1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Исломда илмнинг ўрни

06:51 / 09.10.2018 2254 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўтган асрда европаликлар орасида «Ислом дини фикрий ҳаракатларнинг душмани бўлган, барча илмий ва фалсафий ҳаракатларга қарши кураш очган», деган нотўғри фикр тарқалган эди. Ушбу фикрнинг тўғри ёки нотўғри эканлигини Қуръон таълимоти ва тарихий ҳужжатлар асосида исбот қилишга ҳаракат қиламиз.

Ҳақиқатни олганда, илмга қарши уруш очганлар бошқа динларнинг пешволари бўлган. Тарихчиларнинг бир овоздан таъкидлашларича, табиий илм уламолари ўрта асрларда Европада дин пешволари тарафидан қаттиқ таъқиб қилинганлар. Ўша вақтда дин пешволарига ва черков фикрларига тўғри келмаган фикрларни айтган олимлар ва мутафаккирларни суд қилиш учун алоҳида суд ҳайъатлари тузилган. Агар бирор олим черков фикрига тўғри келмаган фикрни айтса, уни тутиб келтириб, тавба қилдиришар ва иккинчи марта бундай гапни айтмасликка аҳднома олар эдилар. Агар ўша олим ўз фикрини иккинчи марта такрорласа, уни тутиб олиб, тириклайин ёқиб юборишар ёки баланд жойдан чуқурликка ташлашар эди. Ўрта асрларда кўпгина улуғ олимлар мана шундай жаҳолат қурбонига айланган эдилар. Мазкур ҳолат узоқ вақт давом этди. Протестант мазҳаби кенг тарқалиб, кўпгина давлатлар унга эргашганидан сўнг бу ҳолат ўз кучини йўқотди. Протестант мазҳаби одамларни ўзига жалб қилиш мақсадида фикр эркинлигига рухсат беришга мажбур бўлган эди. Шундай қилиб, илм ғалаба қилди. Лекин дин пешволаридан азоб чеккан илм эгалари дин пешволарининг ўзидангина ўч олиш билан кифояланиб қолмай, балки диндан ҳам ўч ола бошладилар. Баъзи бир содда диний китобларни мазах қилиб, уларни «ибтидоий жамоа давридаги кишиларнинг фикри» деб атадилар. Қулай фурсат топилиши билан динни ҳурматсизлаш, топташ пайида бўлдилар. Бу иш охири бориб диндан юз ўгириш ва динсизликнинг тарқалишига сабаб бўлди. Ҳаттоки баъзилар «Диндорлик жоҳилликдир», деган фикрга ҳам бордилар. Бу ҳақда тўлиқроқ тасаввурга эга бўлиш учун XIX асрда нашр этилган қомуслардан бирида дин пешволари ҳақида нималар ёзилганига бир назар солишнинг ўзи кифоя: «Маълумки, инсон табиати ақлга тўғри келадиган нарсаларга ишонишни хоҳлайди.  Улар (дин пешволари) «Йўқ!» дейдилар ва инсон ақлини яхши билан ёмонни, адолат билан зулмни ажратиш ҳаққидан маҳрум қилишга уринадилар. Ақл кўзини кўр қилиб бўлганларидан сўнг мўъжизаларни ҳам оддий нарса қилиб, оқни қора, яхшини ёмон қилиб кўрсатаверадилар. Шундай қилиб, дин одамларни кўр-кўрона итоатга чақиради. Агар улардан «Кимга итоат қиламиз, элимизгами ёки табиий вазифаларимизгами, ёки қалбдаги ҳиссиётларимизгами?» деб сўрасанг, улар: «Булар билан ишинг бўлмасин, сенинг вазифанг итоат қилиш», дейишади».

Бу кўпроқ бошқа динларга тегишли гаплар. Аммо Ислом мусулмонларга тараққиёт йўлида юришни фарз қилган, кишиларни илмга ундаган, чунки инсон шахсиятини илмдан бошқа нарса тўғри йўлга сола олмайди, тараққиётга ҳам эриштира олмайди. Илмга қизиқтириш борасида Аллоҳ Қуръони каримда шундай дейди:

ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿﰀ

«Сен: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» деб айт. Албатта, ақл эгаларигина эсларлар» (Зумар сураси, 9-оят).

Бошқа бир оятда илмли кишилар Аллоҳнинг ҳузурида бошқалардан кўра юқори даражада туришлари очиқ-ойдин айтилган:

ﰈ ﰉ ﰊ ﰋ ﰌ ﰍ ﰎ ﰏ ﰐ

«Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни, хусусан, илмга берилганларни даражаларга кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят).

Аллоҳ Ўзининг ягоналигига ҳам илмли кишиларни гувоҳ қилган:

ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ

«Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир» (Оли Имрон сураси, 18-оят).

Мазкур оятда Аллоҳ илмли кишиларнинг шоҳидлигини фаришталарнинг шоҳидлиги билан тенглаштирган. Бу эса илмли кишиларнинг ҳурмати Аллоҳнинг ҳузурида нақадар юқори эканлигини кўрсатади. Аксинча, Қуръон илмсизларни танқид қилади:

ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ

«Аллоҳ билмайдиганларнинг қалбларига ана шундай қилиб тамға босур» (Рум сураси, 59-оят).

Қуръон илмнинг чегараси йўқ эканлигини ҳам баён қилиб ўтган:

ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ

«Ҳар бир илм эгаси устидан ўта билувчи бор» (Юсуф сураси, 76-оят).

Бу оятнинг маъноси: олимлар ўз илмлари билан мағрурланиб, ўз устида ишлашни тарк этмасинлар, доимо уларни ҳам биров танқид қилиб қолишига ўзларини тайёрлаб турсинлар, демакдир. Қуръон мусулмонларни барча нарсанинг ҳақиқатини билиш учун доимо илм пайида бўлишга чақиради:

ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ

«...ва: «Роббим, илмимни зиёда қилгин», дегин» (Тоҳа сураси, 114-оят).

Ислом кишиларни илмга чақириш билан кифояланиб қолган эмас, балки уларга ақлий ва фикрий ҳаракатсизликнинг олдини олиш асосларини ҳам кўрсатиб берган.

“Иймон китоби”дан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Доктор Салоҳ Абулҳож ҳафизаҳуллоҳ ҳасад ҳақида шундай дейди .Ҳасадчи Аллоҳ таолонинг неъматига душман, иродасига кўнмаган ўжар ва қазосидан норози, ғазаб қилган давоми...

951 22:00 / 31.10.2022
Ҳар бир инсон, одам боласи борки, ҳар кечакундузда учта бало, алам ва мусибат билан тўқнаш келади, лекин улардан ўзига ибрат, ваъз насиҳат олмайди.Биринчи мусибат, давоми...

3117 18:00 / 03.08.2021
Аллоҳ таоло айтади .Улар, агар Мадинага қайтиб борсак, албатта азиз хорни ундан чиқарур, дерлар. Ҳолбуки, азизлик Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларига хосдир. давоми...

1432 13:20 / 31.12.2021
Бу дунё ўзининг ёрқинлиги ва жозибаси билан жуда гўзал ва жимжимадордир. Баъзида биз унга шунчалик даражада берилиб кетамизки, унинг қулига айланиб, Роббимизни давоми...

2059 14:00 / 17.03.2022