1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Амаки ота кабидир

16:02 / 03.12.2018 4277 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Отаси вафот этганидан кейин мусулмон фарзанд отасининг ака-укаларини худди отасини эъзозлагандек эъзозлаши, уларни ота ўрнида кўриши лозимлиги шариатимизнинг кўрсатмасидир. Бу ҳақда келган шариат таълимотлари Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларида ва улуғларимизнинг сўзларида ўз ифодасини топган.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умар Аббоснинг садақаси ҳақида гапирган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Кишининг амакиси отаси кабидир», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакисидир. Кишининг амакиси эса отаси кабидир ёки отасининг аслидандир», дейилган.

Амаки ота ўрнида бўлиши қадимдан мавжуд бўлган тушунчадир. Ислом дини эса қариндошчилик алоқаларининг яхши бўлишига қанчалик катта аҳамият бергани маълум ва машҳур. Албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларига бўлган олиймақом муносабатлари иймон ва Ислом асосида бўлиши ҳам маълум ва машҳур.

Собитдан ривоят қилинади:

«Умар ибн Хаттоб: «Ким отасига ўлимидан кейин силаи раҳм қилмоқчи бўлса, унинг ака-укаларига силаи раҳм қилсин», деди».

Ҳусайн Марвазий ривоят қилган.

Ота вафот этиб кетди. Бола ўтиб кетган отасига силаи раҳм қилмоқчи. Агар у отасининг ака-укаларига – амакиларига ният билан яхшилик қилса, худди отасига яхшилик қилгандек бўлади. Чунки одатда амакилар доимо жиянлардан катта бўладилар.

Зотан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Отаси йўқнинг отаси амакисидир», деганлар.

Демак, ота йўқ пайтида амаки отанинг ўрнига қолади. Шунинг учун амакиларни эҳтиром қилиш, уларнинг дуосини олиш, уларга яхшилик, эҳсон ва силаи раҳм қилиш худди отага қилган яхшиликлар ўрнига ўтар экан.

Собит Бунанийдан ривоят қилинади:

«Бизга Умар ибн Хаттобнинг «Ким отаси қабрдалигида силаи раҳм қилишни истаса, отасининг ака-укаларига силаи раҳм қилсин», дегани етган».

Ибн Ҳиббон ва Бағавий ривоят қилишган. 

Қаранг, ота-она дунёдан ўтиб кетгандан кейин ҳам фарзандларда уларнинг ҳақлари қолар экан. Фарзанд қабрида ётган отасига ҳам яхшилик қилиши мумкин бўлиб, бунинг учун у отасининг ака-укаларига яхшилик қилиши етарли экан.


“Кексаларни эъзозлаш” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зайнаб бинт Абу Салама розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг отаси Абу Суфён ибн давоми...

2340 09:51 / 12.01.2021
156. Ҳар бир бахтли эркакнинг ортида солиҳа аёл бор.157. Аёл уч кишини ёқтирмайди1. Ўзидан чиройлироқ аёлни.2. Ёшини сўраган кишини.3. Ўтмишини сўраган кишини.158. Бойнинг давоми...

5169 18:36 / 25.04.2017
Аввало инсон қарздор бўлиб қолмаслик учун ҳаракат қилиши лозим. Мўмин банда ҳаётини яхшилаб режалаштириши, иқтисодий ва молиявий ишларни аниқ олиб бориб, давоми...

4404 09:00 / 16.07.2022
Абдурраҳмон ибн Маҳдий айтади .Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳдек қалби юмшоқ инсонни кўрмаганман. Мен кечаси у зотнинг ибодатларини кузатардим. У зот кечанинг давоми...

3023 08:00 / 18.03.2020
Аудиолар

211062 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130323 14:35 / 11.08.2021