1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Қора дона (седана) – дардларга шифо

12:19 / 06.12.2018 11122 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Арабча матнларда «ал-ҳабба ас-савдаа» номи ила зикр қилинган нарсани биз сўзма-сўз «қора дона» шаклида таржима қилдик. Чунки ушбу «қора дона» нима экани ҳақида уламоларимиз кўп тортишганлар. Кўпчилик унинг «шунбиз» номли қора рангли дона эканини таъкидлаган. Аслида у қорамтир яшил бўлар экан-у, лекин кўпчилик «қора» сифатини айтишга одатланган экан. У «қора зира», «ҳинд зираси» деб ҳам аталар экан. Бизда «седана» ҳам дейилади. Қадимги ҳадис шарҳи китобларида ва тиб китобларида бу нарсани қандай қилиб ишлатилса, қайси дардга даво бўлиши ҳақида саҳифа-саҳифа маълумотлар ёзилган. Бизнинг мақсадимиз бошқа бўлгани учун бу васфларни четлаб ўтамиз.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: فِي الْحَبَّةِ السَّوْدَاءِ شِفَاءٌ مِنْ كُلِّ دَاءٍ إِلَّا السَّامَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ وَلَفْظُهُ: عَلَيْكُمْ بِهَذِهِ الْحَبَّةِ السَّوْدَاءِ، فَإِنَّ فِيهَا شِفَاءَ كُلِّ دَاءٍ إِلَّا السَّامَ، وَالسَّامُ الْمَوْتُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қора дона ўлимдан бошқа ҳар бир дардга даводир», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган. Термизийнинг лафзи қуйидагича: «Сизлар мана бу қора донани лозим тутинглар. Чунки унда сомдан бошқа барча дардга шифо бор. Сом – ўлимдир».

وَدَخَلَ ابْنُ أَبِي عَتِيقٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَلَى مَرِيضٍ فَقَالَ: عَلَيْكُمْ بِهَذِهِ الْحُبَيْبَةِ السُّوَيْدَاءِ، فَخُذُوا مِنْهَا خَمْسًا أَوْ سَبْعًا فَاسْحَقُوهَا ثُمَّ اقْطُرُوهَا فِي أَنْفِهِ بِقَطَرَاتِ زَيْتٍ فِي هَذَا الْجَانِبِ وَهَذَا الْجَانِبِ، فَإِنَّ عَائِشَةَ حَدَّثَتْنِي أَنَّهَا سَمِعَتِ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: إِنَّ فِي هَذِهِ الْحَبَّةِ السَّوْدَاءِ شِفَاءً مِنْ كُلِّ دَاءٍ إِلَّا مِنَ السَّامِ، قُلْتُ: وَمَا السَّامُ؟ قَالَ: الْمَوْتُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

«Ибн Абу Атийқ розияллоҳу анҳу бир беморнинг олдига кирди ва: «Сизлар мана бу қора доначани лозим тутинглар. Ундан беш ёки олти дона олиб, майдалаб туйинглар. Сўнгра зайтун ёғи билан қўшиб, унинг бурнига – мана бу тарафга, мана бу тарафга томизинглар. Оишанинг менга айтишича, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мана бу қора донада сомдан бошқа барча дардга шифо бор» деганларини эшитган экан», деди. «Сом нима?» деган эдим, «Ўлим», деди».
Бухорий ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифларда «қора дона»нинг ўлимдан бошқа барча дардларга даво экани қайта-қайта таъкидланмоқда. Бу маънони қандай тушунмоқ керак?

Уламоларимиз бу саволга атрофлича жавоб берганлар. Уларнинг ҳамма жавобларида ҳам ушбу ҳадиси шарифлар маъносини сиртдан кўрингандек тушунмаслик кераклиги таъкидланган.

Хаттобий: «Бу ерда умумий гапириб, хусусийни ирода қилиш қоидаси ишлатилган. Бу ерда «ҳамма дардлар» дейишдан рутубат ва балғамдан келиб чиқадиган хасталиклар ирода қилинган», деган эканлар.

Абу Бакр ибн Арабий эса: «Табиблар наздида «қора дона»дан кўра асал барча дардга даво бўлишга яқинроқ. Шундай бўлса ҳам, баъзи хасталикка йўлиққан кишилар асал ичсалар, озор топадилар. Аллоҳ таоло «Асалда одамлар учун шифо бор», деган бўлса ҳам, унинг аксарият ҳоллардаги шифо бўлиши маъносида тушунилгандан кейин «қора дона»ни ҳам шунга яқин маънода тушуниш лозим», деган.

Бошқалар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам давони хастанинг ҳолига қараб туриб васф қилар эдилар. У зотнинг «қора дона» ҳақида айтган гаплари маълум кишиларга тегишли бўлган», деганлар.

Ушбу фикрларни жамлаб, ҳаммаси ҳам тўғри фикр эканини тасдиқласак, яхши иш қилган бўламиз. Яна қўшимча равишда таъкидламоғимиз лозимки, ҳақиқатда, «қора дона» ўша вақтда, ўша муҳитда мавжуд бўлган кўплаб хасталикларга даво бўлганини табиблар тасдиқлаганлар. Ҳозирги замонда эса «Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар ҳайъати» ҳаракати билан ўтказилган илмий баҳслар ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «қора дона» ҳақида айтган ҳадиси шарифлари тиббий мўъжиза эканини тасдиқлади. Бу ҳақида алоҳида китоб ҳам чоп этилди.

“Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Тери сезги аъзосидир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .Оятларимизга куфр келтирганларни албатта оловга киритиб, куйдирурмиз. давоми...

3158 17:30 / 21.07.2020
Инсон танаси, унинг барча қисмлари ҳозирги кунга қадар ҳам охиригача ўрганилмаган ажойиб, мукаммал лойиҳа. Инсон танасининг тузилишини энг замонавий технологик давоми...

7439 16:01 / 26.11.2018
Аллоҳ таоло яратган барча махлуқларини қаерда яшашини ирода қилган бўлса, уларга ўша ерда яшаш учун керак бўладиган барча нарсаларни яратган. Шунингдек, Роббимиз давоми...

2932 12:00 / 16.03.2021
Барча қушларда бош суяк тумшуққа бирлашиб кетган. Аммо қизилиштонда тумшуқ билан бош суяк бирбиридан алоҳида тарзда жойлашган.Шунингдек, у тебранишларни давоми...

2545 10:30 / 15.01.2021