўзлари устун бўлишни истар эдилар. Бу эса табиий ҳол эди. Буни маломат қилиб ҳам бўлмайди.

Ана шу маънода, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бошқа оналаримиздан рашк қилган ҳоллари бор ва улар турлича. Мисол учун, у киши Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳодан у зотни мутлақо рашк қилмас эдилар.

Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Насаийлар Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарни ирода қилсалар, хотинлари орасида қуръа ташлар эдилар. Қайси бирларининг қуръаси чиқса, ўшани ўзлари билан бирга олиб чиқар эдилар. 

Улардан ҳар бири учун хос кунни ва кечасини тақсим қилган эдилар. 

Фақатгина Савда бинти Замъа ўз кунини Оиша розияллоҳу анҳога ҳадя қилган эди». 

Маълумки, сафарнинг ўзига хос шарт-шароитлари бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма хотинларини бирга сафарга олиб чиқа олмас ва навбат билан ётиб юришлари мумкин эмас эди.

Шу билан бирга, ўзлари хоҳлаганларини олиб кетсалар, бошқаларга адолатсизлик бўларди.

Шунинг учун адолатли йўл тутилар эди. Сафардан олдин барча оналаримизни тўплаб, холисона қуръа ташланар эди. Бунда ҳамманинг имконияти бир хил бўлиб, кимга қуръа чиқса, ўша Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарга отланар, қолганлар хафа бўлишмас эди.

Сафардан бошқа вақтда эса кун ва кеча оналаримизнинг ҳар бирларига навбат билан тақсим қилинар эди.

Фақатгина Савда онамиз ўта қариб қолганлари учун навбатларини ўз ихтиёрлари билан Оиша онамизга берган эдилар.

Имом Бухорий ва Муслим Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Мен Савдадан бошқа тутими ва сийратида ўзимга ёқадиган аёлни кўрмадим. У ёши катта бўлганда:

«Эй Аллоҳнинг Расули, сиздаги ҳаққим бор кунни Оишага бердим», деди. 

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оишага икки кун – ўз кунини ва Савданинг кунини тақсим қилар эдилар».

Оналаримизнинг баъзилари ёш жиҳатидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан катта эдилар. Жумладан, Савда бинти Замъа онамиз ҳам. Бунинг устига, Савда онамиз катта жуссали ва семиз аёл бўлиб, қийинчилик билан ҳаракатланар эдилар. Ёшлари ўтиб қолганда «Мазкур ҳолатлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ҳам қийинчилик туғдириб, мени ёқтирмай қолмасинлар», деб, ўз кунларини у зотнинг энг ёш ва маҳбуба аёллари Оиша онамизга ҳадя этган эдилар.

Шунинг учун ҳам Оиша онамиз Савда онамизни яхши кўрар ва тутимда, сийратда ўша кишига ўхшашга интилар эдилар.

Аммо Оиша онамиз рашк масаласида Зайнаб бинти Жаҳш онамиз билан бундай муносабатда бўла олмас эдилар.

Жоҳилиятда кенг тарқалган «асранди фарзанд» тутиш ва «Асранди ўғилнинг талоқ қилган хотинига уйланиб бўлмайди» деган одатни йўқ қилиш учун янги исломий ҳукм жорий қилиш мақсадида Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга асранди ўғиллари Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу талоқ қилган Зайнаб бинти Жаҳшга уйланишни амр қилди.

Шунинг учун ҳам Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо бошқа оналаримизга: «Сизларни ота-оналарингиз Расулуллоҳга хотин қилиб берган, менинг никоҳимни эса Аллоҳ етти осмоннинг устидан амр қилган», дер эдилар.

Бунинг устига, Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо аслзода қурайшлик бўлиб, ёш ҳамда гўзал эдилар. Бу омилларнинг барчаси Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг рашкини келтириши турган гап эди. Нафақат Оиша онамизнинг, балки Ҳафса онамизнинг ҳам рашкини келтирар эди. Бу нарса охир-оқибат мазкур икки онамизнинг Зайнаб бинти Жаҳшга қарши тил бириктиришларига олиб келди.

Имом Бухорий Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ўзларидан ривоят қиладилар:

«Пайғамбар алайҳиссалом Зайнаб бинти Жаҳшнинг ҳузурида асал ичар ва у билан узоқ ўтирар эдилар. Ҳафса икковимиз келишиб олдик-да, «У киши қайсимизнинг олдимизга келсалар, «Дарахт ширасини ебсизми? Сиздан ўшанинг ҳиди келяпти», деймиз», дедик.

Ҳафсанинг олдига кирган эканлар, у ҳалиги гапни айтибди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом «Йўқ, мен Зайнаб бинти Жаҳшнинг олдида асал ичган эдим. Энди қайтиб бу ишни қилмайман, қасам ичдим. Аммо сен бу гапни ҳеч кимга айтмагин», дебдилар».

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларидан кўрган ҳолатнинг шиддатидан бир ойгача уларнинг олдига кирмасликка қасам ичган эдилар, Аллоҳ у кишини итоб қилди ва «Таҳрим» сурасининг дастлабки машҳур оятларини нозил қилди:

«Эй Набий! Нима учун хотинларинг розилигини ‎тилаб, Аллоҳ сенга ҳалол қилган нарсани ҳаром ‎қилурсан! Аллоҳ Ғофур ва Роҳиймдир». ‎

Яъни «Аллоҳ сенга ҳалол қилган асални ўзингга ҳаром қилишинг дуруст эмас. Нима учун хотинларингнинг розилигини кўзлаб, Аллоҳ сенга ҳалол қилган нарсани ўзингга ҳаром қиласан?»

«Аллоҳ Ғофур ва Роҳиймдир».

Шунинг учун ҳам бандасидан ўтган нарсаларни кечиб юборади ва уларга раҳм қилади. Кейинги оятда шундай дейилади:

«Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга қасамларингизни ечишни шариатга киритди. Ва Аллоҳ сизнинг ‎хожангиздир ва У Алийм ва Ҳакиймдир‎».

(давоми бор)

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳеч қачон орқа сурмайдиган ёки беэътибор бўлмайдиганинг ибодат намоздир. Намоз иймондан кейинги ва иймонни тирик сақлаб турадиган энг буюк ибодатдир. Ҳаётингни давоми...

2138 09:30 / 29.03.2022
Бегона аёлни эмиш туфайли ҳалолҳаромга боғлиқ ўта аҳамиятли ҳукмлар келиб чиқишини эмикдошлик туфайли никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар ҳақидаги ўта нозик ва давоми...

1541 11:00 / 08.04.2020
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ниҳоятда тақволи, обида, ўта ҳаёли, покиза нафс, олиймақом аёл эдилар. У зотнинг ҳужраларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу давоми...

7167 16:00 / 28 январь
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Умму Ҳабиба онамизни қандай кутиб олганларини ибн Асокир қуйидагича васф қиладилар.Умму Ҳабиба онамиз розияллоҳу анҳо давоми...

4141 19:02 / 08.01.2020
Аудиолар

118750 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40709 14:35 / 11.08.2021