1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қуръондаги пайғамбарлар дуолари

09:31 / 05.03.2019 6330 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръонда тилга олинган Пайғамбарларнинг ҳар бири, маълум хусусиятлари билан диққатни тортган қавмларга юборилган. Бу қавмлар ўзларига юборилган элчиларни ёлғончига чиқаришган, уларга нисбатан турли ахлоқсизликлар кўрсатишган. Пайғамбарларнинг вазифаси эса динни билмаган ёки билгани ҳолда тўғри йўлдан оғиб кетган бундай қавмларга ҳақ динни танитиш, уларни Аллоҳга иймон келтиришга даъват этишдир. Бу эса ўта масъулиятли ҳамда машаққатли иш эди. Аммо Аллоҳ Пайғамбарларининг барчаси бундай масъулиятли ишда ўзларига Аллоҳни вакил, мададкор деб билишган. Ҳамма вақт, ҳар онда фақат У Зотга суянишган. Аллоҳ уларнинг бу ахлоқий фазилатларини Қуръонда такрор-такрор васф этган.

Пайғамбарлар ўзларига бу масъулиятли вазифа топширилган вақтдан бошлаб ягона мақсадлари уни гўзал ҳолда мукаммал адо этиш бўлган. Улар бу вазифани бажариш чоғида фақат ва фақат Аллоҳга суянишган, У Зотдан ёрдам, қувват сўраб дуо қилишган. 

Нуҳ алайҳиссаломнинг дуолари

«Биз Нуҳни ўз қавмига, қавмингни уларга аламли азоб келишидан аввал огоҳлантиргин, деб Пайғамбар қилиб юбордик» (Нуҳ,1-оят).

Қуръонда, узоқ йиллар давомида мустаҳкам азму қарор билан қавмини Аллоҳга иймон келтиришга чақирган Нуҳ алайҳиссаломнинг тўғрисўзлиги, ҳалимлиги, марҳамати, сабри мақтаб васф қилинган. У зотнинг ҳар қандай вазиятда Аллоҳга суяниши, Ундан мадад сўраб дуо қилиши мўминларга ибрат қилиб кўрсатилган. Маълумки, Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳни қўйиб лойдан, тошдан ясаб олинган сохта илоҳларга ибодат қилинадиган қавмни дину диёнатга чақириш учун Пайғамбар қилиб юборилган. Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳнинг амрига бўйсуниб қавмларни сохта илоҳларни қўйиб, оламларнинг Роббиси Аллоҳга иймонга келтиришга чақиради. Нуҳ алайҳиссалом қавмларининг асосий қисмини бой кишилар ташкил этарди. Шу сабабли ўз меҳнати билан кун кўраётган оддий одамдан Пайғамбар чиққани уларни ажаблантирарди. Улар ўзларидан «паст» турадиган одамга итоат қилмасликни афзал билишди. Нуҳ алайҳиссалом қавмларидан фақат саноқли кишиларгина иймон келтирди. У ҳам бўлса ўзларига ўхшаш оддий меҳнаткашлар эди. Шундай қилиб Нуҳ алайҳиссалом жами тўққиз юз эллик йил одамларни кечаю кундуз ҳам махфий, ҳам ошкора Аллоҳнинг динига даъват қилдилар. У зот одамларни қанча кўп иймонга чорласалар, шунча кўп Нуҳ алайҳиссаломдан қочишди. Аллоҳдан қавмдаги иймон келтирган кишилардан бошқалари иймон келтирмайди деган хабар келгандан сўнг ҳам Нуҳ алайҳиссалом яна бир бор уриниб кўрдилар. Лекин фойдаси бўлмади. Нуҳ алайҳиссалом ғазабланиб Аллоҳга шундай дуо қилдилар:

«Ва Нуҳ: «Эй Роббим, ер юзида кофирлардан бирорта ҳам ҳаракатланувчини қўймагин. Албатта, Сен уларни тек қўйсанг, бандаларингни адаштирурлар ва фожиру кофирдан бошқа туғмаслар. Роббим, мени мағфират қилгин, менинг ота-онамни ҳам ва уйимга мўмин бўлиб кирганларни ва мўминлару мўминаларни ҳам. Ва золимларга ҳалокатдан ўзга нарсани зиёда қилма», деди» (Нуҳ, 26–28-оятлар).

Аллоҳ Нуҳ алайҳиссаломнинг бу дуосини қабул қилиб рўй берадиган тўфонга қарши тайёргарлик кўриб кема қуришни амр этган. Нуҳ алайҳиссалом атрофида ҳеч қандай денгиз бўлмаслигига қарамай Аллоҳга сўзсиз итоат этиб кема ясашга тушди. У зотнинг қавмидагилар Нуҳ алайҳиссаломнинг бу ҳаракатларини масхара қилдилар.

«У кема ясамоқда. Ўз қавмидан бўлган зодагонлар қачон олдидан ўтсалар, уни масхара қилдилар: У«Агар бизни масхара қилсангиз, биз ҳам худди сиз бизни масхара қилганингиздек сизни масхара қилурмиз. Бас, яқинда кимга шарманда қилувчи азоб келишини ва кимнинг устига муқим азоб тушишини билиб олурсиз», деди» (Ҳуд, 38–39-оятлар).

Нуҳ алайҳиссалом қавмининг барча бу ҳаракатларига қарамай кема қуришда давом этадилар. Охир оқибат Аллоҳнинг ваъдаси ошиб тинимсиз ёмғир қуя бошлайди. Сув кўпайгандан-кўпайиб борарди. Аллоҳ Нуҳ алайҳиссаломга ўзи, аҳли ва мўминларни, ҳамда барча ҳайвонлардан бир жуфтдан олиб кемага чиқишни буюради. Дунёни тўфон босиб қавм ҳалок бўлади. Улар орасида фарзандлари бўлгани боис оталик меҳри жўшиб кетган Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳга шундай нидо қиладилар:

«Роббим, албатта, ўғлим аҳлимдандир, албатта, ваъданг ҳақдир ва Сен ҳукм қилгувчиларнинг энг ҳикматлисисан» (Ҳуд,45-оят).

Бу нидо орқали Нуҳ алайҳиссалом эй Роббим, Сен менга аҳлингни қутқараман, деб ваъда бергандинг, ўғлим аҳлимдан-ку, ўша боламни менга бергин, ўзинг ҳикмат ила ҳукм чиқаргувчи Зотсан, демоқчи бўлганлар. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг бу нидоларига қуйидагича жавоб беради:

«Эй Нуҳ, албатта, у аҳлингдан эмас. Албатта, у яхши амал эмасдир ўзингнинг илминг бўлмаган нарсани зинҳор сўрамагин. Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан», деди (Ҳуд, 46-оят).

Шундан сўнг Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳдан қуйидагича дуо қилиб паноҳ сўрадилар:

«Роббим, мен ўзимнинг илмим бўлмаган нарсани Сендан сўрамоқдан паноҳ тиларман. Агар мени мағфират қилмасанг ва раҳим кўрсатмасанг, зиён кўргувчилардан бўлурман» (Ҳуд, 47-оят).

Қуръоннинг бошқа сурасида Нуҳ алайҳиссалом дуосининг қабул бўлиши қуйидагича баён қилинган:

«Ва Роббисига дуо қилиб: «Албатта, мен мағлуб бўлдим, ёрдам бер», деди. Бас, осмон эшикларини шаррос сув билан очиб юбордик. Ва ердан отилтириб булоқлар чиқардик. Бас, сувлар тақдир қилинган иш учун бирлашдилар. Ва у (Нуҳ)ни тахталари ва михлари бор нарса устига (кемага) кўтардик. У (кема) инкор қилинган шахс (Нуҳ)га мукофот бўлиб, Бизнинг иноятимиз ила юрадир» (Қамар, 10–14-оятлар).

(давоми бор)

«Қуръони каримга кўра дуо» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Яъло ибн Убайддан ривоят қилинади .Муҳаммад ибн Савқанинг олдига кирдик. У шундай деди .Сизларга бир гапни айтаман. Шояд, Аллоҳ сизларга у билан манфаат берса, давоми...

1333 07:10 / 28.05.2019
Назр ибн Исмоил айтади .Бир жанозада Умар ибн Заррни кўриб қолдим. Атрофини одамлар ўраб олишган эди. Маййит қабрга қўйилганда Умарнинг кўзи ёшланди. Сўнгра давоми...

1696 07:10 / 23.05.2019
Аллоҳ таоло дейдиquotУлар жаннатларда ипак шойилардан бўлган, яшнаб турувчи либослар кийиб...quot Қаҳф, 31.quotЛибослари эса ҳарир ипак бўлурquot Ҳаж, 23.Барро ибн Озиб давоми...

3588 21:00 / 30.11.2018
Иккинчи бобАбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ таоло .Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен давоми...

2711 21:00 / 05.05.2019