1440 йил 15 зулқаъда | 2019 йил 18 июль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN AR
Уламолар

Шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон

15:52 / 04.04.2018 2198 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Зиёрат” рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида 1943 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати масъул котиби ва Ўзбекистон қозиси бўлган Шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг ибратли ҳаёт йўллари  билан танишиб чиқамиз.

Шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон

ТАҚДИМ

Шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон (Бобохонов), ўз даврининг йирик дин арбоби, минтақа мусулмонларининг муфтийи эди. У 1908 йили Тошкент шаҳрида улуғ Ислом алломаси Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон хонадонида туғилган. Илк диний сабоқларни аввал отасидан, сўнг Ҳаким қори домла, Баҳодирхон махдум, Шайх Алоуддин, Жамол ҳожи каби устозлардан олган. Ўн икки ёшида Қуръон ҳофизи бўлган. 1920 йили Тошкентдаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган, ҳадис ва фиқҳ илмини ўрганган. 1943 йили ташкил этилган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратига оталари Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон раис, Зиёвуддинхон эса масъул котиб ва Ўзбекистон қозиси қилиб сайланишади. У 1947-1948 йилларда Қоҳирадаги Ал-Азҳар дорилфунунида, сўнгра Макка ва Мадина шаҳарларида таҳсил олиб, ҳадис илмини чуқурлаштиради. 1948 йили минтақа мусулмонлари диний бошқармаси раиси ноиби, оталари вафотидан сўнг (1957 йил) эса раис, муфтий этиб сайланади ва умрининг охирига қадар ана шу вазифада самарали ишлади. У кишининг раҳбарлиги даврида Қуръони карим ва бошқа диний китоб-дарсликлар чоп этилди, Тошкент Ислом маъҳади очилди, мусулмонлар учун журнал, тақвим нашр этила бошлади. У СССР, Иордания, Марокаш, Ливан мамлакатлари мукофотларини олган, бир неча илмий-маърифий, шеърий асарлари бор. 1982 йили вафот этган, қабри Тошкентнинг Ҳасти Имом мавзеъида.

 

Милодий йигирманчи асрнинг иккинчи ярмида шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон бутун Иттифоқда салоҳиятли аллома, етук дин арбоби, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг диний раҳнамоси сифатида шуҳрат қозонган эди. Қози мансабида фаолият юритаётган Зиёуддинхоннинг ота вафотидан сўнг Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий этиб тайинланиши у кишидаги катта ташкилотчилик, дин қайғусида жон куйдириш, мусулмонлар иши учун фидойилик хислатларини айниқса жўш урдириб юборди. Шундан кейин у киши бутун умрини Аллоҳнинг дини хизматига бағишлади, юрт мусулмонлари манфаатини қаттиқ туриб ҳимоя қилди, халқни маърифатли қилиш ишининг бошида турди. Зиёуддин қорининг Ислом дини софлиги, мусулмонлар бирдамлиги, мамлакатда Ислом динини турли бидъат ва хурофотлардан тозалаш, диндорлар ўртасидаги ихтилофли ҳолатларга барҳам бериш борасидаги хизматларини ҳозиргача яхши эслашади.

Шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон 1908 йили Тошкентнинг машҳур Ҳастиимом (Ҳазрати Имом) мавзеъида дунёга келган. Унинг аждодлари ҳам дунё таниган Ислом олимлари бўлишган: катта бобоси шайхулислом Аюбхон Юнусхон ўғли даврининг йирик фақиҳларидан эди, у кўп йиллар Бухородаги “Мўйи Муборак” мадрасасида мударрислик қилган. Бобоси Абдуллоҳ ибн Бурҳон Эшон ҳам ўша мадрасада дарс берган. Отаси Эшон Бобохон Қуръони карим ва Суннати Набавийяни мукаммал билган олим, минтақа мусулмонлари идорасининг ташкилотчиси ва биринчи раиси эди. Зиёуддинхон болалигидан оталари ва устозларидан диний илмларни қунт билан ўргана бошлади. Ўн икки ёшида Қуръони каримни тўла ҳифз қилиб, мураттаб қори бўлди. 1920 йили Тошкентдаги “Кўкалдош” мадрасасига ўқишга кирди. Ўша пайтда мадрасада Шом ўлкасидан илм тарқатиш мақсадида келган атоқли олим, “Шомий домла” номи билан танилган шайх Муҳаммад ибн Саъид ибн Абдулвоҳид Асалий Тароблусий дарс берарди. Шомий домла ёш Зиёуддиндаги иқтидор ва кучли ақл-заковатни пайқаб, унга чуқур илм беришга киришди. Тез орада йигитчанинг беназир истеъдоди юзага чиқиб, у тенгдошлари ўртасида пешқадамлик қила бошлади. Ўзи таҳсил олиш баробарида бошқаларга ҳам билганларини ўргатишга киришди.

Иккинчи жаҳон урушининг авжи қизғин палласида, 1943 йили советлар ҳукуматининг қарори билан собиқ Иттифоқда динга хийла эркинликлар берила бошлади. Тошкентда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси (назорати) ташкил этилди. У кишининг оталари Эшон Бобохон ҳазратлари мазкур бошқарма раиси, муфтий этиб сайланди. Зиёуддин қори эса диний бошқарманинг масъул котиби, кўп ўтмай Ўзбекистон қозиси этиб тайинланади. 1948 йилдан бошлаб эса шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон диний бошқарма (назорат) раисининг ўринбосари сифатида иш бошлайди. Ана шу вазифада у диний бошқарма фаолиятини тубдан яхшилаш, диний таълим беришни такомиллаштириш, исломий адабиётларни нашр этиш соҳасида катта ишлар олиб борди. Зиёуддин қори аканинг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан 1945 йили аввал ёпилиб қолган Бухородаги Мир Араб мадрасаси фаолиятини қайта бошлади, 1971 йили эса Тошкентда олий таълим маскани – Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти очилди. У кишининг бевосита раҳбарлигида Мусҳафи шарифни катта ва кичик ҳажмда чоп этиш амалга оширилди.

Оталари Эшон Бобохон ҳазратларининг вафотидан сўнг шайх Зиёуддинхон 1957 йили у кишининг ўрнига Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси (назорати) раиси, муфтий вазифасига якдиллик билан сайланди. Шундан сўнг унинг янги масжидлар очиш, ҳажга борувчилар учун етарли шароит яратиш, юртимиз мусулмонларининг хориждаги диндошлари билан алоқаларини мустаҳкамлаш, диний нашрларни чоп этиш соҳасидаги фаолияти янада кучайиб кетди. Намоз вақтларини белгилаб берган диний тақвим чиқариш йўлга қўйилди. У киши муфтийлик қилган чорак асрли давр ичида Қуръони карим турли кўринишларда беш марта нашр қилинди.

Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон Ҳиндистоннинг марҳум Бош вазири Лаъл Баҳодир Шастри билан.

Шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон дунёда тинчлик ва мусулмонлар бирдамлигини мустаҳкамлаш, халқлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ўрнатишга бағишланган халқаро анжуманларда фаол иштирок этиб, Ислом умматининг долзарб муаммолари ва вазифалари ҳақида маърузалар қилиш борасида ҳам самарали фаолият олиб борди. У жаҳондаги жуда кўп диний арбоблар, Ислом олимлари билан дўст тутинган эди. Бош муфтийлардан Аҳмад Забара (Яман), Ҳасан Холид (Ливан), Аҳмад Кефтору (Сурия), Муҳаммад Топчиев (Болгария), Тунис президенти қошидаги Ислом ишлари бўйича бошқарма директори шайх Мустафо Камол Тарзий, Франция мусулмонлари раҳбари Абу Бакр Ҳамза ва бошқалар билан мунтазам дўстона муносабатлар ўрнатган эди.

Шу ўринда Зиёуддин қори ака ҳақида Сурия бош муфтийси шайх Аҳмад Кефторунинг мана бу фикрларини келтириб ўтиш ўринлидир: “Мен ҳазрат Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохонни ўзи яшаётган улкан ҳудудда Ислом ғояларига умр бўйи содиф қолган инсон сифатида биламан. Аллоҳ таоло уни донишмандлик, теран тафаккур, катта қалб ва чуқур билимдан баҳраманд этган эди. У кучли диёнат эгаси, одамларни ҳақ йўлга даъват этишда фаол, чинакам жасур олим эди. У ўз ҳаётини батамом дин хизматига бағишлаб, барча диндорлар қалбида ўчмас из қолдирганди, юксак ахлоқи, поклиги ва ҳақгўйлиги билан ажралиб турарди”. 

Бундан ташқари, шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон Бутунжаҳон Тинчлик қўмитасининг аъзоси сифатида қизғин фаолият олиб борди. У 1955 йилги Осиё жамоат арбобларининг Деҳли конференциясида, Ислом Конгрессининг  1962 йилги Бағдод сессиясида, Қоҳирадаги Ислом тадқиқотлари академиясининг 1971 йилги еттинчи конгрессида, 1976 йили Маккада бўлган Масжидлар Олий кенгашининг сессиясида, Осиё мусулмонларининг 1978 йилги Карачида бўлган биринчи конференцияси ва бошқа халқаро анжуманларда қатнашиб, мазмундор нутқлар сўзлаган. Диний бошқарма ва шахсан Зиёуддин қори аканинг ташаббуси ҳамда ҳаракатлари натижасида 1974 йили буюк муҳаддис Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг 1200 йиллиги муносабати билан Халқаро илмий анжуман, 1979 йили Тожикистон пойтахти Душанбеда, 1980 йили Тошкентда “Ҳижрий 15-аср халқлар ўртасида тинчлик ва дўстлик асри бўлсин” мавзуида йирик Халқаро Ислом анжуманлари ўтказилди.

Қори аканинг бевосита бошчилигида диний адабиётларни нашр этиш ишлари янги поғонага кўтарилди. У киши иштирокида Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” ҳадислар тўплами араб тилида босилди, Имом Термизийнинг “Шамойили Муҳаммадий” китоби арабчадан ўзбек тилига ўгирилиб, нашр қилинди. 1980 йили академик У. Каримов билан ҳамкорликда Абу Али Ибн Синонинг “Гигиена ҳақида трактат” рисоласи нашрга тайёрланди. Муфтий ҳазратлари Футуҳий тахаллуси билан гўзал шеърлар ҳам ёзган.

Зиёуддин қори аканинг фарзандлари ҳам ота-боболар изидан бориб, билимли ва дин хизматига камарбаста инсонлар бўлиб етишишди. Катта ўғиллари Шамсиддин Бобохонов олий маълумот олган, араб тилшунослиги бўйича номзодлик диссертацияси ёқлаган таниқли мутахассис эди. У киши Тошкент Ислом институти проректори, ректори, етти йил мобайнида минтақа мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий сифатида фаолият олиб борди. Бошқа фарзандлар ҳам олимлар сулоласига муносиб авлодлар бўлиб камол топишди.

Шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон Ислом равнақи ва мусулмонлар бирдамлиги йўлидаги катта хизматлари учун икки марта биринчи даражали “Иордания юлдузи” ордени, кўкрак нишони, биринчи даражали “Ливан қарағайи” ва “Ливан юлдузи” орденлари, Марокашнинг “Буюк мутафаккир” олий ордени, собиқ Иттифоқнинг “Ҳурмат белгиси” ва “Халқлар дўстлиги” орденлари билан тақдирланган эди. У киши ҳақида “Замонамиз уламолари”, “Сўнмас зиё”, “Эътиқодга бағишланган умр”, “Шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон” каби хотира китоблари ёзилган.

Бутун умрини мамлакатда Ислом дини равнақи ва мусулмонлар манфаати йўлидаги хайрли ишларга бағишлаган муфтий Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон 1982 йил декабрида Тошкентда вафот этди. Жанозасини Ўзбекистон қориларининг устози Абдулазиз қори Маҳмудов ўқиган. Муфтий ҳазрат Ҳазрати Қаффол Шоший мақбарасига, оталари Эшон Бобохон ёнида дафн этилган.

Аҳмад МУҲАММАД.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Устозлар ҳақида сўз кетар экан, юртимизнинг улуғ фарзанди, буюк аллома, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтамиз. Бу давоми...

1561 05:00 / 06.03.2017
У киши имом, ҳофиз, муҳаддис, тарихчи бўлиб, асл исмлари Исмоил ибн Умар ибн Касир адДимашқий ашШофиий, кунялари эса Абулфидодир. 700ҳижрий, милодий 1301 йилда Шомдаги давоми...

1541 22:16 / 27.04.2017
Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий 1114 ҳ.й.нинг 14 шавволида пайшанба куни Деҳлидаги Пухлат қишлоғи Музаффарнагар маҳалласида таваллуд топган.Унинг тўлиқ исми mdash Аҳмад давоми...

1316 22:00 / 27.04.2017
Бу улуғ имомнинг тўлиқ исмлари Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Тусий Абу Ҳомид Ғазолий. У киши Тус вилоятининг ҳозирги Машҳад Тобарон номли шаҳарида 450 ҳ.с.да давоми...

1886 21:59 / 27.04.2017
Топ рейтинг www.uz Openstat