1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Қўшни ҳақи

15:11 / 25.05.2018 3595 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қўшничилик ҳақ-ҳуқуқлари деганда шариат ва диёнат юзасидан қўшниларнинг бир-бирларига нисбатан риоя қилишлари лозим бўлган вожиблар ва мажбуриятлар тушунилади. Исломда қўшничилик ҳақлари батафсил маънода жуда ҳам кўп, аммо уларнинг бари қуйидаги тўртта асосга бориб тақалади:

1. Қўшнига озор бермаслик ва азият етказишдан тийилиш. 

2. Қўшнини ҳимоя қилиш. 

3. Қўшнига эҳсон-яхшиликлар қилиш. 

4. Қўшнининг озор ва жафосини ҳалимлик ва кечиримлилик билан қарши олиш. 

1. Қўшнига озор бермаслик ва азият етказишдан тийилиш. 

Юқорида қўшнилик мақомида бўлган киши Исломда юксак мартаба ва ҳимояланган ҳурматга эга бўлиши ҳақида гапирдик. Шу боис ҳам қўшнига озор етказиш ҳадисларда қаттиқ қораланади ва қўшнига озор етказувчи кишилар тўғрисида турли огоҳлантириш ва ваъидлар келади. Али Ибн Абу Толиб ўз амакиси Аббосга (Аллоҳ улардан рози бўлсин): “Эй амаки, биродарларингиздаги олижаноблик ва карамдан нима қолди?” - деди. Шунда Аббос ибн Абдулмутталиб: “Ёру дўстларга мурувват қилиш ва қўшнига озор бермаслик”, - дея

жавоб берди. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, қўшнига озор бермаслик олижаноб ва карамли кишиларнинг хислатидир. Қадимги жоҳилият даври араблари ўзларининг шундай хислатлари билан фахрланар эдилар. Ҳудба ибн Хашрам айтади (байт): Дўстни танг қўймасмиз асло, қўл кўтармасмиз аён, Ҳайдамасмиз қўшнига ҳатто чивин, ҳатто чаён. Яъни: “Қўшнимизни шундай қаттиқ ҳурмат қилганимиздан, уни ночор ҳолда ташлаб қўйиш ёки унга зулм қилиш тугул, ҳатто девордаги чаённи ҳам қўшни хонадонга қарата ҳайдамаймиз!”,- демоқчи бўлади. Шоир Лабид эса қўшнининг ўз қўшниси олдида хор бўлишини энг катта бахтсизлик деб билади (байт): Киши қўшниға хор ўлса, қадалғай дилга чун бир ўқ, Бу шундоқ бир мусибатким, будин ортиқ мусибат йўқ.

2. Қўшнини ҳимоя қилиш. 

Қўшнини ҳимоя қилиш қадимги арабларнинг энг асосий фахр-ифтихори бўлиб, шоирлар битган шеърий девонлари бу борадаги мадҳиялар билан тўлиб-тошган. Антара айтади: Ҳар бир изо, ёмонликдин қўшним ҳимоя қилгум, Қўноққа келса гар меҳмон, яшнаб қувончга тўлгум. Хансо эса ўз оғасининг қўшнини ҳимоя қилишдаги диққатга сазовор хислатини улуғлаб, шундай дейди: Фазлинг ила қўшнинг зулму заҳматдин амондурким, Кимса анга жавру азийят етказолмасдур.

Жоҳилият даври араблари қўшниларни ҳимоя килиш борасида шу қадар чуқурлашиб, меъёрни унутдиларки, энди уларнинг бу хислати одамларда чекланиб қолмасдан, одамий бўлмаган қўшниларни ҳам қамрай бошлади. Натижада уйлари атрофига тушган турли жонзотларни ҳам ўзларига қўшни билиб, ҳимоя қила бошладилар. Бир куни Мудлиж ибн Сувайд Тоийнинг чодири атрофига чигиртка ёғилди. Шунда у то ўзлари учиб кетмагунча, бирон кимсага мазкур чигирткаларни овлаш учун изн бермади. Кулайб эса ўз уйи ва чодири атрофида пайдо булиб қолган овланадиган дайди ҳайвонларни шундай ҳимоя қилардики, уларнинг яқинига бирон кимса йўлолмасди.

3.Қўшнига эҳсон ва яхшилик қилиш 

Қўшнилар билан том маънода ҳусни живор – яхши қўшничилик муносабатида бўлиш учун уларга озор бермаслик ёки бировлар азиятидан химоя килишнинг ўзи кифоя қилмайди, балки қўшниларга эзгулик ва эҳсоннинг барча кўринишларини имкон қадар раво кўриш ҳам намунали қўшничилик одобларидан саналади. Ана шу хислатга эга бўлиш кишининг фазли, камоли имони ва садоқатининг белгисидир. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят [9]: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:“Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса, яхши сўзларни гапирсин, йўқса, жим турсин. Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса, қўшнисини иззат-икром қилсин. Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса, меҳмонини иззат қилсин” (Саҳиҳайн).

Ушбу ҳадиснинг “Саҳиҳи Муслим”да келган бошқа ривоятида “Қўшнисини икром қилсин” деган сўз ўрнига “Қўшнисига яхшилик қилсин, эҳсон қилсин” ибораси ишлатилади. Саховат ва фазлу карамда зарбулмасал бўлган Ҳотам Тоий айтади: Агар илкимда молимдин фақат бир жуфт қолар бўлса, Онинг хушроғини қўшнимға, ҳеч шак йўқ, нисор этгум.

4. Қўшнидан етадиган азият ва озорларга сабр қилиш. 

Қўшнига азият ва озор етказмаслик олижаноб кишиларнинг фазлилатидир. Қўшнини ҳимоя қилиш ва унга ёмонлик қилмоқчи бўлган қўл ва тиллардан асраш ҳам улуғ фазилатдир. Қўлдан келганича қўшниларга яхшиликни раво кўриш яна бир фазл ва олижаноблик. Лекин яна тўртинчи фазилат ҳам борки, у чиройли қўшничилик муносабатлари минорасининг энг юқори қавати ҳисобланади. Бу фазилат эгаси бўлиш осон эмас. У ҳам бўлса, қўшнидан содир бўладиган хато ва тойилишлардан кўз юмиш, унинг азият ва жафоларини кечириб, кенгбағирлик билан қарши олишда намоён бўлади. Айниқса, бу нарсалар бехосдан содир бўлса, ёки қўшни қилмишидан надомат чекиб, узр сўраса, у ҳолда бағрикенглик қилиш янада мақсадга мувофиқдир. Қўшни етказган азиятни таҳаммул қилиб, унинг озорига яхшилик билан жавоб бериш энг олий хулқ ва карамли табиат соҳибларининг амалидир. Салафи солиҳлар буни яхши англашган ва унга амал қилишган.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Чиройли қўшничилик азият бермаслик эмас, балки азиятга сабр қилмоқликдир”. Мансур фақиҳ қўшниларидан бирини мақтаб шундай дейди (байт):

Эй Ҳусайн ҳолидан сўргувчи одам,

Мозийда қолдилар ул каби эрлар.

Ундаги хислатнинг энг оддийсин ҳам,

Озор бермай, озор кўтариш дерлар.

Яъни “Ҳусайннинг энг оддий хислатларидан бири ҳам қўшниларга озор бермаслик ҳамда улардан етадиган озорга сабр қилиш эди” дейилмоқчи. Қуйида қўшни ҳақи борасидаги юқорида зикр этилган масалаларга янада кенгроқ тўхталиб ўтамиз, иншоаллоҳ...


Одилхон қори Юнусхон ўғли

 “ҚЎШНИЧИЛИК ҲАҚЛАРИ ВА ОДОБЛАРИ” китобидан



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳга даъват қилган, солиҳ амалларни қилган ва .Албатта, мен мусулмонларданман, деган кишидан кўра гўзал сўзли ким борДунёдаги энг гўзал сўз Аллоҳ таолонинг давоми...

5342 21:32 / 20.02.2018
4567. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи олтитадир,, дедилар..Улар қайсилар, эй давоми...

13225 19:27 / 20.10.2017
Макка ва Мадина шаҳарларида жорий йилдаги ҳаж мавсуми жиддий, нохуш ҳодисаларсиз ўз якунига етди, дея хабар беради Ўзбекистон мусулмонлар идораси расмий давоми...

4315 05:27 / 24.08.2018
4522 r . .4522. Абдуллоҳ ибн Бурайдадан, у киши оталари розияллоҳу анҳумодан бундай ривоят киладилар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

30872 15:01 / 04.11.2017