1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Шариатимизда дам солиш борми?

08:08 / 09.12.2018 5510 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кези келганда дам солиш ҳақида ҳам икки оғиз гапириб ўтишга тўғри келади. Бу борадаги асосий гаплар сеҳрнинг муолажаси борасидаги мавзуда эслаб ўтилди. «Дам солиш» деганда Аллоҳ таолонинг китоби бўлмиш Қуръони карим оятларини ва Аллоҳ таолонинг исмларини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган дуоларни ўқиб, паноҳ тилаш кўзда тутилади.

Биз ўрганаётган дам солиш ҳақидаги масалада бир оз ихтилоф бор. Ҳозирги ўзгаришлардан ўта таъсирланиб кетган баъзи томонлар дам солиш масаласини йўққа чиқаришга, «Фақат тибга аҳамият бериш керак, дам солиш шариатда йўқ нарса», дейишга уринадилар. Улар ўзларининг бу мавқифларида муболағага кетишади. Бошқа бир тоифа эса «Ҳамма нарса дам солишда, у билан ҳар қандай дардни даволаса бўлади», дейдилар. Улар ҳам бу борада муболағага йўл қўядилар.

Ҳар икки томон ҳам ўз фикрини қўллаш учун оятларни ўз услуби билан таъвил ва ҳадиси шарифларни ўз услуби ила шарҳ қилишади. Аслини олганда бу борадаги ояти карималар ва ҳадиси шарифларни тўлиқ ва яхшилаб ўрганиб чиқилса, ўртача иш кўриш муҳимроқ ва фойдалироқ экани аён бўлади.

Тибга хос хасталикларни тиб орқали даволаш керак. Дам солишга оид хасталикларни у билан даволаш ва дам солишга эҳтиёжи бор кишиларга дам солиш керак. Кези келганда дам солишни узоқ муддат инкор қилиб юргандан сўнг замонавий тиб ҳам эътироф қилганини, уни «дам солиш» демаса ҳам, «руҳий даволаш» деб атаётганини ҳам эслатиб ўтишимиз лозим.

Илмий изланишлар хаста инсоннинг тузалиши учун, унга нисбатан қилинаётган муолажа таъсирли бўлиши учун унинг руҳий ҳолати, ихлоси ўзига яраша яхши ҳолатда бўлиши кераклигини исбот қилди. Ҳозирда психологлар (руҳшунослар) номи билан кишиларнинг руҳиятини билувчи, уларга маслаҳатлар берувчи, турли нарсаларни, жумладан, мусиқа тинглаш, беҳуда нарсаларни ўйламаслик ва шунга ўхшаш одамнинг руҳий ҳолатини, ишончини қувватлашга қаратилган нарсаларни тавсия берувчи мутахассислар ишлашмоқда.

Ўзимиз бир ўйлаб кўрайлик, мана шу масалада хаста кишини Аллоҳ таолодан ихлос билан шифо сўрашга ва, албатта, У Зот менга шифо беради, деб ишонишга даъват қилишдан ҳам кучлироқ руҳий таъсир бўлиши мумкинми? Аллоҳ таолонинг Китобидан ўқиб, ўзига-ўзи дам солишдан ёки бирор тақводор, шу ишнинг маромини олган кишига дам солдиришдан ҳам кучлироқ руҳий таъсир бўлиши мумкинми? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўқиган дуоларини ўқиш ёки ўқитишдан ҳам кучлироқ руҳий таъсир бўлиши мумкинми?

Шунинг учун ҳам дам солиш бор, лекин фақат шариат кўрсатган доирада, ҳажмда ва услубда бўлиши керак, деймиз. Уламоларимиз дам солиш ҳақлигига қуйидаги ояти каримани далил қилиб келтирадилар:

ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ

«Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз. У золимларга зиёндан бошқани зиёда қилмас» (Исро сураси, 82-оят).

Уламоларимиз ушбу ояти каримада келган «шифо» сўзи ўзида ҳам маънавий, ҳам моддий шифони мужассам қилишини таъкидлайдилар.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Давонинг яхшиси Қуръондир», деганлар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Дам солиш ҳақида яна кўплаб ҳадиси шарифлар бор. Шунинг учун ҳам муҳаддисларимизнинг барчалари ўз китобларида «Тиб ва дам солиш китоби» сарлавҳаси остида ўша ҳадисларни келтиришган. Чунки бу икки масала бир-бири ила чамбарчас боғлиқдир.

Уламоларимиз айтишадики, оддий одамларнинг гап-сўзи кишиларга, жумладан, беморларга фойда бериши ҳамма кўрган, билган ҳақиқатдир. Шундай бўлганидан кейин оламлар Роббининг каломи фойда бермасмиди?!

Жисмоний дардларга дори берилса, дори таъсир қилади, беморнинг жисми ундан таъсирланади ва уларнинг ўзаро бир-бири билан боғланишидан хасталик тузалади. Худди шунингдек, руҳий хасталикка учраган шахснинг руҳига дам солувчининг руҳи таъсир қилиб, орада ўзаро боғланиш содир бўлади ва Аллоҳ таолонинг изни ила бемор тузалади. Шунинг учун дам солувчи етук шахс бўлиши муҳимдир. Агар дам солувчи тақводор, Аллоҳ таолога етишган, дуоси қабул бўлиши мужарраб (тажрибада кўрилган) одам бўлса, Аллоҳ таолонинг изни билан солган дами фойдали бўлади.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу хасталарга Фотиҳа сурасини ўқиб дам солсалар, дарҳол таъсир қилар экан. У кишининг вафотларидан кейин бошқалар бу ишни қилса, аввалги натижа чиқмабди. Шунда сирдан хабардор кишилар: «Фотиҳа сураси-ку, ўрнида турибди, аммо уни ўқийдиган Умар қани?» дейишган экан.

Ўз-ўзидан «Қандай ҳолатда тибга ва қандай ҳолатда дамга мурожаат қилинади?» деган савол пайдо бўлади. Бу саволнинг жавоби қуйидагича: аввало бемор табибларга кўриниши керак. Агар табиблар дардни аниқлашса, уларга даволатиши лозим. Табиблар «Сиз соғсиз», десалар-у, киши ўзини ёмон ҳис қилаверса, дам солишга ўтиш афзал бўлади.

Ҳар ким ўзига ўзи дам солгани афзал. Агар бошқа одамга солдирадиган бўлса, тақводор, дуоси қабул бўлишидан умид қилинадиган одамга дам солдириш керак. Зотан, дам солиш ҳам дуонинг бир туридир. Дам солувчи киши «Диндош биродаримга шифо сўраб дуо қилмоқдаман», деган ниятда, дам солдирувчи эса «Дин қардошим менга шифо сўраб дуо қилмоқда, Аллоҳ таоло, Ўзинг қабул айлагин», деган ниятда бўлишлари керак. Дам солишни касб қилиб олиш мумкин эмас.

Ушбу ҳақиқатларни барчамиз яхши англаб етишимиз лозим. Бу борада шариатда кўрсатилган нарсаларга амал қилиб, қолганларидан четланишимиз керак. Ана ўшанда ишларимиз шариат буюрганидек бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни турли руҳий ва жисмоний хасталиклардан, ҳалокатга элтувчи иллатлардан соғ-саломат, тинч-омон қилсин! Фолбин, жин чиқарувчи, азайимхон ва бошқа ношаръий иш қиладиганларнинг хизматидан фойдаланишдан, уларнинг алдовига учишдан асрасин!


“Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ва 

ноанънавий даволаш каби ишларнинг ҳақиқати” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Уч киши баҳслашиб қолишди. Улардан бир Замонамизнинг энг сахий кишиси Қайс ибн Саъд ибн Алқамаrdquo, деди. Бошқаси Ҳозирги кунда сахий одам Ароба Авсийrdquo, деди. Улар давоми...

4273 12:30 / 09.12.2018
Марвазийдан ривоят қилинади .Солиҳ зотлардан бири бўлмиш Абу Абдуллоҳнинг ҳузурига Иброҳим Ҳасрийни олиб кирдим. У Абу Абдуллоҳга .Онам сизни тушларида давоми...

4932 08:06 / 27.06.2020
Довуд ибн Иброҳим ҳикоя қилади .Бир шер кечаси ҳажга кетаётган одамларнинг йўлини тўсиб қўйди. Одамлар бирбиридан ажралиб, тоғ томонга тарқалиб кетишди. Саҳар давоми...

4996 08:00 / 02.01.2020
Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот покдир. Албатта, У ўта давоми...

7184 20:00 / 21.03.2020
Аудиолар

211083 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130341 14:35 / 11.08.2021